Линклар

logo-print

Олмаота - Екатеринбург йўлида содир бўлган автомобил тўқнашувида ҳалок бўлган ўшлик 62 ёшли Мавжуда Ўринбоева, унинг 34 ёшли қизи ва балоғатга етмаган уч неварасининг жасади 21 апрель куни аср намозидан сўнг дафн этилди.

Ўшнинг Шамшод мавзесида истиқомат қилган 62 ёшли Мавжуда Ўринбоева 18 апрель куни 34 ёшли қизи ва 3 набирасини олиб Россиянинг Челябинск вилоятида ишловчи ўғлининг олдига бориш учун йўлга чиққан эди. 19 апрель куни улар минган автомашина Қозоғистон ҳудудига ўтганидан сўнг ҳалокатга учради ва бу оиланинг сафарга чиққан барча аъзолари ҳалок бўлди.

Аварияда жами 17 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 16 нафари Қирғизистон, 1 нафари Қозоғистон фуқаросидир. Яна икки одам ҳаёти учун шифокорлар кураш олиб бормоқда.

21 апрель куни дафн қилинган ўринбоевларнинг жанозасида Ўш шаҳри мэри ҳам иштирок этди ва оила яқинларига ўзи ҳамда Қирғизистон президенти номидан таъзия билдирди.

Қирғизистон президенти барча ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирган ҳолда, дафн ҳаражатлари учун марҳумларнинг оилаларига ўз жамғармасидан 1 миллион 800 минг қирғиз сўми (тақрибан 30 минг АҚШ доллари) ажратди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG