Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ўзбекистон Марказий Банки раисининг ўғли Тошкентга қайтди


Озодлик манбалари иддаосича, собиқ милиция бошлиғи Абдумажид Муллажонов ўз одамларини қамоқдан озод қилишга муваффақ бўлган.
Озодлик манбалари иддаосича, собиқ милиция бошлиғи Абдумажид Муллажонов ўз одамларини қамоқдан озод қилишга муваффақ бўлган.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Абдумажид Муллажонов мамлакатга қайтиб, бир неча ойдан бери дуч келган муаммоларини ҳал қилаётгани айтилмоқда. Озодлик манбаларидан бири икки-уч ойдан бери Қримда бўлган собиқ милиция бошлиғи Тошкентга қайтгач, тергов остида бўлган ўз одамларини озодликка чиқариб олишга муваффақ бўлганини айтмоқда. Бир-биридан мустақил манбаларга кўра, Муллажоновга нисбатан илгари сурилган айбловлар бекор қилиниб, собиқ милиционер пенсияга чиқариб юборилган.

Озодлик манбаларига кўра, Абдумажид Муллажонов тахминан уч ҳафтача аввал Қримдан Тошкентга қайтган. Озодлик ўз манбаларига таяниб, собиқ милиционерга нисбатан коррупция ва фирибгарликка доир айбловлар илгари сурилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Бир-биридан мустақил манбаларимизнинг билдиришича, Муллажоновлар оиласининг Қримда хашаматли уйлари ва бизнеслари бор. Маълум бўлишича, собиқ милиционер ўзи атрофидаги вазият тинчиб олгунча Қримда бўлиб турган. Ҳозир Тошкентга қайтиб, муаммоларини ҳал қилиб юрибди, дейди манбалардан бири.

“Уларнинг Қримда уйларию бизнеслари бор. Ишдан хайдалганидан кейин Абдумажид ўша ерга кетиб қолди. Лекин март ой охирларида Тошкентга қайтди. Унга нисбатан жиноий иш очишган эди, уни ҳал қилиб, ҳозир пенсияга чиқиб олди. Бундан ташқари ўзига тегишли фирмаларнинг директорларини ҳам қамоқдан чиқариб олди”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича, Муллажоновга қарашли Natural Fresh ва NF Petrol фирмаларининг директорлари собиқ милиционер ишдан четлатилиши ортидан ҳибсга олинган ва унга қарши олиб борилган жиноий иш доирасида тергов қилинаётган бўлган. Лекин Муллажонов бу ишнинг судга оширилмасдан ёпилиши ва фирма директорларининг иккаласини ҳам чиқариб олишга муваффақ бўлган.

“Ҳозир ҳатто NF Petrol фирмасига тегишли 3-4 заправка ҳам ишга қайта тушди. Абдумажид йўқлигида ишлар тўхтаб қолган эди. Қайтиб келиб яна ишларни юритяпти. Баъзи гап-сўзларга кўра, яна битта завод очишга ҳаракат қилиб юрибди”, дейди манба.

Бундан аввал Озодлик манбалари Муллажоновнинг Тошкент вилоятида бир нечта ширкатни рейдерлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланаётгани ҳамда Ўзбекистон ЖКнинг камида иккита –– 211- ва 212-моддалари, яъни пора бериш ҳамда пора бершда воситачилик қилишда айбланаётганини иддао қилган эди.

Озодликнинг яна бир манбаси Абдумажид Муллажоновни бундан бир ҳафта аввал Тошкентда кўрганини айтади. Лекин, дейди манба, Муллажонов устидаги қора булутлар тарқалди, дейишга ҳозирча эрта.

“У ҳамма муаммаоларини ҳал қила олди, деб айта олмайман. Мендаги маълумотларга кўра, у Ўзбекистонга ўз ихтиёрига кўра қайтмаган, уни қайтаришган. Тўғри, у қамоқдан қутилиб кетиши мумкин, бекаму кўст келажагини ҳам таъминлаб олади, лекин унинг танобини яхшилаб тортишиб қўйишгани сезилиб турибди”, дейди манба.

42 ёшли Абдумажид Муллажонов Ўзбекистон сиёсий элитасининг энг нуфузли намояндаларидан бири, Марказий Банк раиси Файзулла Муллажоновнинг тўнғич ўғлидир. Унинг ишдан олиниши Марказий Банк раисига берилган зарба сифатида баҳоланган эди. Орадан бир неча ой ўтиб Муллажоновларнинг яна бири 35 ёшли Абдужаббор Муллажоновнинг Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги лавозимидан четлатилиши бу тахминларга қўшимча асос бўлди.

Ўзбекистон расмий идоралари ака-ука Муллажоновларнинг ички ишлар ва прокуратура тизимларидаги лавозимларидан четлатилишини ҳеч бир тарзда изоҳлашгани йўқ.

Жорий йил январь ойида бош прокуратура қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментидан ҳайдалган Абдужаббор Муллажонов Ўзбекистон собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг куёви ҳамдир. Озодлик манбасининг иддао қилишича, собиқ вазир куёвининг тарафини олиб, ўз каналлари орқали президент девонига ҳам чиққан.

“Ҳатто Зокир Алматов Абдужаббор учун “додага” (президентга-таҳр.) чиққан экан. Сен аралашма, ўзи жавоб берсин, деган жавобни олибди”, дейди манба.

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари ҳозирда Абдужаббор Муллажонов Қримда қолаётганини айтишмоқда.

Муллажоновлар оиласи, собиқ ички ишлар вазири Алматовдан ташқари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовга ҳам қудадир.

Абдумажид Муллажоновнинг мамлакатга қайтиши Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов давлат раҳбарлигига қайта сайланган пайтга тўғри келмоқда.

XS
SM
MD
LG