Линклар

logo-print

Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ишдан олинди


Рашид Қодиров бош прокурор лавозимини 15 йилдан бери эгаллаб келган.

Рашид Қодиров бош прокурор лавозимини 15 йилдан бери эгаллаб келган.

Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодировнинг ишдан олинди. Бош прокуратурадаги вазият назорати президент девонида давлат маслаҳатчи мақомида ишлаган Ихтиëр Абдуллаев зиммасига юкланди. Бу xабарни Ўзбекистон бошқарув элитасига яқин манбалар Озодликка билдирган бўлса-да, расмийлар бу хабарни изоҳламаётир.

Озодлик манбаларининг иддаосига кўра¸ шу кунларда меҳнат таътилида бўлган 63 яшар Рашид Қодиров зудлик билан президент девонига чақиртирилган ва ўз ихтиëри билан ишдан кетиш тўғрисида аризаси ëздириб олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин бир-биридан мустақил ва ишончли манбаларнинг Озодликка билдиришича, Бош прокурор лавозимини 15 йил эгаллаб келган Рашид Қодиров нафақага чиқарилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокурори лавозимига президент девонида кадрлар масаласи бўйича президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган Ихтиëр Абдуллаев тайинлангани айтилмоқда. Яна бошқа манбалар эса "Абдуллаев раҳбарсиз қолган Бош прокуратурадаги вазиятни назорат қилиб турибди холос", деган маълумотни беришмоқда.

Абдуллаев президент девонидан олдин Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида Рашид Қодировнинг ишдан олингани ҳақида маълумот йўқ. Расмий сайтнинг идора раҳбарига доир бўлимида Қодировнинг исми қолмоқда.

КГБдан чиққан прокурор

1952 йили Андижонда туғилган, ТошДУ (Миллий Университет) ҳуқуқ факультетини тугатган Рашиджон Ҳамидович Қодиров 1980 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати (КГБ) тергов бўлимида ишлаган.

Андижон области партия қўмитаси собиқ секретарининг ўғли Рашид Қодиров 1992 йилда Ўзбекистон МХХ раис ўринбосари лавозимига тайинланади. 1994 йили эса Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари лавозимини эгаллайди.

2000 йилда бош прокурор этиб тайинланган Қодиров бу вазифада икки муддат ишлаганидан кейин 2010 йилда мамлакат парламенти томонидан учинчи марта лавозимида қолдирилади.

Рашид Қодиров 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мақомига эга.

Коррупция иддаолари

Озодлик манбаларига кўра, Рашид Қодиров Ўзбекистондаги яширин бойлардан биридир. Озодлик мухбирлари кўрган Латвия кўчмас мулк реестларига доир ҳужжатларга кўра, Рашид Қодиров оиласи бу мамлакатда хашаматли уйларга эгалик қилади.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият олиб бораëтган ва бир марталик шприцлар ҳамда бошқа дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган “Asia Trade” ширкати муассиси Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодировдир.

Рашид Қодировнинг кушандаси МХХми?

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йил ëзган твитларида Ўзбекистон МХХси Рашид Қодировни "қўрқув исканжасида ушлаб туришини" ëзган эди.

Озодлик манбаларининг ишонишича, Ўзбекистон Бош прокурорининг ишдан олиниши ортида МХХ¸ хусусан¸ унинг раиси Рустам Иноятов турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG