Линклар

logo-print

АҚШ делегацияси Марказий Осиё пойтахтларида Афғонистонни муҳокама этмоқда


Armenia -- Daniel Rosenblum, co-chairman of the U.S.-Armenia Joint Economic Task Force, at a news conference in Yerevan, 15Nov2010.

Armenia -- Daniel Rosenblum, co-chairman of the U.S.-Armenia Joint Economic Task Force, at a news conference in Yerevan, 15Nov2010.

АҚШ Давлат департаментининг нуфузли делегацияси шу кунларда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилмоқда. 22 апрель куни Тошкентда музокара қилган делегация таркибида АҚШ давлат котибининг минтақа масалалари бўйича икки ёрдамчиси ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси иштирок этди. АҚШ дипломатлари Марказий Осиё пойтахтларидаги музокаралар кун тартиби ҳақида умумий маълумотлар билан чекланмоқда.

Ўзбекистон расмийлари 22 апрель куни кечқрун тарқатган қисқа баёнотда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Дэниел Розенблум бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қабул қилгани айтилади.
АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили ўринбосари Лорел Миллер ва Тошкентдаги элчи Памела Леора Спратлен иштирокида ўтган учрашувда асосий эътибор Афғонистондаги вазият ривожига қаратилди, дейилади ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Расмий Вашингтон 20-24 апрель кунлари Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга бориши ҳақида давлат департаменти делегация сафарга жўнатилган куни маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти 20 апрель куни эълон қилган баёнотда “Марказий Осиёнинг беш республикаси минтақадаги барқарорликка муҳим ҳисса қўшаётганини инобатга олган ҳолда идоралараро гуруҳ” беш кун давомида беш малакат пойтахтларининг ҳар бирида ҳукумат расмийлари билан “АҚШнинг минтақага доир давомий мажбуриятлари ҳамда Афғонистонда рўй берган сўнгги воқеаларни муҳокама қилади”, дейилади.

Расмий баёнотда “давомий мажбуриятлар” ва “Афғонистондаги сўнгги воқеалар” деганда, жумладан ўтган йили Миллий Муроса Ҳукуматининг сайланиши, НАТОнинг Қатъий ёрдам миссияси бошланганига доир умумий изоҳлар билан чекланилиб, муҳокамалар кун тартибига доир тафсилотлар келтирилмаган.
Идоралараро делегация таркибида қайси вазирликлар вакиллари борлиги ҳам расмийлар тарафидан изоҳлангани йўқ.

Америка Овози мухбири Навбахор Имомованинг ўз манбаларига таяниб айтишича, делегация таркибида Розенблум ва Миллердан ташқари АҚШ Мудофаа вазирлиги мулозми ҳам бор.

- Асосан, давлат департаменти ва Пентагон вакиллари бор. Хусусан, Пентагондан Марказий Осиё бўйича юқори лавозимдаги расмий Кристиан Абизайд бор. Лекин бу икки вазирликлар Америка ҳукуматининг бошқа агентликлари билан ишлайдиган мутахассислари ҳам бор, масалан, давлат департаментининг разведка масалалари билан шуғулланадиган мутахассиси бор, дейди ҳамкасбимиз.

Бундай “маслаҳатлашувлар” кейинги беш йил давомида “марказий-осиёлик ҳамкорларимизнинг” ҳукуматлари илитимосига кўра ўтказилган, дея қайд этилган расмий баёнотда бу сафарги музокаралар қандай вазият билан шартлангани ёки аввалдан режалаштирилганми, йўқми аниқлаштирилмаган.

Америка Овози мухбири Навбаҳор Имомованинг айтишича, ташриф 20 апрель куни Ашхободда Туркманистон ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувдан бошланган. Озодлик манбаларига кўра, делегация 21 апрель куни Остонада ҳам Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида музокара қилган.

Айни пайтда, АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси вакили микрофонсиз суҳбатда, делегациянинг Бишкекка 23 апрель куни келишини билдирди. Лекин учала республикадаги АҚШ элчихоналари вакиллари музокаралар кун тартиби борасида изоҳ беришдан бош тортишди.

Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Дэниел Розенблум охирги марта йил бошида Ўзбекистонга ташриф буюриши ортидан Вашинтон Тошкентга юзлаб зирҳли ҳарбий машина ҳадя этиши ҳақида эълон қилинган эди.

Америка овози мухбири Навбаҳор Имомова бу сафар бундай янгиликлар кутилмаслигини айтади.

- Ўтган сафар Розенблум Тошкентга борганида 300дан ошиқ зирҳли машина Тошкентга тақдим қилиниши айтилди, лекин бу мавзуни ёритган журналист сифатида айтишим мумкинки, бу масала бир кунда ҳал бўлмаган. Машиналарни тақдим қилиш қарори ундан икки йил аввал қабул қилинган эди. Расмийларнинг бу борада сукут сақлаётгани сабаби оддий, гапирадиган гапнинг ўзи унчалик кўп эмас, дейди журналист.

АҚШ ҳукумати делегациясининг, номаълум сабабларга кўра, асосан сир сақланаётган ташрифи Афғонистон шимолида хавфсизлик вазияти ёмонлашаётган пайтга тўғри келмоқда. Хусусан, сўнгги ҳафталарда Тожикистон билан чегарадош Бадахшон вилоятининг тоғли ҳудудларига Толибон ва хорижий жангари гуруҳлар тўпланаётгани кузатилмоқда.

Афғонистон расмийларининг Озодликка билдиришича, юзлаб жангарилар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари кўпчиликни ташкил қилади.
Бундан ташқари Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари тарафидан “Исломий давлат” гуруҳи минтақага таҳдид солаётганига доир баёнотлар тез-тез янграмоқда.

Тошкентлик журналист, Узметроном нашри бош муҳаррири Сергей Ежков бундай нуфузли делегациянинг тўрт кун ичида бешта пойтахтга блиц-ташрифи АҚШ ҳукуматининг Афғонистондаги ҳарбий миссиясини якуний босқичга ўтказаётган пайтда Марказий Осиё ҳукуматларининг тўла таянчини қозониш ҳаракати билан боғлиқ, дея таъкидлайди.

- Албатта, бу асосан Афғонистон билан боғлиқлиги аён. Менимча АҚШ Афғонистондаги ҳарбий миссиясини якунлар экан минтақа давлатларининг бу жараённи имкон қадар камроқ йўқотишлар билан якунлашда тўла ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кафолатлашни истайди. Менимча, бу жараён билан боғлиқ техникавий жиҳатларни ҳам гаплашиб олишмоқчи, дейди Ежков.

XS
SM
MD
LG