Линклар

Арманлар қирғини: Қатлиомнинг юз йили


Арманистондаги Геноцид музейида сақланаётган ушбу суратда гўёки ҳарбийлари 1915 йилда Шейхалан қишлоғида қатлиом қилинган арманлар суяклари олдида тургани иддао қилинади.

Арманистондаги Геноцид музейида сақланаётган ушбу суратда гўёки ҳарбийлари 1915 йилда Шейхалан қишлоғида қатлиом қилинган арманлар суяклари олдида тургани иддао қилинади.

Бугун, 24 апрель куни Усмонли империясида 1915 йилги арман қирғини қурбонлари хотирланмоқда. Европарламент мазкур қирғиннинг юз йиллигини хотирлаш тўғрисида жорий йилнинг 15 апрелида қарор чиқарган эди. Туркия бу қирғинни "геноцид" деб баҳолаган бир қатор давлатлардан ўз элчиларини чақиртириб олди.

Арманлар ва бошқа кўплаб одам Биринчи жаҳон уруши йилларида Усмонли Империяси тахминан 1,5 миллион арман қирғин қилинганини ва яшаш жойидан ҳайдалганини иддао қилган ҳолда, бу қирғинни ХХ асрнинг илк геноциди эканини таъкидлайди.

Роппа-роса юз йил ўтиб «геноцид» деган атамани ишлатиш ёки уни ишлатишдан бош тортиш сиёсий оқибатларга олиб келмоқда.

Ҳозирги чегараси қачонлардир арманлар кўпроқ истиқомат қилган ҳудудларни ўз ичига олувчи Туркия асосан насроний бўлган арманлар орасида жуда кўп одам ўлганини тан олади. Аммо Туркия арманлар Усмонли ҳукуматининг насронийларга нисбатан олиб борган сиёсати оқибатида эмас, балки минглаб мусулмон туркнинг ҳам ҳаётига зомин бўлган уруш муҳитида ҳалок бўлганини айтиб келади.

Анқара “геноцид” атамасига кескин қарши чиқади. Геноцид бу аҳоли гуруҳларини уларнинг ирқи, миллати ёки динини асос қилиб, қисман ёки бутунлай қириб ташлаш учун қилинган махсус ҳаракатдир. Бирор мамлакат бу атамани ишлатса, Туркия дарҳол ғазабланади. Яқинда Папа Франциз арманлар қирғинини “ХХ асрнинг илк геноциди”, деб атаганидан сўнг Туркия Ватикандаги элчисини чақиртириб олди.

24 апрель куни арман қатлиоми бошланганига юз йил тўлади. Бу қатлиом 1920 йилгача давом этгани иддао қилинади. Қуйида бу қирғин турли давлатларда қандай баҳоланаётгани билан таниша оласиз.

Камида 23 мамлакатда қирғин “геноцид” сифатида баҳоланади

Бу мамлакатлар орасида Арманистон, Австрия, Аргентина, Бельгия, Боливия, Канада, Чили, Кипр, Франция, Греция, Италия, Ливан, Литва, Нидерландия, Польша, Россия, Словакия, Швеция, Швейцария, Уругвай, Ватикан ва Венесуэла бор.

Туркиянинг Европадаги энг йирик савдо ҳамкори бўлмиш Германия ҳукумати қотилликларни илк маротаба геноцидга боғловчи парламент резолюциясини қўллашини билдирди.

Европа парламенти 1987 йилда арман қирғинини геноцид деб тан олиш учун овоз берган. Жорий йилнинг арель ойида эса Европа парламенти Анқарани ҳам қотилликларни геноцид деб тан олишга ва Арманистон билан алоқаларни яхшилашга чақириб, мажбурий бўлмаган резолюция қабул қилди. Табиийки, бу Туркия ғазабини қўзғатди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу резолюция “бир қулоқдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетади”, деб айтди.

Европанинг тўрт мамлакати “арман геноциди”ни инкор қилишни ман этади…

… лекин буни амалда бажариш осон эмас.

Швейцария, Кипр, Словакия ва Греция Холокостни инкор этишни тақиловчи қонунларни қабул қилган. Лекин 2013 йилда Европа суди швейцар судининг геноцид иддаоларини “халқаро ёлғон” деб атаган туркиялик сиёсатчига жарима солиш ҳақидаги қарори “сиёсатчининг сўз эркинлигини бузди”, дея қарор чиқарганди.

Суд ўз қарорида тарихий факт бўлган Холокостдан фарқли ўлароқ, арманлар қирғини борасида ҳали ҳам тортишувлар борлигини таъкидлаган.

2012 йилда Франциянинг Конституциявий суди “арман геноцидини” рад этишни ман қилувчи қонунни бекор қилди.

АҚШ “буюк мусибат” деб атайди, лекин “геноцид” эмас

АҚШ президентлигига номзод сифатида Барак Обама қотилликларни “геноцид” деб атаган эди. Аммо ўзидан аввалги президентлардек, Обама маъмиурияти ҳам бу атамани ишлатишдан бош тортиб, унинг ўрнига “буюк мусибат” деган иборани ишлатиб келади.

Туркия тазйиқи остида Жорж Буш маъмурияти (2007 йилда) ва Обама маъмурияти (2010 йилда) АҚШ Вакиллар палатасинининг қирғинни геноцид деб тан олиш учун овоз беришига тўсқинлик қилди.

БМТ бош котиби “ваҳшиёна жиноятлар” дейди

Папа Франциз қотилликларни “геноцид” деб атаганидан кейин БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг вакили БМТ бош котиби қирғинни “ваҳшиёна жиноятлар” деб ҳисоблашини билдирди.

БМТда бу атама “ қонуний белгиланган учхалқаро жиноят: геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари” ҳақида гапирилганда қўлланилади

БМТ вакили Бош котиб Бан Ки Мун “1915 йилда содир бўлган воқеаларни таърифлаш билан боғлиқ масалалардан тўла хабардор” эканини айтди.

Туркия “оммавий зўравонлик” дейди

Туркияда 1915 йилги воқеаларни таърифлаш учун katliam (қирғин) ва tehcir (мажбурлаб кўчириш) сўзлари кўп ишлатилади. Расмийлар ҳамма тарафнинг айби борлигини кўрсатиш учун “оммавий зўравонлик” маъносини берувчи mukatele сўзини ҳам ишлатади.

Туркия жиноий кодексининг 301-моддасида турк халқини ҳақорат қилиш жиноят деб белгиланган. Авваллари арман қирғинида туркларни айблаганлари Туркия фуқаролари мазкур модда асосида жавобгарликка тортиларди. Аммо бош вазир Аҳмат Довутўғлининг маслаҳатчиси Этйен Маҳжупян “Ал-Жазира” телеканали билан суҳбатда бундай ҳоллар айни пайтда такрорланмаётганини айтган.

Шундай бўлса-да, қирғинни ошкора муҳокама қилиш турк фуқаролари учун хавфли бўлиши мумкин. 2007 йилда қирғинни “геноцид” деб атаган туркиялик арман журналисти Ҳрант Динк миллатчилар томонидан ўлдирилди. 2008 йилда Нобель мукофоти совриндори ва туркларнинг қатлиомдаги ролига урғу берган ёзувчи Орҳан Памукка суиқасд уюштиришни режалаштиришда айбланиб 13 одам қўлга олинган.

Туркларда soykirim сўзи“геноцид” маъносини англатади. Туркияда мазкур атама Холокост, Руанда қирғини ва Серебреницада босниялик мусулмонларнинг қатлиом қилинишига нисбатан ишлатилади.

Гленн Кейтс қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан таржима қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG