Линклар

Блог: Ўзбекистонда осон ва тез бойиш йўллари


Россияда миллионлаб ўзбек муҳожирлари меҳнат қилади

Россияда миллионлаб ўзбек муҳожирлари меҳнат қилади

Ургутлик қадрдон курсдошим бор.

Ҳали Совет Иттифоқи парчаланмасдан бурун талабалар орасида топарманлиги билан ном чиқарганди.

Ҳамма уни орқаворотдан "Купец" деб чақирарди.

Қўлидан келмайдиган ҳунари йўқ эди унинг.

Бир қарасанг, "Вузгородок" номи билан машҳур талабалар шаҳарчасида, милисалар билан келишган ҳолда, Ургутдан қопда келтирган нашасини пулларди, бир қарасанг, афғон танишларининг алвон-алвон матоҳларини талаба қизларга метрлаб сотарди.

Биз имтиҳонларни топшириш ғамида бошни китобдан кўтармасдик, “Купец” бўлса, гоҳ “Зарафшон”, гоҳ “Ўзбекистон” ресторанларида майхўрлик қилиш билан овора эди.

Имтиҳонларни эса ҳаммадан олдин “аъло”га топширарди.

Бу сафар домлага фалон сўм бердим, дерди у ҳар гал.

“Купец”нинг билган бир мақоли бор эди: “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”.

Замонга мос яшашга ҳаракат қиларди у.

“Ҳали қараб туринг, Ўзбекистоннинг мана-ман деган бойига айланаман,” дерди менга.

Гапини бўлмасдим. Ўзига-ўзига далда бераётганини тушунардим.

Даврий машғулот

Ўзбекистонда халқ доимо ўзини бир даврий машғулот билан овутиб юради.

“Купец” ана ўша даврий машғулотларнинг бошланишини бошқаларга қараганда тезроқ дарк этарди, менимча.

Мустақил Ўзбекистон тарихини ҳам ана шу машғулотларга қараб таснифлаб чиқиш мумкин.

90-йиллар бошида бутун бошли Ўзбекистон 1900 йилларда Германияда чиққан “Зингер” русумли тикиш машинасини излашга тушди.

Баъзи миш-мишларга қараганда, Қизиллар Армиясидан қочмоқчи бўлган рус зодагонлари ўз олтинларини “Зингер” машинаси ичига қуйиб, четга олиб чиқишга уринган экану улардан 300га яқини собиқ Совет Иттифоқида, жумладан Ўзбекистонда қолиб кетган экан.

Айримлар эса “Зингер” машинаси ичида қимматбаҳо тошнинг борлигига ишонарди.

Собит иш, барқарор даромад бўлмаган Ўзбекистонда аҳоли тез ва осон бойиб кетиш умидида яшайди.

"Зингер" варажаси бошланар-бошланмас, курсдошим "Зингертопар"га айланди.

Бу ёғи Сурхандарёю Қашқадарёга, у ёғи Қўқону Андижонга одам юбориб, "Зингер" машинасини қидиришга тушди.

Лекин, бир неча ой ўтгач, "Купец"ни афтода кайфиятда кўрдим.

“Бу "Зингер" деган занғар қолмапти Ўзбекистонда, ҳаммасини Исроилга олиб кетишибди," деди астойидил куюниб.

Орадан бир мунча вақт ўтиб, машина қидирувчилар ҳовурдан тушди.

Ўзбекистонда энди ҳамма ҳайвон териси тўплашга тушганди.

Тошкенту Наманганда, Хоразму Қорақалпоғистонда турк ишбилармонари тери ошлаш корхоналари оча бошлашди.

"Зингер" топишда омади кулмаган “Купец” тезда туркиядан бир шерик топиб, у билан Тошкент биқинидаги Назарбекда тери тўплаш ва ошлаш цехини очди.

Икковлон Туркияга тузланган қўй ва қорамол териларини юборишни йўлга қўйди.

Ишлари энди юриша бошлаган эди, тўсатдан “Купец”нинг турк шеригини “ноқонуний валюта алмаштириш”да айблаб, Тоштурмага тиқиб қўйишди.

“Купец” жонини жабборга бериб, йиққан бор будини тўплаб, шеригини судга қолмай чиқариб олди.

Бир неча ой қамоқда ўтириб, битлаб кетган турк корчаллони “энди Ўзбекистонни елкамнинг чуқури кўрсин”, дедию ватанига қайтди.

“Купец”нинг бу гал ҳам омади юришмаганди.

Тушкунликка тушиб, тери бизнесидан кўрган даромадига Тошкентда сотиб олган квартирасидан остона хатламай қўйди.

Аммо, унинг узлати узоққа чўзилмади.

Варажалар узвийлиги

Бир неча ой ўтар-ўтмас Ўзбекистонда, таъбири жоиз, янги “ваража” қўзий бошлади.

Энди шифокору бастакор, деҳқону чўпон, машшотаю тарроҳ ҳовлима-ҳовли юриб, алюминий қидиришга тушганди.

Айтишларича, Қозоғистон заводлари қиммат нархга улгуржи алюминий сотиб олаётганди.

“Алюминийқуварлар” ер остидан тортиб столбага қадар алюминий симларини тўплай бошлади.

Ҳатто, халқ орасида уларга “алюминий ўғрилари” деган ном ҳам қўйилганди.

Табиийки, бизнинг “Купец” ҳафта эмас, кунора Қозоғистонга қатнашга тушди.

Тиним билмасди у.

Жазирама иссиқда Қозоғистонга бориб-келавериб,бояқиш қорайиб кетганди.

Унинг бу сайри ҳам узоққа чўзилмади: Ўзбекистон божхона ва чегарачилари сарҳадларда назоратни кучайтирди.

Борди-келди оддий йўловчиларга ҳам қийинлашиб кетди.

Турк ҳамкори кўргуликларидан юрак олдириб қўйган “Купец” тезда ўзига бошқа машғулот топди.

Бу пайтга келиб Ўзбекистонда “ғалла мустақиллиги” шиори халқ тилига кўчганди.

Давлат телевидениеси ва радиоси тиним билмай “ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ” қабилидаги шиорлар билан халқни нонвойхоналар очишга даъват қиларди.

Ҳаш-паш дегунча Тошкентнинг ҳар бир даҳасида турли туман пишириқлар тайёрлайдиган камида икки-учта ҳашаматли “Пекарня”лар қад кўтарди.

Тошкент ортидан бошқа шаҳару туманларда ҳам “янги нонвойчилар” пайдо бўлди.

“Купец”, бир четда турмай, ўзи ўсган туманда “пекарня” очди.

Аммо, “ғалла мустақиллиги” ҳам узоққа чўзилмади.

У қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай тез тилдан қолди.

Энди халқ ўзига янги “машғулот” топганди.

Ўқитувчию маҳаллабоши, муҳандису меъмор, миршабу миришкор “фермер бўламан”га тушганди.

Бизнинг “Купец” даров фермер хўжалигини очди.

Бу гал аниқ бой бўлиб кетаман, дерди у ўзига сидқидилдан ишониб.

Ҳокимият буйруғи билан “Купец” баҳорда пахта экди, кузда давлат белгилаган нархда етиштирган пахтасини давлатнинг ўзига топширди.

Лекин, қўйилган режани бажара олмади.

Камига Тошкентдаги квартирасини сотиб, ўз жонини зўрға қутқарди.

Бу кўргулик аксар фермерлар бошига тушганди.

Улар бирин-кетин касодга учрай бошлашди.

“Купец” эса Россияга кетди.

“Ўғлим ҳам менга ўхшаган аълочи”

Ўтган ҳафта у билан гаплашдим.

Россиянинг энг йирик шаҳарларидан бирида “похоронная служба” очибди.

Ойига беш-олти минг доллар топаяпман, ўртоқ, деди “Купец” дилдан завқланиб.

“Россияда кимсан ўзбек кўп, кунига уч-тўрттасини Ўзбекистонга жўнатиш керак, бири қурилиш пайти юқоридан қуласа, иккитасини скинхедлар пичоқлашади. Ўлганлар яқинлари мажбур менинг ёнимга келишади, сўраган пулимни топиб беришади,” даромад сирлари билан ўртоқлашди “Купец”.

Ортидан қўшиб қўйди: “Ўртоқ, ўғлим ҳам ўзимга ўхшаган аълочи. Тошкентда санъат институтида ўқийди. Имтиҳонларни ҳаммадан олдин топширади”.

Уни тингларканман, яқинда Тошкентдан келган дўстим сўзлари ёдимга тушди:

“Бугун Ўзбекистонда ҳамма артист".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG