Линклар

Ҳакерлар Россия бош цензори мактубларини ошкор қилди


“Роскомнадзор” раиси хатларидан бири.

“Роскомнадзор” раиси хатларидан бири.

“Шалтай-болтай” номи билан ҳам маълум бўлган Anonymous International ҳакерлар гуруҳи Россия оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи давлат агентлиги етакчиси Александр Жаровнинг электрон почтасини бузишга муваффақ бўлди.

Жамоатчиликка сиздирилган электрон хатлардан Россия ҳукуматининг мамлакат матбуотини борган сари қаттиқ сиқувга олаëтгани англашилади.

Шунингдек¸ ҳакерлар сиздирган мактублар Кремлнинг бундан сўнг расмийларнинг Қримда ҳордиқ чиқариши бўйича буйруқлари ҳатто жаноб Жаровнинг ҳам ғазабини келтирганини кўрсатади.

“Роскомнадзор” “Эхо Москвы”да чоп этиладиган материалларни назорат қилади

“Эхо Москвы” радиоси сўз эркинлиги кўрсаткичи нисбатан юқори бўлган саноқли ахборот воситаларидан бири ҳисобланади. Қизиғи шундаки, бу радионинг бош ҳиссадори ҳукумат бошқарувидаги “Газпром-Медиа Ҳолдинг” ширкатидир.

Ошкор қилинган хатлар радионинг яқинда тайинланган директори Михаил Дёмин айрим мақолаларни чоп этишдан аввал “Роскомнадзор”дан тўғридан-тўғри изн сўрашини кўрсатади.

“Илтимос, қуйидаги материалларни кўриб чиқинг. Бирор изоҳ ёки шикоятингиз борми?” деб ёзган Дёмин 2 февраль куни Жаровга юборган хатида.

Дёмин яна ўз хатида машҳур журналист ва Кремль танқидчиси Евгения Альбац чиқишларининг яқин келажакда “Эхо Москвы”датўхтатилиши мумкинлигини ҳам айтади.

24 февраль куни Дёмин 1 март куни бўладиган мухолифат намойишини тарғиб қилувчи роликни “Эхо Москвы” сайтида чоп этишни сўраб юборилган хатни Жаровга қайта юборган.

“Роскомнадзор” “Дождь” канали танқиди атайин бўрттирилганини тан олади

“Дождь” телеканали ўтган йил январь ойида ленинградликлар кўпроқ одам тирик қолиши учун фашистлар Германиясига таслим бўлиши керак эдими, ёки йўқ деган мазмунда сўров ўтказгани учун “Роскомназдор”дан танқид хатини олган эди.

Бу сўровнома тортишувларга сабаб бўлди ва Россиянинг йирик кабель операторлари “Дождь” каналини кўрсатмай қўйишди. Октябрь ойига келиб канал Москвадаги офисини бўшатишга мажбур бўлди.

Anonymous International ошкор қилган хатлар орасида “Роскомнадзор”нинг информацион технологиялар ва матбуот бўлими бошчиси Вадим Субботин мактублари ҳам бор. Ўз хатида Субботин “Дождь”га юборилган танқид хати “ўта бўрттирилган ва сохта” эканини тан олади. Мазкур хат “Роскомнадзор” бошлиғи ўринбосари Максим Ксензовга юборилган.

“Роскомнадзор” Greenpeace намойишида қўлга олинган мухбир ҳақида лом-мим демасликка қарор қилган

2013 йил октябрь ойида “Роскомнадзор” сураткаш Денис Синяков ишини кўриб чиққан. Синяков Арктикада нефть қазиб олинишига қарши уюштирилган Greenpeace намойиши давомида қўлга олинган 30 кишининг бири бўлган.

Қўлган олинганларнинг барчаси аввалига қароқчиликда айбланган бўлса-да¸ кейинроқ бу айбловлар олиб ташланди.

Anonymous International сиздирган мактубларга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича президент қўмитаси Синяковнинг қўлга олиниши “матбуот ҳақидаги қонунга зид” эканини айтганидан кейин, Ксензов ўз ишчиларига бу масала бўйича бирор қарорга келишни буюрган.

Афтидан, Синяков иши бўйича турли қарашлар билдирилган. “Роскомнадзор” расмийларидан бири унинг қўлга олинишини маъқуллаган; бошқа расмий бўлса Синяков қароқчилик қилмагани¸ унинг шунчаки сурат олганини айтган.

Бундай мулоҳазалар якунида Ксензов: “Ҳозирча индамаймиз”, деган тўхтамга келган.

Россияда ҳордиқ чиқариш – катастрофа

Қрим аннексиясидан кейин Кремль юқори лавозимдаги кўплаб расмийлар, жумладан “Роскомнадзор” етакчиларига хорижда ҳордиқ чиқаришни мань қилди.Осиë ва Европа денгизлари ўрнига рус мулозимларига Қрим яриморолига бориб дам олиш тавсия қилинди.

Жаровнинг ошкор қилинган мактублари орасида унинг ўзи ва оиласи учун Россияда таътил уюштиришга қилган ҳаракатлари билан боғлиқ хат жуда кўп.

Жаров “Русал” ширкатининг энергия бўлими директори Павел Уляновга Сочида жойлашган маъдан сувли меҳмонхонада қолиш учун 30 фоиз чегирма олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Чегирма берилиши ҳақида хабар олишига қарамасдан, Жаров Россияда ҳордиқ чиқаришга мажбурлигидан нолиган.

“Тузук жойларнинг нархи Европадаги юқори сифатли меҳмонхоналарникидан камида икки-уч марта баланд. Бу – катастрофа. Нима қилишни ҳам билмайман”, деб ёзади ҳакерлар ўғирлаган электрон хатида Россиянинг бош цензори Жаров.

XS
SM
MD
LG