Линклар

Россиянинг Шимолий Кавказидаги мусулмон исёнчилар етакчиси ўлдирилди


Россия расмийлари ва Шимолий Кавказдаги исёнчиларга доир вебсайтлар Кавказ Амирлиги жангари гуруҳи етакчиси Алиасхаб Кебековнинг Доғистондаги жангда ўлдирилганини хабар қилмоқда.

Россия Аксилтеррор миллий қўмитасининг 20 апрель куни маълум қилишича, Кебеков Буйнакск шаҳри четида жангарилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида рўй берган жангда ўлдирилган уч кишининг бири бўлган.

Шимолий Кавказдаги жангариларга алоқадор kavkazcenter.com ва jamaatshariat.com сайтлари Кебеков ва яна икки киши Герей Авлак шаҳарчасида “шаҳид бўлди”, деб ёзди.

Амир Али Абу-Муҳаммад тахаллуси билан танилган асли доғистонлик диний уламо 43 ёшли Кебеков ўтган йили ўлдирилгани айтилган Доку Умаровнинг ўрнига Кавказ Амирлиги етакчиси этиб сайланган эди.

АҚШ Давлат департаменти ўтган ойда Кебековни террорчилар рўйхатига киритган эди. Кавказ Амирлиги гуруҳи Доғистонга туташ Чеченистонда рўй берган иккита урушдан кейин вужудга келган.

XS
SM
MD
LG