Линклар

logo-print

Ўзбекча Викилуғат қўшни тиллардаги викилуғатлардан 20 марта бой!


Озодлик радиосининг OzodWiki лойиҳаси яна ўз ишини бошлаяпти.

OzodWiki илмий-маърифий лойиҳа бўлиб, унинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекча Википедиянинг ривожланишига ҳисса қўшишдир.

Википедияни Викимедиа Жамғармаси бошқаради. Жамғарманинг Википедиядан бошқа лойиҳалари ҳам бор. Бугун ана шу лойиҳаларнинг бири – Викилуғат ҳақида сўз юритамиз.

Викилуғат - Википедияга йўлдош

Викилуғат Википедияга лексик ҳамроҳ сифатида яратилган. Лойиҳанинг мақсади ҳамжиҳатлик билан эркин ва кўп тилли луғат тузишдир.

Викилуғатнинг ўзбекча бўлими ҳам бор

Ўзбекча Викилуғатнинг олдига қўйган мақсади дунёнинг барча тилларидаги барча сўзларга ўзбекча изоҳ беришдир. Ўзбек тилидаги Викилуғат кейинги йилларда анча ўсди. Ҳозирги кунда унда 170 га яқин тилдан олинган минглаб сўзга 113 810 та ўзбекча изоҳ бор.

Викилуғатнинг бошқа луғатлардан фарқи катта

Викилуғатнинг оддий луғатлардан афзалликлари кўп. Биринчидан, Викилуғатда керакли сўзни топиб олиш жуда осон. Китоб шаклида чоп этилган луғатда бирор сўзни топиш учун тегишли саҳифани очиш керак. Ҳозирги кунда ziyouz.com каби сайтларда ўзбекча луғатларнинг электрон нусхалари ҳам бор. Аммо уларда ҳам керакли сўзни топиш осон эмас.

Бундай луғатлар китоб луғатлардан унча фарқ қилмайди – бирор сўзни топиш учун луғат саҳифаларини варақлаш керак. Викилуғатда бўлса ҳар қандай сўзни қидирув ойнасига ёзсангиз, натижа дарҳол чиқади.

Викилуғатнинг яна бир афзаллиги

Унда сўзлар туркумларга ажратилган. Бу дегани ўзингизни қизиқтирган бир гуруҳ сўзни осонликча топиб олишингиз мумкин. Масалан, луғатда астрономияга оид сўзлар, китобий сўзлар, шевага оид сўзлар, китобий сўзлар, эскирган сўзлар ва бошқа жуда кўп туркумлар бор.

Ниҳоят, Викилуғат оддий луғатларга қараганда анча мукаммал

Унда сўзнинг нафақат изоҳи, балки этимологияси, талаффузи, синонимлари, антонимлари, шу сўз иштирок этган содда иқтибослар ва таржима сўзлар ҳам бериб борилади.

Ўзбекча викилуғат минтақа тилларидаги викилуғатлар орасида энг бойидир

Викилуғатнинг 171 тилдаги бўлими яратилган. Марказий Осиё тилларидаги бўлимлар орасида энг саҳифаси кўпи Ўзбекча Викилуғатдир.

Қуйидаги маълумотларга диққат қилинг:

Викилуғат бўлими Саҳифалар сони

Ўзбекча 113 810

Қозоқча 5 568

Тожикча 5 325

Туркманча 4 498

Қирғизча 3 711

Хўш, бу муваффақиятнинг сири нимада?

Викилуғат соҳасида ўзбеклар ўз қўшниларидан нега бу қадар илгарилаб кетди?

Шу ва бошқа саволларимизни Wiki-экспертимиз Нодир Отаевга бердик.

Суҳбатни эшитишга эринганлар қуйидагиларни ўқиб қўйса ҳам бўлаверади :)

Wiki-эксперт Нодир Отаев деди: Ўзбек тилидаги Викилуғатга бот, яъни махсус дастур ёрдамида китоб шаклида чоп этилган бир неча луғатдаги сўзлар қўшилган.

Хусусан, луғатга 2006-2008 йилларда чиқарилган, 80 мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олган „Ўзбек тилининг изоҳли луғати“даги барча сўзлар киритилган.

Викилуғатни янада бойитиш учун кўпроқ кўнгилли жалб этишимиз керак. Ҳозирги кунда луғатнинг ишлаши бўйича қоида ва кўрсатмаларимиз яхши ишлаб чиқилмаган. Буни тузатиш учун бошқа тиллардаги Викилуғатларда қабул қилинган қоидаларни ўзбек тилига ўгириш мумкин.

„Ўзбек тилининг изоҳли луғати“да берилган изоҳлар бот ёрдамида олингани учун сўзларнинг арабча, форсча ёзилиши хато кўрсатилган. Шу каби хатоларни тузатиш учун арабча, форсча биладиганларнинг ёрдами керак. Бундан ташқари, луғатга киритилмаган сўзлар ҳақида янги саҳифа яратиш мумкин.

Ниҳоят, мавжуд саҳифаларни мисоллар, иқтибослар қўшиш орқали яхшилаш мумкин.

Сизни Викилуғат cаҳифаларида кутиб қоламиз!

XS
SM
MD
LG