Линклар

logo-print

“Исломий Давлат” гуруҳи тарқатган янги тарғибот ролигида жангарилар АҚШга ҳужум уюштирилишини айтиб таҳдид қилди. Видеода Америка фуқароларини хавф-хатар кутаётгани айтилади.

11 дақиқали видео “Биз Американи ёқиб юборамиз” деб номланади. Роликда 2001 йилнинг 11 сентябрида террорчилар томонидан Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак биноларига қилинган ҳужум ҳамда 2014 йили Оттавада - Канада парламенти биносида содир бўлган отишма қайта-қайта кўрсатилган.

“Америка географик жойлашуви туфайли ўзини хавфсизман, деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам, кўриб турганингиздек, мусулмон ўлкаларга бостириб киради ва жиҳод армияси ўз ерларига етиб бормайди, деб ўйлайди”, дейилади видеода.

Кадр ортидаги овоз: “Америкаликларнинг хавфсизлик ҳақидаги орзулари саробга айланди. Бугунги кунда ер юзида ҳеч бир америкалик учун бехатар жой йўқ”, деб сўзлайди.

“Исломий Давлат” жангарилари АҚШ фуқароларига ҳужум қилганини кўрсатиш учун видеодан америкалик журналистлар Жеймс Фолей ва Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо қилингани акс этган мудҳиш тасвирлар ҳам ўрин олган. Видеода яна “Жиҳодчи Жон” лақабини олган британиялик жангари Муҳамман Эмвази ҳам кўрсатилган. Эмвази асирлар боши танасидан жудо қилингани акс этган бир неча видеонинг қаҳрамонидир.

Янги видеонинг асосий ғояси “Исломий Давлат”нинг АҚШ учун Ал-Қоидадан кўра анча катта хавф туғдиришидир.

“Исломий Давлатдан кўра камроқ имкониятга эга бўлган мужоҳидлар 9 сентябрь ҳужумларини амалга оширдилар”, дейилади видеода, - “Аллоҳ иродаси билан мужоҳидлар ҳозир аввалгидан кўра анча кучли ва кўпроқ ресурсга эга”.

Роликдан “Исломий Давлат” жангариларининг бир гуруҳ сурияликни қатл қилаётгани тасвирланган видео ҳам ўрин олган.

Тасвирлар орасида иорданиялик учувчи Муаз ал-Касасбеҳнинг тириклайин ёқиб юборилгани ҳам бор.

Видеода яна Ироқ ва Суриядаги “Исломий Давлат” жангариларининг замонавий қурол-аслаҳалардан фойдаланаётганини кўриш мумкин.

Унда 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган Charlie Hebdo ҳажвий журнали таҳририятидаги ҳужум ҳам тилга олинади. Бу ҳужумдан икки кун ўтиб Париждаги озиқ-овқат дўконида тўрт кишини ўлдирган Амед Кулибали ҳам кўрсатилган.

“Ана қандай қилиб Европа ҳозирги аҳволига тушди. У ерда ҳозир хавфсизлик йўқ. Аллоҳ изни билан яқинда Америка ҳам шу аҳволга тушади”, дейилади видеода.

Бу видео Сурия ва Ироқда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ҳужумлари давом этаётган бир пайтда чиқарилди.

Ўтган ой охирида Ироқ ҳарбийлари “Исломий Давлат” жангариларини Тикрит шаҳридан сиқиб чиқарди. Бу жангарилар шу кунгача учраган энг катта мағлубиятдир. Сурияда эса курд жангчилари сўнгги бир неча кун ичида Раққа вилоятида жангарилар томон силжишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG