Линклар

OzodJavobнинг навбатдаги сонида қарз олди-бердиси борасидаги муаммоларни ҳал қилиш йўллари борасида суҳбатлашамиз.

Бухоролик Карим ака OzodJavobга мурожаат қилиб, танишига қарзга пул бергани, лекин орадан анча вақт ўтганига қарамай пулини қайтариб ололмаётганини айтиб, ёрдам сўради:

“Бир дўстим қарзга пул сўради. 2000 доллар. Бермасам, хафа бўлади, ўртадаги оқибатга путур етади, дедимда, пул бердим. Уч ойга сўраганди. Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бир неча бор сўрадим. Имкони йўқлигини айтади. Пулни яқин орада қайтаришига кўзим етмаяпти. Пулни берганимда фақат тилхат олганман. Тилхатда фақат унинг имзоси бор. Нотариал тасдиқланмаган. Энди нима қилишни билмай бошим қотаяпти. Бундай вазиятда бирор нарса қилиш мумкинми”, дея сўради бухоролик Карим ака.

Ўзбекистон қонунларида қарз-олди бердисига қарши бирор монелик йўқ. Шу боис қарз олди-бердиси билан боғлиқ низолар ҳам мамлакат қонунларида кўзда тутилган.

“Фуқаролик кодекси”нинг 41-боби, “Қарз” бўлимида жисмоний шахслар ўртасидаги қарз-олди бердисининг қонуний кўринишлари қайд қилинган.

Қарз олди-бердиси билан боғлиқ низолар юзага келган тақдирда ҳар қандай ёзма ҳужжат, жумладан, қарз олингани тўғрисидаги тилхат орқали иш судга оширилиши мумкин.

Демак, қарз олувчи олинган пулни белгиланган вақтда қайтариб бера олмаса ва томонлар ўртасида низо юзага келса, иш маҳкама орқали ҳал қилиниши мумкин.

Лекин суд фуқаролар ўртасида тузиладиган қарз шартномасининг суммаси минимал ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ (1 миллион 184 минг сўм)ни ташкил этганда гувоҳларнинг кўрсатмасини инобатга олмайди. Бундай вазиятда суд фақат ёзма ҳужжатларни инобатга олади.

Минимал ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам суммага тузилган қарз шартномаси бўйича эса, суд гувоҳларнинг кўрсатмасини инобатга олиши мумкин.

Кодексга кўра, ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас. Лекин шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳоллар бундан мустасно.

Амалдаги тартибга кўра, агар қарзга берилаётган пул суммаси минимал ойлик иш ҳақининг ўн баробаридан кам бўлса, томонлар ўртасида оғзаки шартнома тузилиши мумкин.

2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб, энг кам иш ҳақи ойига 118 400 сўм қилиб белгиланган.

Демак, 1 миллион 184 минг сўмдан кам суммадаги пулни қарзга бермоқчи ёки олмоқчи бўлсангиз олди-бердини нотариал тасдиқлатиш шарт эмас. Бундай ҳолатда ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя қилади. Агар қарз суммаси бундан кўп бўлса, томонлар ўртасида қарз шартномаси тузилиб, нотариал тасдиқлатиш лозим бўлади.

Қарз шартномасини нотариал тасдиқлатиш мажбурий бўлмай, фақат томонлар хоҳишига боғлиқ. Бу тарафлардан бирининг (аксарият ҳолларда, қарз берувчининг) талаби билан амалга оширилиши мумкин.

Шартнома нотариал тасдиқлангани учун тўланадиган давлат божи юқори бўлиб, уни тўлаш мажбурияти қарздор зиммасига юкланади.

Қарз шартномасини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида давлат божи белгиланган. Дейлик, 15 миллион сўм қарзга берилаётган бўлса, 150 минг сўм давлат божи тўлаш лозим. Бироқ қарз шартномасининг суммаси кам бўлса, тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақи (118 400 сўм)нинг 20 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Нотариал ҳа­ра­катларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, қарз шартномаси хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин. Унда қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилиши усуллари кўрсатилади.

Қарз олувчи қарзга олинган пулни бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пул миқдорига баравар қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул қайтарилган пайтдан бошлаб узилган ҳисобланади.

Ўзбекистонда пулни қарзга берганда фоиз талаб қилиш (судхўрлик)га ҳам монелик йўқ. “Фуқаролик кодекси”нинг 734-моддасига кўра, фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланиши лозим. Қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Солиқ инспекцияси ходимларидан олинган маълумотга кўра, фоизга пул қарз берган фуқаро топган даромадининг 8,5 фоизи миқдорида солиқ тўлаши шарт ҳисобланади.

*****
Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofonманзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG