Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:34

Россия 2018 йилги чемпионатгача футболда ирқчилик муаммосини ҳал қила оладими?


Ўйин пайтида фашистлар байроғининг ҳилпираши Россия футболи учун одатий ҳолга айланган.
Ўйин пайтида фашистлар байроғининг ҳилпираши Россия футболи учун одатий ҳолга айланган.

Рус футбол ишқибозлари иштирокида 2012-14 йилларда рўй берган ирқчилик билан боғлиқ 200га яқин ҳолатга доир ҳисибот чоп этилди. “Чора кўриш вақти келди: Рус футболидаги дискриминация” деб номланувчи ҳисоботда неофашист рамзларини кўтарган ишқибозлар, шимолий кавказлик футболчиларнинг камситилиши, поездда оқ танли бўлмаган одамларга қилинган ҳужумлари каби мисоллар ўрин олган.

Ҳисоботни маркази Москвада жойлашган ирқчилик муаммоларини ўрганувчи Сова маркази ҳамда футболда дискриминация ва ксенофобияга қарши курашувчи Fare Network ташкилоти тайёрлади. Ҳисоботда Россия Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрар экан, футбол ишқибозлари орасида миллатчилик иллати ҳали ҳам борлиги кўрсатиб берилган.

5 апрель куни Москвада футбол ўйини пайтида томошабинлар фашистлар байроғини ҳилпиратганидан кейин FIFA Президенти Зепп Блаттер 2018 йилгача “кўп иш қилиниши кераклигини” айтди.

Россия Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишига уч йил қолар экан, Москва футболда ирқичлик муаммосини бартараф қилиш борасида кўп иш қилгани йўқ.

Fare Network ташкилотининг Шарқий Европа бўйича масъули Павел Клименко “Ҳозирча ҳеч қанақа режа йўқ”, дея билдирди. “Муаммони ҳал қилиш учун ҳеч қандай аниқ чора кўрилгани йўқ, деган бўлардим. Жуда кичик ишларни қилишди. Уларни рамзий қадамлар, десак ҳам бўлади. Энди бу қадамлар кетидан ҳақиқий чоралар кўрилиши керак”, дейди фаол.

Россия 2010 йилнинг декабрь ойида чемпионатга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганидан бери Россия футбол иттифоқи, Ички ишлар вазирлиги ва ҳукумат ирқчи ва миллатчи футбол ишқибозларни жаримага тортиш ва ўйинлардан четлатиш каби чораларни жорий қилди. Бу чоралар жуда кўп ҳолларда қўлланилди.

Жорий мавсумда Россия олий лигасида ўйнайдиган Торпедо клубига 1,5 миллион рубль жарима солинди. Клубга қарши қўйилган айбловлар орасида ирқчилик ва оммавий тартибсизлик келтириб чиқариш айбловлари бор.

Торпедо клуби ишқибозлари ирқчилик қилгани ва фашистлар байроғини ҳилпиратгани учун клубга бешта ўйинни томошабинсиз ўтказиш буюрилди. Бундан ташқари, клуб ишқибозлари рақиб команданинг қора танли ўйинчиларини таҳқирлагани сабаб уч ўйинда стадионнинг айрим секцияларига ишқибозлар қўйилмади.

Сова маркази етакчиси ўринбосари Наталия Юдина кўрилаётган чоралар етарли эмаслигини айтади. Юдина қуйи лигаларда миллатчиликни жазолаш чоралари умуман белгилаб берилмаганини қўшимча қилди.

“Бунақа ҳодисалар охирги икки мавсумда аввалгидан камроқ рўй бергани йўқ”, дейди Юдина.

Сова маркази ва Fare Network тайёрлаган ҳисобот FIFA ҳамда рус расмийлари эътиборига тушди.

FIFA ва рус расмийлари 2014 йилги Европа чемпионати олдидан шарманда бўлган Украина ва Польша қисмати такрорланишини истамайдилар. 2012 йилда Би-Би-Си бу икки мамлакатдаги миллатчилик ҳақида “Нафрат стадионлари” деб номланган ҳужжатли фильмни эфирга узатган эди.

8 апрель куни Россия спорт вазири Виталий Мутко FIFA “ҳамма нарсани назорат қилаётганини” айтиб, Торпедо ишқибозларини “Россия обрўсига путур етказганлари” учун койиди.

“Жаҳон чемпионатида чипталар бошқача тизим бўйича сотилади, назорат бошқача бўлади, ишқибозлар тизими бошқача бўлади. Ахир четдан миллионга яқин меҳмон келади”, деди Мутко.

30 март куни Россия футбол иттифоқи ирқчиликка қарши инспектор лавозими яратилишини эълон қилди. Бу лавозимни эгаллаган шахс “хавфли ўйинлар” бўлаётган пайтда бир гуруҳ назоратчининг ишини бошқариб туриши кутилмоқда. Бу лавозимга тайинланган Алексей Толкачов ТАСС янгиликлар агентлиги билан суҳбатда айнан қандай ишларни бажариши апрель охирида белгиланишини айтди.

Блаттер бу лавозим яратилишини ва жорий қилинадиган жазо чораларни олқишлади. Лекин у таълим-тарбия ҳам муҳим роль ўйнашини қўшимча қилди.

Сова ва Fare Network ирқчиликка қарши узоқ муддатли ва амалда ишлайдиган режа тузишга чақирди. Хусусан, бу икки ташкилот “футболдан миллатлараро алоқаларни яхшилаш учун фойдаланиб, мактаб ва олийгоҳларда таълим дастурларини” жорий қилишга чақирди.

Спартак командаси фан-клуби асосчиларидан бири Вадим Сидоров ҳам бу фикрларни қўллайди.

“Таълим-тарбия ишларига кўпроқ эътибор берилиши керак”, дейди Сидоров. “Агар одамлар масаланинг асл моҳиятини тушунмаса, қанча полиция ходими туришидан қатъий назар, аввал қилган ишларини яна қайталайверадилар”, дейди футбол ишқибози.

Клименко бундай таълим-тарбия чораларини тадбиқ қилиш ҳукумат ва футбол расмийлари қўлида эканини айтади.

Аммо баъзан футбол расмийлари орасида ҳам ирқчилик ҳолларини кузатиш мумкин. Масалан, 2012 йилнинг май ойида машҳур футбол ҳаками Андрей Тихоновнинг “Ҳокимият Оқларники” деган ёзув туширилган футболка кийиб олган аёл билан тушган фотосурати тарқалган эди.

Сова ва Fare ташкилотларига кўра, аёл бу футболкани ультра ўнг қарашлардаги ишқибозлар уюшмаси ташкил қилган гўзаллик танловида қўлга киритган.

Россия футбол иттифоқи матбуот котиби Евгений Дзичковскийнинг айтишича, июнь ойида футбол расмийлари, фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари миллатчилик билан курашиш йўлларини муҳокама қилиш учун қурултой уюштирадилар.

Дзичковскийга кўра, расмийлар бу масалага жиддий ёндашмоқда.

Сидоров ҳам рус футболи 1990 йилларга қараганда анча олға силжиганини айтади.

“Ҳар икки ишқибознинг бири баланд этик кийиб, бошини кал қилиб олган эди”, дейди Сидоров. “Ҳозир уларнинг сони ниёҳатда оз, ниҳоятда. Ҳамма ерда ҳам аҳмоқ бор. Чоралар кўриляпти. Биз ваҳшийлар мамлакати эмасмиз”, дейди у.

Сова ва Fare каби фуқаролик гуруҳлари бўлса 2018 йилги чемпионат туфайли катта ўзгаришларга эришиш мумкин, деган умидда.

“Бунинг устида ишлашимиз керак”, дейди Юдина. “Табиийки, агар ҳеч ким бунга эътибор қаратмаса, бундай воқеалар содир бўлаверади.”

XS
SM
MD
LG