Линклар

22 апрель куни айни тушлик пайтида Бухорода ўз шашлиги билан танилган “Қамиш бар” емакхонасида газ портлаши оқибатида ëнғин чиқди. Озодлик суҳбатлашган воқеа гувоҳлари портлаш ва ëнғин оқибатида инсоний талофат борлигини тахмин қилса¸ шаҳар ўт ўчирувчилари жабрланганлар борлиги¸ аммо ўлганлар йўқлигини билдирди.

Бухоронинг 5-микрорайонида жойлашган “Қамиш бар” да чоршанба куни соат 2:30 лар атрофида юз берган портлаш овозини бир неча километр масофадагилар ҳам бемалол эшитди¸ дейди портлаш овозини эшитибоқ воқеа жойига борган бухороликлардан бири:

- “Қамиш бар” Бухоро марказида бўлмаса ҳам¸ 5-микрорайоннинг ўртасида жойлашган. Автобус бекатига туташ бу барнинг ëнида бошқа ресторанлар¸ “Чашма” тўйхонаси” жойлашган. Қаршисида Автомобиль йўллари коллежи бор. Бекатда доим одам тирбанд¸ атрофда талабалар¸ хўрандалар кўп. Айни обед пайтда жуда кучли портлаш бўлди. Портлаш овози километрларгача эшитилди. Ошхонадаги газ баллон портлаган¸ дейишаяпти. Соат учларда мен борганда учта ўт ўчириш машинаси¸ иккита “Тез ëрдам” бор эди. Одамларга талофат етгани аниқ. Портлаш пайтида ошхонада ошпаз¸ идиш юваëтганлар бўлган. Тушлик пайтида одам жуда гавжум бўлади бу ерда. Бар ҳудудининг 50 метрча жойи ëниб кул бўлган¸ дейди воқеа жойини бевосита бориб кўрган бухороликлардан бири.

Портлаш овозини эшитиб борганлар сони¸ гувоҳнинг таъкидича¸ 500 дан кам бўлмаган. Бар ходимлари тўпланганларнинг портлаш ва ëнғин манзарасини сурат ва видеога олишига тўсқинлик қилганига қарамай¸ “Қамиш бар” даги ëнғин ўчирилмай турибоқ¸ Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига воқеа манзараси акс этган суратлар ва видео етиб келди.

Бухоро шаҳар Ëнғинга қарши кураш бошқармаси ходими “Қамиш бар”да газ баллон портлаши оқибатида ëнғин чиққани ва ўз ҳамксаблари зудлик билан ëнғинни ўчиришга муваффақ бўлганини билдирди:

- Биз ҳозир воқеа тафсилотларини ўрганаяпмиз. Ўлганлар йўқ¸ лекин жабрланганлар бор. Дастлабки тахмин¸ газ баллон портлаган. Маълумот тўпланаяпти¸ деди ўзини таништирмаган ўт ўчирувчилардан бири.

Озодлик манбаларига кўра¸ ўтган йили ҳам айни шу “Қамиш бар”да ëнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани ортидан ëнғин чиққан:

- Бу барнинг асл эгаси кимлигини билмайман¸ аммо унинг орқаси кучли экани ҳаммага аниқ. Чунки ўтган йили ëниб кетганидан кейин ҳеч қанақа тергов-текширув ўтказилмасдан¸ икки ҳафтадан кейин барни таъмирлаб¸ қайта очди бу одам. Буни унча-мунча одам қилолмайди. Бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқиш эҳтимоли бор¸ дейди “Қамиш бар” емакхонасида содир бўлган ëнғин гувоҳларидан бири.

Ўзбекистон вилоятлари¸ қолаверса¸ пойтахт Тошкентда ҳам аҳоли турар-жойлари ва маиший хизмат иншоотларининг табиий газдан узилгани¸ ëхуд табиий газ таъминотидаги ўқтин-ўқтин узилишлар боис портлаш ва бошқа фожиалар кейинги йилларда кўпайиб бормоқда.

Мамлакатдаги ярим расмий нашрларнинг ëзишича¸ айнан газ тақчиллиги оқибатида келиб чиққан фожиалар туфайли 2015 йилда Ўзбекистонда 31 одам¸ 2014 йилда эса¸ 55 нафар одам нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG