Линклар

Тошкентда уй ва квартиралар нархи арзонлай бошлади


Квартира ва уй даллолари фикрича¸ бугун Тошкентда оламан дегандан сотаман деганнинг кўпайиб кетгани нархлар динаминаси ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Квартира ва уй даллолари фикрича¸ бугун Тошкентда оламан дегандан сотаман деганнинг кўпайиб кетгани нархлар динаминаси ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк савдоси ва бу бозор таҳлили билан шуғулланувчи бир-биридан мустақил бир неча манба 23 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон пойтахтида кўп қаватли уйлар¸ шунингдек хусусий ҳовлилар нархи пастлай бошлаганини билдирди. Россиядан келаëтган доллар миқдорининг кескин қисқариши билан боғлиқ бу пастлаш тенденциясининг келаси ойлар кучайиши башорат қилинмоқда.

Йиллардан бери Тошкентда уй олди-бердиси билан шуғулланиб келаëтган даллоллардан бири Озодлик билан суҳбатда апрель ойига келиб пойтахт кўчмас мулк бозоридаги нархлар йўналиши турғунликдан чиқиб пастга қараб кета бошлаганини айтади:

- Нархлар секин орқага қайтаяпти. Нарх ўтган ойларга қараганда 3-4 минг долларга тушди. Катта тушиш йўғу¸ бозорда уй оламан деган камайиб кетди. Сотадиган одам сўраëтган нарх билан оламан деган бераëтган баҳо тўғри келмаяпти. Бозорда талабдан таклиф кўпроқ ҳозир. Бозор ўлди¸ дейолмайманку¸ лекин анча сустлашгани бор гап¸ дейди Тошкент кўчмас мулк бозоридаги даллоллардан бири.

Тошкент кўчмас мулк бозоридаги нархлар динамикасини мунтазам таҳлил қилиб келаëтган CREDO MAX ESTIMATION баҳолаш гуруҳи ўз сўнгги ойлик ҳисоботида апрель ойига келиб пойтахт квартиралари нархидаги ўсиш тўхтаганини эълон қилган эди.

Гуруҳ ҳисоб-китобига кўра¸ март ойида Тошкентдаги квартиралар ҳар метр квадрати нархи ўртача 788 АҚШ долларини ташкил этган ва бу кўрсаткич февралга нисбатан деярли ўзгармаган.

Озодлик билан суҳбатда мазкур гуруҳ таҳлилчиларидан бири¸ апрель ойида Тошкент кўчмас мулк бозори нархларида пастлаш бошланганини эътироф этди:

- Ҳозирча апрель ойига оид сўнгги рақамлар йўқ қўлимизда. Аммо тахминимизча¸ нархлар пасаймоқда ва бу пасайиш 1-2 фозини ташкил этади¸ деди Тошкент кўчмас мулк бозоридаги нархлар динамикасини кузатиб келаëтган таҳлилчи.

Ўзбекистоннинг энг қиммат ва кўчмас мулк бозори пойтахт пропискаси йўқларга ëпиқ қолаëтган шаҳри Тошкентда квартиралар нархининг пастлаши сабабларига тўхталган кузатувчилар бу тенденциянинг Россиядаги иқтисодий бўҳронга бевосита ва билвосита боғлиқ эканини таъкидладилар:

- Нарх пасайиши¸ биринчидан¸ бозорда долларнинг ошиб кетгани билан боғлиқ. Доллар 4500 сўмга чиқиб кетди. Бошқа томондан¸ Ўзбекистонга Россиядан доллар юбориш ҳам кескин камайган. Ўзи одамлар Россияга кетолмай қолди. У ерда иш топиш¸ ишлаш жуда қийин бўлиб кетибди. Одамларнинг қўлида пул йўқ. Шунга уйлар нархи тушаяпти¸ деди Озодлик суҳбатлашган далоллардан бири.

Бу ва бошқа кўчмас мулк мутахассислари фикрича¸ апрель ойидан кўрина бошлаган нархлардаги пасайиш узоқ давом этадиган тенденциянинг муқаддимаси бўлиши мумкин.

Таҳлилчилар тахминича¸ Россия ва бошқа хориж давлатларидан келаëтган валюта оқимининг кескин қисқариши¸ қора бозордаги доллар ва унга боғланган асосий истеъмол моллари нархининг эса аксинча ошиб бораëтгани¸ қолаверса тўй мавсумининг бошлангани ëз ойларида кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг янада тушиб кетишга сабаб бўлиши мумкин.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари 2015 йилда мамлакатдаги муҳожирлар сони 70 фоизга¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони эса¸ 30 фоизга камайганини эълон қилган эди.

Айни пайтда Россия Марказий банки баëнотига кўра¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанига юбораëтган пул жўнатмалари 2015 йилнинг биринчи уч ой ичида 35 фоизга қисқарган ва иқтисодчилар бу жараëн аҳоли харид қувватига жиддий таъсир қилганини таъкидламоқда.

Харид қувватининг заифлашиши эса¸ кузатувчилар фикрига кўра¸ авваламбор кўчмас мулк бозори¸ шунингдек машина каби ҳашамат моллари савдосида акс этмай қолмайди.

Ўзбекистондаги ярим расмий нашрларнинг ëзишича¸ Ўзбекистонда яқин тарихда илк бор минилган машиналар нархи 25-30 фоизга арзонлаган.

2011-2013 йилларда Тошкентдаги квартира ва хусусий ҳовлилар нархи ундан олдинги йилларга нисбатан 12¸6-16¸3 фоизга ошган бўлса¸ 2014 йилда бу ошиш 10¸7 фоизни ташкил қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG