Линклар

Афғон генерали: “Бадахшонда ўзбек, тожик ва уйғур жиҳодчилари ин қуриб олган”


Бадахшон вилояти Афғонистоннинг энг тоғли ва овлоқ минтақаси ҳисобланади.

Бадахшон вилояти Афғонистоннинг энг тоғли ва овлоқ минтақаси ҳисобланади.

Афғонистон ҳукумати мамлакат шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятини хорижий жангарилардан тозалаш учун тезкор бригадани тузишга қарор қилди. Бу ҳақда Бадахшондаги ҳукумат кучлари қўмондони генерал Ғуломҳайдар Ҳайдар маълум қилди.

Афғонистон қуролли кучлари бош штабининг Бадахшон вилояти бўйича бошлиғи генерал Ғуломҳайдар Ҳайдар Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда Афғонистон президентининг ушбу вилоятга сафари ортидан Жирм минтақасига жанговар бригада йўллашга қарор қилинганини айтди.

Генерал Ҳайдарнинг маълум қилишича, сўнгги бир йил ичида “ўзбеклар, тожиклар ва уйғурлардан иборат хорижий террорчилар гуруҳи Оби Хустак мавзесида маскан қуриб, у ерда ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда ва атроф туманлардаги давлат постларига ҳужум қилмоқда”.

Афғон генералининг айтишича, хорижий жангарилардан иборат гуруҳнинг асл мақсади Марказий Осиё мамлакатларига йўл очиб, ушбу мамлакатлар орқали Россия ва Европага наркотик моддаларни контрабанда қилишдан иборатдир.

- Бундан ташқари Курор ва Мунжон минтақаларида ложувард конлари мавжуд ва маҳаллий аҳоли уларни қазиб олиш билан шуғулланади. Бу гуруҳлар улардан бож олади, – дейди генерал Ғуломҳайдар Ҳайдар.

Унга кўра, жангари гуруҳнинг баъзи аъзолари ҳозирда Хустак дарасида паноҳ топган бўлса, баъзилари Бадахшон вилоятининг Жирм, Юмгон ва қисман Вардуж туманларида ерлашган.

Афғонистон ҳукумати тез орада ушбу гуруҳларга қарши йирик амалиётни бошлашни режалаштирмоқда.

Ўтган ҳафта жангарилар Афғонистон армиясининг 18 нафар аскарини қатл этган эди.

Генерал Ғуломҳайдар Ҳайдарнинг айтишича, жангарилардан 15 нафари ўлдирилган ва яна 27 нафарига жароҳат етказилган.

Ҳалок бўлган жангарилар орасида худкуш ҳужумчиларни таёрлаган Ҳожи Билол исмли жангари ҳам бор.

Асли тожикистонлик бошқа бир қўмондон Умар Ислом оғир жароҳат олгани хабар қилинади.

Афғон расмийлари хабарига кўра, 9 нафар жангари асирга тушган.

Афғон манбалари Покистоннинг Чатрол дараси орқали Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига ўтган хорижий жиҳодчиларнинг умумий ададини 400 нафарга яқин дея тахмин қилади.

Аммо, бошқа манбаларга кўра, исёнчиларнинг сони бир неча баравар кўпроқ бўлиши мумкин.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти билан чегарадош Афғонистоннинг Бадахшон вилояти яқин йилларгача тинч ва хафсиз минтақалардан ҳисобланарди.

Бироқ сўнгги йилларда ушбу вилоят Толиблар ва Афғонистон ҳукумати кучлари ўртасидаги тўқнашувларига саҳна бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG