Линклар

Ўшдан қиз ўғирламоқчи бўлган ўзбекистонлик муҳожир ушланди


Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг Жиноят-қидирув бўлими ходимлари Қирғизистон жанубий пойтахтида яшовчи 20 ёшли қизни Ўзбекистонга олиб ўтиб кетмоқчи бўлган 27 ёшли қувасойлик йигитни қўлга олдилар.

Бу ҳақда Озодликка Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов маълум қилди.

Замир Сидиқов қирғиз миллатига мансуб ўшлик қизнинг ўғирлангани ҳақида милицияга даставвал унинг яқинлари хабар берганларини айтади.

- Ўзбек миллатига мансуб ўзбекистонлик бола қирғиз миллатига мансуб қизни ўғирлаб, никоҳга мажбурламоқчи бўлган. Улар аввалроқ Интернетда танишган эканлар. Йигит Москвада ишлар экан. Кейин йигит Ўшга учиб келиб, қизни ўғирлаб, “Қизилқиядаги яширин йўллар билан Ўзбекистонга олиб кетаман” деб ўйлаб, ўша ёққа олиб кетган экан. Биз ходимларимизга тегишли маълумотларни жўнатганимиздан кейин у Қизилқия шаҳрида қўлга олинди, - дер экан Замир Сидиқов йигитнинг шахсига оид маълумотларни тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирча очиқлай олмаслигини қўшимча қилди.

Милиция масъулининг айтишича, ҳозир қувасойлик “омадсиз ошиқ” Ўш шаҳар ИИБга қарашли вақтинча сақлаш изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 155-моддаси (Аёлни никоҳ қуришга мажбурлаш, никоҳига олиш учун қиз ўғирлаш ёки унинг никоҳ қуришига тўсқинлик қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳодисага миллий тус берилишига мутлақо қарши эканини таъкидлаган Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов аслида турли миллат вакиллари орасидаги никоҳ яхши кўриниш эканини қайд этади.

- Бир томондан олиб қаралганда, аралаш никоҳлар қурилиши бу яхши кўриниш. Бироқ ноқонуний иш қилмасдан, қонуний қилиб, ота-онасини совчи қилиб юбориб олиб кетса, яхши бўларди. Қиз олиб қочишга қарши кураш кейинги йилларда кучайиб, уларни аввалгидай ўз ҳолига ташлаб қўймай, қамайдиган бўлиб қолганмиз. Шунинг натижасида кейинги пайтларда қиз олиб қочиш ҳодисаси камайди Қирғизистонда, - дейди Замир Сидиқов.

Қирғиз милицияси бу каби воқеа ҳақида илк бор маълумот тарқатаётган бўлса-да, маҳаллий аҳоли вакиллари икки мамлакат ўртасида қиз ўғирлаш ҳатто мустақиллик йилларида ҳам кўп кузатилганини айтмоқдалар. Жалолободлик журналист Санжар Эралиевга кўра, ўзбекистонлик қизнинг қирғизистонлик йигит ёки қирғизистонлик қизнинг ўзбекистонлик йигит ўғирлаб кетганига оид юзлаб воқеани санаш мумкин.

- Жалолобод вилоятининг Новкен туманидаги биргина қишлоқда 20 дан ортиқ шунақа оилани биламан. Ўзбекистондан олиб қочиб келинган қизлар ўша ерда яшаб қолишган. Бу ёқдан ҳам у ёққа қиз олиб қочган воқеалар кўп. Менинг кузатишим бўйича, 2010 йилгача бундай воқеалар жудаям кўп эди. 2010 йилда вазият мураккаблашганидан кейин кескин озайди бундай кўриниш. Лекин 2012-2013 йилларда ҳам Ўзбекистондан, айниқса, Андижон ва Намангандан қиз олиб қочиб келган бир-икки кишини биламан. Бунга кўпинча ўзбекистонлик қизлар Қирғизистонга ўтиб дала ишларида ишлаганида йигитлар билан ўртасида севги-муҳаббат уйғониб қолгани туртки берган. Масалан, қизнинг оиласи никоҳга қарши бўлган пайтда йигит қиз билан келишган ҳолда уни олиб қочиб келган, - дейди Санжар Эралиев.

Жалолободлик журналист ўз тажрибасида бирор қиз йигит томонидан унинг розилигисиз олиб қочилишига оид бирорта ҳам воқеага дуч келмаганини таъкидлайди.

Мақоламиз қаҳрамонлари бўлмиш қирғизистонлик қиз ва ўзбекистонлик йигит ўртасида бундай келишув бўлганми-йўқми – буни суд аниқлайди.

Агар ўшлик қизни олиб қочмоқчи бўлган ва ҳозир ҳибсхонада тутиб турилган қувасойлик йигитнинг айби судда исботланса, у 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG