Линклар

Россия нима учун Эронга ракеталар сотишга қўйилган тақиқни олиб ташлади?


Россиялик бу йигит 2014 йили Подмосковьеда ўтказилган ҳарбий кўргазмада С-300 зенит-ракета мажмуалари олдида президент Путин ва бош вазир Медведев акси туширилган байроқни тутиб турибди.

Россиялик бу йигит 2014 йили Подмосковьеда ўтказилган ҳарбий кўргазмада С-300 зенит-ракета мажмуалари олдида президент Путин ва бош вазир Медведев акси туширилган байроқни тутиб турибди.

Россиянинг Эронни С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаши кўпдан бери келишмовчиликларга ва зиддиятларга сабаб бўлиб келади. Россия президенти Владимир Путин бу тизимларни Эронга сотишга қўйилган тақиқни бекор қилувчи фармонни имзолаганидан кейин Москва ниҳоят ўз сўзи устидан чиқишини кутса бўладими?

Рус расмийларининг баёнотларидан Москва Эронга бу тизимларни етказиб бериш ҳақида жиддий ўйлаётгани ҳақида хулоса қилиш мумкин. 13 апрель куни Президент Путин имзолаган фармонга биноан энди Эронга С-300 тизимларини етказиб беришга ҳеч нима тўсқинлик қилмайди. Путиннинг фармони халқаро санкцияларни юмшатиш эвазига Теҳроннинг ядровий дастурини қисқартириш борасида Эрон билан дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида битим имзоланишидан бир неча ҳафта ўтиб эълон қилинди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, бу тизимларни етказиб бериш Эронга айрим қуролларни сотишни маън қилувчи БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига зид эмас. Агар Эрон С-300 тизимларини қўлга киритса, мамлакат ўз ядровий иншоотларини анча яхши ҳимоя қила олади.

Интерфакс агентлиги Россия мудофаа вазирлиги, агар Теҳронга бу тизимларни етказиб бериш бўйича “сиёсий қарор” қабул қилинадиган бўлса, вазирлик дарров бу ишни амалга оширишга тайёр экани ҳақида хабар берди.

Гарвард университети қошидаги Беллер фан ва халқаро алоқалар марказининг хавфсизлик бўйича мутахассиси Симон Сараджян Озодлик билан суҳбатда Россия тўсиқни бекор қилиб, кетидан С-300ларни етказиб бермаса, “жуда қизиқ” бўлишини айтди.

Мудофаа ишлари бўйича мутахассис Руслан Пухов эса Путиннинг бу ҳаракати Россия учун геосиёсий пишангни қўлга киритишга қаратилган, деб ҳисоблайди.

“Тўсиқни бекор қилгани бу ракета сотади, дегани эмас. Бу асосан АҚШ ва Исроилга қарши ишлатиладиган пишангдир”, деди Пухов Finacial Times билан қилган суҳбатида.

Путин фармони Эронга С-300 етказиб бериш бўйича эришилган 800 миллион доллар қийматга эга 2010 йилги келишувни қайта тиклаши мумкин. Бу келишувни ўша пайтдаги президент Дмитрий Медведев бекор қилган эди.

Ўша йили қабул қилинган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига мувофиқ Медведев томонидан имзоланган фармон Эронга “уруш танклари, зирҳли машиналар, катта калибрли артиллерия тизимлари, жанг самолётлари, ҳужум қилувчи вертолётлар, ҳарбий кемалар, ракета ёки ракета тизимларини” етказиб беришни маън қилган эди.

Эрон бунинг ортидан Швейцарияда жойлашган судга 4 миллиард доллар компенсация сўраб мурожааат қилганди. Россия эса бекор қилинган келишув қийматига тенг бўлган 800 миллион доллар компенсация беришни таклиф қилди.

Россиянинг Эронни С-300 тизимлари билан таъминлаши деярли ўн йилдан бери турли миш-мишларга сабаб бўлиб келмоқда.

Рус матуботига кўра, Теҳрон ўзининг Бушеҳр атом электр станциясини ҳимоя қилиш учун ракета тизимларини ва бошқа қуролларни сотиб олиш учун Россияга 2003 йилда мурожаат қилган.

Ўтган ўн йил давомида Эрон расмийлари ва рус манбалари С-300 тизимларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берди. Эрон расмийлари тизимларни яқинда олишларини ёки аллақачон олганларини таъкидлашган. Рус расмийлари эса бу хабарларни мунтазам равишда рад этганлар.

Пировардида тизимлар Эронга етказилмади ва Вашингтон Россиянинг бу ишини олқишлади.

АҚШ расмийлари 13 апрель куни Путиннинг Эронга С-300 етказиб беришга қўйилган тўсиқни бекор қилишини қоралади. Оқ Уй матбуот котиби Жош Эрнест бу қарор Эронга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига таҳдид солиши мумкинлигини айтди.

АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марие Ҳарф эса АҚШ расмийлари Россия Эронга ракета тизимларини етказиб берган тақдирда ҳам БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва Германия ўз қарорларини ўзгартирмасликларига ишонишларини айтди.

Саражян Путиннинг қарорини Медведев С-300 бўйича келишувни бекор қилиши сабаб ёмонлашган алоқаларни яхшилашга қаратилган ҳаракат, дея баҳолади. Саражян яна бу қарор Москва Эрон билан ядровий дастур бўйича келишув имзоланишидан қатъи назар, Теҳрон билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини кўрсатишини қўшимча қилди.

Карл Шрек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG