Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

Жиззах дўконларидан маҳаллий ун йўқолди


Қопи 115 минг сўмга чиққан Қозоғистон унини сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди
Қопи 115 минг сўмга чиққан Қозоғистон унини сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди

Жиззах вилоятидаги савдо дўконларида маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган ун йўқолди. Сайловдан олдин бир қопи 50-55 минг сўмга сотилган уннинг нархи ҳозир 90 минг сўмгача чиқиб кетган. Озодлик манбаларига кўра, ун ишлаб чиқариш корхоналарининг омборларида ун босилиб кетган, лекин у савдога чиқарилмаяпти.

Президентлик сайловидан кейин Жиззах вилоятидаги бозорлар ва савдо шохобчаларидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун йўқолди.

Мирзачўл туманида истиқомат қилувчи Ҳайдаржон исмли ўқитувчининг айтишича, ун йўқолиши ортидан бу маҳсулотга бўлган нарх-наво ҳам осмонга ўрлади:

“Бизда ўзи иккита ун комбинати бор. Дўстликда ва Жиззах шаҳрида. Бизга асосан шу комбинатларнинг уни келарди. Сайловдан кейин ана шу унлар бизга келмай қолди. Ҳозир бир қоп уннинг нархи 85-90 минг сўмга чиқиб кетди. Ваҳоланки сайловдан олдин бу унларнинг нархи сортига қараб 55-60 минг сўм эди”, дейди Ҳайдаржон.

Унинг айтишича, уннинг қиммат бўлиши ҳақидаги миш-мишлар анчадан бери юрган:

“Бу аниқ нарса эди. Одамлар ҳам билиб юрган эди, қиммат бўлишини. Сайлов ўтгунча ҳаммаси яхши эди, дўконларда ҳам сероб эди, нархлар ҳам арзон эди. Сайлов ўтдию, ҳаммасини Худо урди. Қиммат бўлганига яраша шу уннинг ўзи йўқ. Одамлар тегирмонлардан 4-5 килодан сотиб олмоқда. У ерда ҳам доим бўлмайди. Қозоғистон уни бор, лекин қиммат, бир қопи 115 минг сўм”, деди Ҳасанбой.

Унинг айтишича, бозорда ҳам буғдойнинг нархи қиммат, ҳар килоси 1200-1300 сўмдан сотилмоқда.

Дўстлик туманида истиқомат қилувчи 30 ёшли Каримжоннинг айтишича, уларда ҳам сайловдан сўнг ун дўконлардан йўқолган:

“Менга алам қилгани шундаки, ун заводи ўзимизда, лекин ҳеч қаерда ун йўқ. Кеча қўшни Пахтакор туманига бориб ҳар қопини 75 минг сўмдан сотиб олиб келдим. Ўзимизнинг маҳалла дўконида эса ҳар жон бошига 2 килою 300 граммдан ун тарқатяпти. Бу ҳам бир ойда бир марта. Уруш йилларидаги карточка системасига ўхшаб қолди”, деди Каримжон.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган Дўстлик дон маҳсулотлари корхонасининг ишчиларидан бирининг айтишича, айни пайтда корхонанинг омборлари ун билан тўлиб кетган:

“Биз ҳар бир сменада 12 соатдан ишлаймиз. Икки смена бир суткада жами уч минг қоп ун ишлаб чиқарамиз. Склад унга тўлиб кетган. Лекин негадир буни сотувга чиқармаяпти. Бу ерда қанақадир сир ёки махинация борга ўхшаяпти”, деди ишчилардан бири.

Озодлик Жиззах ва Дўстлик дон маҳсулотлари очиқ ҳиссадорлик жамиятига қўнғироқ қилиб, бу муаммога изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда парламент ва президент сайловлари арафасида нарх-наволарнинг турғун қолаётгани кузатилди.

Президент сайловидан сўнг озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бормоқда.

Жиззахлик тингловчига кўра, ундан ташқари шакарнинг нархи 30 фоизга, мой, гўштнинг нархи эса камида 20 фоизга қимматлаган.

Ўтган ҳафта қўқонлик тингловчи ҳам АЁҚШлардан бензин йўқолгани ва унинг қўлдаги нархи 4500-5000 сўмга чиқиб кетгани ҳақида айтган эди.

XS
SM
MD
LG