Линклар

ЕИ дипломатлари Ўртаер денгизидаги кема ҳалокатини муҳокама қилади


Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини Ливия қирғоғида кема ҳалокати туфайли Африка ва Яқин Шарқдан Европага келаётган юзлаб муҳожир нобуд бўлганидан кейин ЕИ ташқи ишлар вазирлари ошиғич мажлисга йиғилишга қарор қилганларини билдирди.

БМТ қочқинлари ишлари бўйича олий комиссарига кўра, Европага йўл олган ва ичида 700 чоғли одам бўлган кема 18 апрелдан 19 апрелга ўтар кечаси Ўртаер денгизида ҳалокатга учраганидан кейин элликка яқин одамгина қутқариб қолинган.

Аввалроқ бу ҳалокат пайтида 28 киши қутқарилгани ҳақида хабар тарқаган эди. Бироқ, сўнгги маълумотларга кўра, қутқарувчилар Италиянинг Лампедуза ороли яқинида сувдан чиқариб олинган яна йигирмага яқин хушсиз одамни ҳаётга қайтаришга муваффақ бўлганлар. Мальта бош вазири Жозеф Мускат қутқарувчилар сув юзида қалқиб юрган таналар орасида тирикларни топиш ишида фидокорлик кўрсатганларини айтди.

Агар юзлаб одам нобуд бўлгани тасдиқланса, бу Ўртаер денгизида содир бўлган энг мудҳиш ҳалокат сифатида тарихга киради ва бу Европага кетаётиб, денгизда чўкиб ўлган кишилар сони камида 1500 га етганини англатади.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу воқеани “атайлаб уюштирилган фожеа” ўлароқ баҳолади.

Могерини мазкур масала европалик дипломатлар томонидан 20 апрель куни Люксембургда муҳокама қилинишини билдирди.

- Биз “бундан буён ҳеч қачон бунақа фожеа рўй бермайди”, деб жуда кўп марта айтганмиз. Эндиликда Европа Иттифоқи бу каби фожеаларнинг олдини олиш учун шошилинч қарор қабул қиладиган вақт келди, - деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини.

XS
SM
MD
LG