Линклар

Украинадаги айирмачиларни мазах қилувчи гуруҳ Интернетда шуҳрат қозонмоқда


Украинадаги "Мирко Саблич" пародиячи гуруҳининг YouTube порталидаги аватари.

Украинадаги "Мирко Саблич" пародиячи гуруҳининг YouTube порталидаги аватари.

Россия шарқий Украинадаги айирмачиларни дастаклаётганини қоралаб мусиқий пародиялар чиқараётган гуруҳ Интернетда кўп шов-шувга сабаб бўляпти. Ўзини “Мирко Саблич” деб атовчи гуруҳ бир неча ой аввал Россиянинг Украина шарқидаги тўқнашувлар ҳақида олиб бораётган “тарғиботи”ги қарши курашиш учун тузилган.

Озодлик радиоси билан суҳбатда гуруҳ аъзоси Евген Татарченко: “Биз ҳарбий амалиётларда иштирок этмаймиз. Биз ўқ отишни билмаймиз. Бизнинг қуролимиз сўздир”, деди.

Яқинда тузилган бўлишига қарамасдан, “Мирко Саблич” қатор клипларни олишга улгурди. Бу клипларнинг ҳар бири бир неча минг мартадан кўрилган.

Қўшиқларни гуруҳ аъзолари ўзлари ёзишади. Клипларни тайёрлашда совет фильмларидан олинган лавҳалар билан шарқий Украинада олинган видеоматериаллардан фойдаланишади.

“Мирко Саблич”нинг навбатдаги клипи “Новороссия гимни” деб номланади. Донбассдаги айирмачиларни қўлловчилар Украина жанубий-шарқидаги катта ҳудудни “Новороссия” деб аташади.

​Қўшиқ оҳанги эса Қизил армияга атаб ёзилган, ҳозиргача машҳур бўлиб қолаётган “Артиллериячилар марши” ашуласидан олинган.

Пародия гимнда Россия ва шахсан Путин шарқий Украинада сепаратизм руҳини келтириб чиқаришда ва айирмачиларни қурол билан таъминлашда айбланади.

“Айирмачилар, Путин буйруқ берди!” дейилади нақоратда. “Маҳбуслар тўдалари асирларни уриш, жароҳат олганларни қийнаш ва гўдак тўла боғчаларни портлатиш бўйича йўл-йўриқ олади”.

Ўтган ойда эълон қилинган ва “Украина Донбасси гимни” деб номланган яна бир клип россияпараст айирмачиларни ва Путиннинг севимли гуруҳи ҳисобланган “Любэ” гуруҳини нишонга олган.

Уч дақиқали клипда гуруҳ солисти Николай Расторгуев аксилайирмачи қўшиқ куйлаётгандек қилиб кўрсатилган. Путинни ёқловчи Расторгуев “Ягона Россия” партиясининг аъзоси ҳамдир.

Турган гапки, бу видео “Любэ”нинг ғазабини жўштирди. Гуруҳ продюсери, вақтинча бўлса-да, видеони YouTubeдан ўчиртиришга муваффақ бўлди.

Кейинроқ видео сайтга қайта юкланди. Бу сафар “Мирко Саблич” ўз клипларига тўсиқ қўйишга уринишса, гуруҳ ҳар бир даъвогарнинг қўшиқларига янги пародия яратиш билан жавоб беришини айтиб огоҳлантирди.

Дмитрий Волчек ва Клэр Бигг қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG