Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

“Ялла”нинг илк хонандаларидан бўлган Шаҳбоз Низомиддинов оламдан ўтди


Шаҳбоз Низомиддинов.
Шаҳбоз Низомиддинов.

Совет Ўзбекистонидаги миллий вокал-чолғу ансамблларидан энг машҳури - “Ялла” гуруҳининг илк хонандаларидан бири Шаҳбоз Низомиддинов 23 апрель тонги соат учдаа вафот этди. Етмишни қоралаган хонанданинг юрак хуружи туфайли оламдан ўтгани айтилмоқда.

Марҳум санъаткор Шаҳбоз Низомиддинов билан бирга ишлаган "Ялла" ансамбли мусиқачиси Алиаскар Фатхуллин Озодлик билан суҳбатда ўзбек қўшиқчилик санъати катта жудоликка учраганлигини таъкидлади:

- Жуда катта йўқотиш. Шаҳбоз "Ялла" гуруҳи асосчиларидан бири сифатида Ўзбекистонда эстрада ривожи учун улкан ишлар қилган эди. У яна кўп ишлар қилиши мумкин эди. Афсус. Худо раҳмат қилсин дўстимизни¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳбоз Низомиддинов 1946 йили Андижонда дунёга келган. Отаси Шаҳобиддин Низомиддинов ўша пайтда Андижон театрида режиссёрлик қилган.

Санъаткорлар оиласида вояга етган Шаҳбоз ака ота изидан бориб, Тошкент Театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирган. Кейинчалик институт қошида ташкил этилган “Ялла” гуруҳига кириши унинг санъатдаги йўлини тамоман ўзгартириб юборган.

“Ялла” гуруҳида ўн йил ишлаган Шаҳбоз Низомиддинов кўпчилик мусиқа ихлосмандларининг олқишини қозонган.

80-йилларда соғлиғи ёмонлашгани туфайли даволаниш учун Москвага кетган Шаҳбоз Низомиддинов соғайганидан кейин “Ялла”га қайтишга қайтишга уринган, бироқ бу ҳаракатлари самара бермаган. Бунга гуруҳ аъзолари ўртасидаги рақобат сабаб бўлгани айтилади. Бироқ Шаҳбоз Низомиддинов аввал ўзбек нашрларига берган интервьюсида бу зиддият тафсилотларига тўхталишни истамаган.

Кейинчалик у Ўзбекистон радиосининг эстрада-симфоник оркестрида яккахон хонанда сифатида ижод қилган.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Шаҳбоз Низомиддинов ўз фарзандлари билан биргаликда оилавий гуруҳ тузган. Мухлислар Шаҳбоз Низомиддинов ва болаларининг “Каратэ”, “Капалак” ва бошқа қўшиқларини яхши эслашади.

Шаҳбоз Низомиддинов ўзбекистонлик таниқли актриса Зарина Низомиддинованинг отасидир.

Озодлик марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.

Қуйида ўзига хос овоз соҳиби Шаҳбоз Низомиддинов ижро этган қўшиқлардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

XS
SM
MD
LG