Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:55

Си Цзинпин: Хитой ҳар доим Покистонни қўллайди


ХХР раиси Си Цзинпиннинг Покистон парламентидаги чиқиши, 2015 йил 21 апрели.
ХХР раиси Си Цзинпиннинг Покистон парламентидаги чиқиши, 2015 йил 21 апрели.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин ўз мамлакати Покистон ёрдамга муҳтож бўлганида доим унга кўмак бергани ва “Хитой халқи Покистон халқини ҳар доим қўллаши”ни айтди.

21 апрель куни Покистон парламенти олдида чиқиш қилган Хитой раҳбари Покистонни мақтади ва Пекин билан Исломобод ўртасидаги ҳамкорликни жуда юқори баҳолади.

Исломий жангариларга ва бошқа хавфсизлик муаммоларига шама қиларкан, ХХР раиси икки мамлакат “муштарак қийинчиликлар”ни бошдан кечирганини айтди.

Си Цзинпин Исломободнинг терроризмга қарши олиб бораётган курашини олқишлади. У яна Покистоннинг Хитой ғарбий чегарасида тинчликни сақлашга қўшган “улкан ҳиссаси”ни хитойликлар ҳеч қачон унутмаслигини қўшимча қилди.

Хитой Покистонни қурол-аслаҳа билан таъминловчи энг йирик мамлакатлардан биридир. Айрим маълумотларга кўра, Хитой расмийлари Покистонда яширинган аксилхитой исломий айирмачилар билан курашишда Покистондан кўмак сўраб туради.

Си Цзинпин нутқини Покистон парламенти аъзолари давомли қарсаклар билан қарши олдилар. Хитой раҳбари сўзлаб бўлганидан кейин парламент вакиллари ўринларидан туриб қарсак чалишди.

Покистон давлат телеканали жонли эфирга узатган нутқни эшитиш учун ташриф буюрган меҳмонлар орасида ҳарбий қўмондонлар ва бошқа мамлакат элчилари ҳам бор эди.

Хитой раҳбарининг Покистонга сафари икки кун давом этади.

20 апрель куни Си Цзинпин ва Покистон Бош вазири Навоз Шариф Покистон-Хитой иқтисодий коридорини тузиш бўйича келишув имзолади. Бу лойиҳа остида Покистоннинг Араб денгизи соҳилидан Хитойнинг ғарбий қисмига автомобиль йўллари, темир йўллар ва қувурлар ўтказилади.

Бу коридор орқали Хитой Яқин Шарқ ҳамда Европа мамлакатлари бозорларига чиқишни истайди.

Хитой раҳбари Покистонда жами 46 миллиард АҚШ долларига тенг инфратузилма ва энергия соҳасига доир лойиҳаларни эълон қилди.

Покистон Режалаштириш ва ривожланиш вазирлиги раҳбари Аҳсан Иқбол бу миқдорнинг 37 миллиард долларгача бўлган қисми Покистоннинг муаммоли электр тармоқларини яхшилаш учун сарфланишини билдирди.

Иқболнинг айтишича, 28 миллиард доллар қийматга эга лойиҳа бошлаш учун ҳозирлаб қўйилган. Қолган лойиҳаларни ҳозирлаш учун эса уч йилдан беш йилгача вақт керак бўлади.

Хитой раҳбари парламентдаги нутқи давомида бундай келишувлар Покистон иқтисодини ривожлантиришини айтди.

Хитой ва Покистон кўпдан бери сиёсий ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Бунинг сабабларидан бири иккала мамлакатнинг қўшни Ҳиндистонга ёмон назар билан қарашидир.

Шундай бўлса-да, Хитой кейинги йилларда Ҳиндистон билан алоқани бир оз яхшилади. Си Цзинпиннинг Покистонга қилган ташрифи, қисман бўлса-да, покистонликларни хотиржам қилишга қаратилган бўлиши мумкин.

Хитой раҳбари Покистонни “буюк қўшни ва буюк дўст” деб атади ва икки мамлакат ўртасида ҳар қандай вазиятда ҳам узилмайдиган дўстлик ришталари борлигини айтди.

ХХР раиси Покистонга ўтган йили боришни режалаган эди. Аммо Покистондаги аксилҳукумат намойишлари сабабли ташрифини кейинга қолдириб, унинг ўрнига Ҳиндистонга сафар қилганди.

Яқин кунларда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Хитойга бориши режалаштирилган.

Ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG