Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:45

Тошкентдаги уч катта бозор таъмирланади


Тошкент шаҳри ҳокимияти расмийлари шаҳардаги учта йирик бозор – Яшнаобод (аввалги Кадишев бозори) ва Юнусобод бозорлари реконструкция қилиниши ва қайта қуриш ишлари яқин ойларда бошланишини айтишмоқда.

Ҳокимият расмийларига кўра, бозорларида бошланажак рекострукция доирасида у ердаги савдо расталари таъмирланади, бўш жойларда бир нечта йирик супермаркетлар, ёпиқ савдо мажмуалари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус кондиционер ва совутгич хоналари қурилади, бозорларнинг кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган қисмидаги савдо расталари аниқ белгиланиб, қайтадан барпо этилади:

- Ҳозир ҳокимият бу ишлар учун бир миллиард сўм ажратган. Нафақат савдогарлар, xаридорлар учун ҳам шароит яратилади, бозорга яқин йўлларда тирбанд бўлиши олдини олиш учун автостоянкалар қурилади. Кенг кўламли реконструкция ишлари ҳақида гап кетяпти бу ерда, дейди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Капитал қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Лекин, Тошкент бозорларида кутилаётган реконструкция ҳақида шу бозорларда савдо қилувчи тадбиркорлар хабарсиз қолишган.

Кадишев бозорида сабзавот сотувчи Неъматжон гапиради:

- Бозор таъмирланади, деган гап анчадан бери бор. Лекин, бу қандай бўлади, савдо расталари бузиладиган бўлса, бизга қаердан жой беришади ва қандай шартлар асосида бўлади, бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса айтишмаяпти бизга, дейди тошкентлик савдогар.

Яқин ойларда реконструкция кутилаётган бозор раҳбариятидагилар ҳам қайта қуриш ишлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасликларини айтишмоқда:

- Ҳали ўзимиз ҳам аниқ бир нарсани билмаймиз. Шаҳар ҳокими келишлари керак, улар берар экан қарорни, дейди Озодлик боғланган Юнусобод бозори мутасаддиларидан бири.

Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари эса бозорлардаги реконструкция ишлари у ердаги умумий савдо жараёнига халақит қилмаган ҳолда босқичма-босқич ўтказилишини айтишмоқда:

- Бозорни у томонида реконструкция бошланса, савдо бу ёққа кўчирилади. У тарaфи тайёр бўлса, савдо ўша томонга кўчирилиб бу тарафи қилинади. Савдо расталари бузилмайди, қайтанга таъмирланади, савдогарларга шароитлар яратилади. Уларни хавфсизлигини ўйлаб қилинаяпти бу ишлар. Ҳеч қанақа ваҳимага ўрин йўқ, дейди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Капитал қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва вилоятларда бозорларнинг қайта таъмирланиши доим савдогарларнинг норозилиги фонида кечган.

Савдогарлар бозорни бузган ҳокимликни талончиликда айблашган.

Айни пайтда айрим тошкентлик тужжорлар орасида ҳам бозорлардаги реконструкциядан мақсад бозорларда айланадиган пулни назорат қилиш экани, ҳокимиятга яқин гуруҳлар бутун савдо расталари ва дўконларни савдогарларга ижарага бериб, ҳаммасини ўзларига тортишга уринмоқда, деган гап-сўзлар тарқалган.

Ҳокимиятдагилар эса бу иддаоларни кескин рад қилишади:

- Энди тадбиркорларни биласиз, давлатга ҳеч нарса тўламасдан фойда кўрсам, дейди. Патент олмасдан савдо-сотиқ қиладиганлари бор. Энди биз ҳозир шуни ҳам тартибга соламиз. Пул давлат бюджетига тушиши керак. Ҳар бир савдогар савдо сотиқдан кўрадиган даромаддан солиқ тўлаши керак ва шундай бўлади, дейди Озодлик боғланган Тошкент ҳокимияти расмийси.

XS
SM
MD
LG