Линклар

Ўзбекистон ҳукумати жорий ой қабул қилинган янги қарорга мувофиқ аҳоли ўз чорва молларини маҳаллий ҳокимликлар ва ширкат хўжалиги заҳирасидаги ерларда ўтлатгани учун бундан сўнг пул тўлайди. Расмий манбалар изоҳига кўра¸ молларини ўзига қарашли бўлмаган яйловда боқувчилар бир бош қорамол учун энг кам иш ҳақининг 20 фоизи¸ қўй ва эчкиси учун эса 8-10 фоизи миқдорида яйлов тўловига тортилади.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида яшовчи аксар аҳолининг тирикчилиги қарамоғидаги чорвадан келадиган даромадга қарам.

Айни кунларда маҳаллий солиқчилар¸ Озодликка исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган нурободлик манбага кўра¸ уйма-уй юриб аҳолига қарашли моллар сонини ҳисоб китоб-қилмоқда ва уларни мол бошига янги тўлов жорий қилинганидан огоҳлантирмоқда:

- Ҳар хўжаликда мол бор¸ кимдадир ўнта¸ кимдадир 30-40 тадан қўйи бор. Бизга келганлар бундан кейин қўй бошига 9400 сўмдан солиқ тўлайсан¸ ўзингникими¸ акангники¸ тоғангники фарқи йўқ бизга¸ деб айтди.Қорамолга бундан ҳам кўп экан.Нимага тўлаймиз¸ десак тузук изоҳ ҳам беришмади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган нурободлик.

Мавзуни ўрганиш жараëнида аëн бўлишича¸ асосан дашт ва чўл ҳудуди бўлган Нурободда яшовчи аҳолининг кўпчилигиўз моллари баробарида аҳоли зич яшайдиган ва яйлов майдонлари ўта чекланагн Каттақўрғон ва Жума каби қўшни тумандагилар молини ҳам ижарага боқиб беради.

Вазиятдан хабардор маҳаллий кузатувчининг билдиришича¸ маҳаллий яйлов ерларидан кимнинг нима мақсадда фойдаланишини тартибга солиш ҳаракати анча аввал бошланган:

- Нуробод чўл жой¸ одамлар¸ масалан қўй бошига ойига 7-10 минг сўм берадиган бошқа райондагиларнинг молини боқиб беради. Ўтган йил ҳокимлик аҳолига бошқа туманларнинг молини боқиб бермасликдан огоҳлантирган эди. Бу ҳақда қарор ҳам чиқаришган адашмасам. Лекин одамлар барибир тирикчилик учун бу ишни қилаяпти ва маҳаллий чорвадорлар¸ ўз молини боқаëтган чўпонларнинг молига ўт етмай қолаяпти. Шу ҳақда шикоят кўпайган бўлса керак. Шуни тўхтатиш учун солиқ солаëтган бўлиши мумкин¸ дейди ўз шахси очиқланмаслигини истаган бу манба.

Яйлов эгасиз эмас...

Озодлик мавзуни ўрганиш жараëнида солиқчилар уйма-уй юриб¸ ҳар хўжаликдаги мол сонини санаб чиқаëтган қишлоқлардан бири оқсоқоли билан ҳам суҳбатлашди.

Ҳокимиятнинг бу фаоли таъкидича¸ “шаҳар бедарвоза эмас”:

- Давлат ҳисобидаги молларнинг ўтлайдиган яйлов чегараси бор. Лекин аҳолиям ўз шахсий молларини шу яйловда ўтлатади¸ бир сўм давлатга солиқ тўламайди. Бу яйлов учун ширкат хўжалиги ер солиғи тўлаяпти. Шунинг учун ҳозир ким молини қаерда ўтлатаëтгани ҳақида маълумот тўпланаяпти. Ҳоким бова фармойиш чиқарган¸ ҳозир ҳокимият¸ солиқ идораси мониторинг ўтказаяпти. Юзта¸ икки юзта моли бор хўжаликлар бор биз¸ шулар молларини қаерда ўтлатаяпти¸ бу ер учун солиқ тўлаяптими¸ деб ўрганиб юришибди. Моллар саналиб¸ солиққа тортилади¸ деди Нуробод туманидаги маҳаллалардан бирининг Озодлик суҳбатлашган фаоли.

Маҳалла фаолининг таъкидича¸ ўтган йилларда яйловда мол боққани учун жисмоний шахсларга тўлов солинганига гувоҳ бўлмаган. Жорий йилда бундай тўлов киритилиш сабабини изоҳлашга уринган бу суҳбатдош:

- Сабаби¸ ширкат хўжаликларининг ер солиғи бўйича қарздорлиги ошиб кетаяпти. Ширкат хўжаликлари тўғридан-тўғри давлатники. Аниқроғи¸ Тошкентдаги қоракўлчилик концернига қарашли. Шунинг учун улар бу ерларда мол боқиб¸ даромад қилаëтганлар ҳам ер солиғини тўласин¸ деяпти. Бу даромад солиғи эмас¸ ердан фойдаланганлик учун тўлов аслида¸ дея шарҳ берди.

Озодлик билан суҳбатда Нуробод туман ҳокимлиги расмийси ҳам айни кунларда нафақат ўз тумани¸ балки бутун республика¸ хусусан¸ Самарқанд вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорининг ижросига киришилганини тасдиқлади:

- Вилоят ҳокими қарор қабул қилди¸ хабарингиз йўқми? Яйлов бўйича қарор қабул қилинган Вазирла Маҳкамасида. Йирик шохли чорва бўйича энг кам иш ҳақининг (2014 йилнинг 15 декабрь кунидан эътиборан Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдори 118¸4 минг сўм қилиб белгиланган - таҳ.) 20 фоизи миқдорида¸ майда шохли чорва учун 8-10 фоиз миқдорида тўлов жорий қилинди. Ҳозир солиқ идораси¸ ҳокимият ишлаяпти. Бу аҳоли қарамоғидаги чорва учун солинаëтган солиқ эмас. Бунга солиқ солинмайди. Давлат еридан фойдаланганлик учун яйлов тўлови бу. Туман ҳокимлиги заҳирасидаги ерлардан¸ ширкат хўжалиги заҳирасидаги ерлардан фойдаланиб¸ чорва боқаëтгани учун жисмоний шахслардан чорва моли сонига қараб қарорда белгиланган шаклда тўлов ундирилади. Бу ноқонуний эмас¸ қонуний. Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан яқинда¸ 10-15 кун бўлиб қолди адашмасам. Бу “Ер тўғрисида”ги қонунга асосланган¸ деган ҳокимлик расмийси Вазирлар Маҳкамаси қарорининг айнан қайси куни¸ қайси рақам остида қабул қилингани ва номланишини ҳозир аниқ айта олмаслигини қўшиб қўйди.

Ҳокимлик расмийси ҳам ўтган йилларда яйлов тўлови бўлмаганини билдирди ва аҳолининг кадастр бўйича ўзига қарашли ва солиқ тўланган ерида боқаëтган молларининг тўловга тортилмаслигини таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик кузатувчи “давлат ғазнасига солиқ йиғилсин” деган иддао билан қабул қилинган янги қарор¸ амалда яна солиқчилар ва ҳокимиятдагилар чўнтагини қаппайтириш учун очилган яна бир охурга айланганини айтади:

- Ҳозир ҳўлу қуруқ баравар ëнаяпти. Халқни ўз моли учун солиқ тўлашга мажбур қилишаяпти. Бировларнинг юзлаб¸ минглаб молини боқиб¸ бизнес қилаëтганлар солиқчининг чўнтагига айтганини солиб қўйса бўлди¸ давлатга солиқ ундиришни дарров унутишади. Жабр¸ ўз молини яйловга олиб чиқиб боқаман¸ деганларга бўлади. Мол боқишга яйлов бўлмаса¸ булар нима қилсин. Энди боқса-боқмаса уларни мол бошига пул тўлашга мажбур қилишади¸ дейди маҳаллий кузатувчи Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда ер асосан пахта ва ғалла каби қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришга ажратилгани боис¸ мамлакатда чорвачилик билан шуғулланишнинг йил сайин қийин ва қимматлашиб бораëтгани кузатилмоқда.

Асосан дашт ва чўл ҳудудларидагина сақланиб қолаëтган чорвачилик¸ хусусан¸ шахсий хўжаликлардаги чорвачилик¸ кузатувчилар таъкидича¸ Вазирлар Маҳкамасининг бу қароридан сўнг янада таназзулга юз тутиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG