Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Қашқадарёда гаров учун ўғирланган талаба икки кундан сўнг топилди


Қашқадарё вилоят Ғузор туман саноат транспорт касб-ҳунар коллежининг бедарак кетган талабаси 19 апрель куни топилди. Ғузордаги манбаларга кўра, номаълум шахслар талаба йигитни ўғирлаб кетиб, уни озод қилиш эвазига 5000 АҚШ доллари миқдорида гаров пули талаб қилишган. Жиноят-қидирув бўлими ходимлари талабани икки кундан сўнг топиб, ота-онасига топширган.

Ғузорнинг Ярғунчи қишлоғида яшовчи 18 яшар талаба йигит Э.Б.нинг исми шарифи Озодликка маълум. Бироқ тергов-суриштирув ишлари кетаётгани боис унинг исмини очиқламаймиз.

Талаба йигит 17 апрель куни ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабар Озодликка 19 апрель куни етиб келди.

“Ярғунчи қишлоғида яшовчи, коллежнинг 3-курс талабаси икки кун аввал ўғирлаб кетилди. Уни озод қилиш эвазига 5000 доллар пул сўрашди. Оиласи молиявий танқисликда яшайди. Оила аъзолари шок ҳолатида”, дея хабар йўллади ғузорлик манба.

Воқеадан хабардор бошқа бир манбага кўра, 18 яшар талаба йигит Ғузор туман саноат транспорт касб-ҳунар коллежининг учинчи курсида ўқийди ва уни милиция ходимлари 19 апрель куни топиб, уйига қайтаришган:

“Ғузор туман Ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими ходимлари талаба йигитни топишди. Топиб, ота-онасига топширишди. Ҳозир уйида”, деди тафсилотлардан хабардор манба.

Манбанинг айтишича, талаба йигит "17 апрель куни милиция бўлимидан паспортимни олиб келаман" деб, Ярғунчи қишлоғидан Ғузор туман марказига кетган ва қайтиб келмаган:

“Уйидагиларга номаълум шахслардан СМС келган. Телефон орқали жўнатишган СМСни. СМСда талаба йигит учун 5000 доллар сўрашган. СМС талабанинг опасига ҳам келган. Икки марта ёзишган. Кейин ота-онаси милицияга хабар беришган”, деди ғузорлик манба.

Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, талабанинг йўқолгани ҳақидаги хабар келгач, Ғузор туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари талабани қидиришга киришган:

“СМСда пулни Ғузордаги автовокзалга олиб келиш сўралган. Милиция ходимлари пулни олиб, вокзалга боришди. Кечгача кутишди. Ҳеч ким келмагач, қайтиб келишди”, деди Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Унинг айтишича, икки кун ўтгач, милиция ходимлари талаба йигитни топиб, уйига қайтаришга муваффақ бўлган:

“Талабанинг қаерда бўлгани номаълум. СМС номаълум телефон рақамидан келган. У ерда "мафиядан" деган ёзув бўлган. Ҳозир СМСни жўнатган рақамни топиш учун Тошкентга запрос жўнатилди”, деган манба бошқа тафсилотларни очиқламади.

Ғузордаги ушбу воқеа тафсилотларидан хабардор манбага кўра, талаба йигитнинг ўғирланишида, унинг ўгай акаси гумонланилмоқда:

“Ота бир, она бошқа ўгай акаси аввал ҳам бу болага нисбатан бир неча бор қўполлик қилган экан. Уни урган. Тошкентга олиб бориб, ишлатиб, пулини бермаган экан. Шунга ўгай акасидан гумонланишмоқда”, деди ғузорлик манба.

Ҳозирда 18 яшар талаба йигитнинг бедарак йўқолиши ва унинг учун гаров пули сўралиши бўйича жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG