Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Эронда арабларга қарши кайфият кучаймоқда


Эрон Олий руҳонийси Али Хоманаий яқиндан бери араблар ҳақида ҳақоратли мулоҳаза билдира бошлади.
Эрон Олий руҳонийси Али Хоманаий яқиндан бери араблар ҳақида ҳақоратли мулоҳаза билдира бошлади.

Ўтган ой Саудия Арабистонининг Жидда аэропортида икки эронлик шаҳвоний хатти-ҳаракатлар қурбони бўлгани ҳақида хабарлар тарқаганидан бери эронликлар ғазаб отига миниб, мамлакатда аксилараб кайфият кучайиб келмоқда.

Эронлик икки йигит Умра зиёратини якунлаб, уйга қайтаётганида араб хавфсизлик хизмати ходимлари уларга тажовуз қилгани иддао қилинди. Бу воқеа тафсилотлари очиқланмади. Эроннинг айрим расмийлари зиёратчилар таҳқирланмаганини айтиб, бу воқеага эътибор бермасликка чақирди.

Аслида нима бўлгани номаълум бўлса-да, бу воқеа ҳақидаги хабарлар кўплаб эронликларнинг араблар ҳақидаги салбий қарашларини оловлатиб, ғазабини жўштирди.

Президент Ҳасан Руҳоний бу воқеани тафтиш қилишни буюрди. Эрон ташқи ишлар вазири эса Саудия элчисидан изоҳ талаб қилди.

13 апрель куни Эрон Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига Умра зиёратига олиб борадиган рейсларни бекор қилди. Ўтган бир неча кун ичида минглаб эронлик аксилараб намойишларига чиқди. Намойишчилар Саудия Арабистони расмийларидан аэропорт зобитларини қатл қилишни талаб қилмоқда. Улар яна Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасини ёпишга чақирмоқдалар.

Эронликлар нафақат Саудия Арабистони халқини, балки барча арабларни қораламоқда. Эронликлар Twitter ва Facebookда қаҳр-ғазабларини изҳор қилар эканлар, уларнинг араблар ҳақидаги стереотиплари юзага чиқди.

Энг юмшоқ ҳақоратлар орасида “калтакесакхўрлар”, “чигирткахўрлар” ва “туя сутини ичувчилар” каби сўзлар бор. Бошқалар эса арабларни “очкўз”, “ишониб бўлмайдиган”, “қолоқ” ва “радикал” деб таърифлади.

Эрон стереотипларида араблар форс маданиятини ўзлаштирган қолоқ, чўлда яшовчи халқ сифатида гавдаланади. Айрим эронликлар VII асрда арабларнинг форс ерларини босиб олганига ёмон назар билан қарайди. Ўша даврда араблар ҳудудга Ислом динини олиб келган ва қадимги форс маданияти инқирозга учрашига сабаб бўлган.

Британиядаги Бирминҳем университетида ишлайдиган Эрон бўйича мутахассис Скотт Лукас эронликлар арабларни “сиёсий масъулиятга эга бўлмаган ва ноқонуний ҳукуматларга бўйсунадиган одамлар” сифатида кўришини айтди.

“Эрон ҳар доим “ҳудудда фақат бизда қонуний сайловлар ўтказилади”, дейди. Арабларнинг иқтисодий жиҳатдан ҳарис экани ҳақида стереотиплар бор. Кимнинг маданияти устун экани ҳақидаги тортишувлар бўлса тугамайди”, дейди Скотт Лукас.

Скоттнинг айтишича, ҳатто Эрон расмийларида ҳам араблар ҳақида бунақа қарашлар борлигини кузатиш мумкин.

9 апрель куни Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий араблар ҳақида ҳақоратли мулоҳаза билдира бошлади.

Олий раҳбар Саудия Арабистони лидерларини “тажрибасиз ўспиринлар” деб атади ва мамлакатни “қолоқ”, дея таърифлади. У яна Риёдни “ёввойилик”да айблади.

Жиддадаги воқеа Риёд ва Теҳрон ўртасида дипломатик танглик авж олаётган бир пайтда рўй берди. Икки мамлакат Ямандаги тўқнашувлар бўйича қарама-қарши фикрга эга. Саудия етакчилигидаги коалиция шиа исёнчиларини бомбардимон қилмоқда. Эрон эса бу исёнчиларни дастакламоқда.

Саудия Арабистони сунний Исломнинг ваҳҳобийча талқинини тарғиб қилади. Эрон эса дунёдаги энг йирик шиа мамлакатдир. Ваҳҳобийлар шиаларни кофир, деб ҳисоблайди. Икки томон ўртасидаги танглик кўп ҳолларда Ҳаж мавсуми чоғида муаммоларга олиб келади.

Скоттнинг айтишича, Эрон лидерлари араблар ҳақида фикр билдираётганда ошириб юбормасликка ҳаракат қиладилар. Эронда ҳам араблар кўп бўлиб, ҳудудда мамлакатнинг араб ҳамкорлари кўп. Булар орасида Сурия президенти Башар ал Ассад ва Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи бор.

“Эронликлар бутунлай арабларга қарши бўла олмайди, сабаби улар Сурия каби мамлакатларда араблар билан ҳамкорлик қилади”, деди Скотт.

Фруд Бежан қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG