Линклар

Бахтиёрлик индекси: Ўзбекистон МДҲдаги энг бахтли мамлакат


Халқаро тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг "Ижтимоий сўров" ташкилоти тадқиқотига ўхшашдир.

Халқаро тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг "Ижтимоий сўров" ташкилоти тадқиқотига ўхшашдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Gallup ижтимоий сўров маркази ҳамда АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари пайшанба куни эълон қилган Бахтиёрлик индексида Ўзбекистон бу йил 158 мамлакат орасида 44-ўринни эгаллади. МДҲ мамлакатлари орасида ўзбекистонликлар энг бахтиёр, деб топилди.

Бахтиёрлик бобида Ўзбекистон бу йил дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари Япония ва Жанубий Кореяни ҳам ортда қолдирди.

Ҳисобот муаллифлари хулосаларига ишонилса, бахтиёрлик бобида собиқ совет мамлакатлари орасида Ўзбекистонга тенг келадигани йўқ.

Рўйхатда Молдова - 52, Қозоғистон - 54, Литва - 56, Беларус - 59, Россия - 64, Украина- 111, Арманистон - 127, Грузия - 130-ўриндадир. Бахтиёрлик индекси 158 мамлакатнинг ҳар бирида мингга яқин одам орасида сўров ўтказиш орқали тузилган.

Gallup World Poll ва Колумбия университети тадқиқотчилари аҳолининг даромади, фаровонлик кўрсаткичлари, мамлакат ички ялпи махсулотининг жон бошига келадиган улуши, ижтимоий ҳимояланганлиги, аҳолининг ҳаётдан қанчалик қониқиши каби омиллар асосида ҳисоботни тайёрлаган.

Лекин ўзбекистонлик кузатувчилар ҳисобот муаллифларининг Ўзбекистон бўйича хулосаларини шубҳа остига олишади.

Британияда яшовчи ўзбекистонлик социолог, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Алишер Илҳомовга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлиги ва қўрқув боис, одамлар дилидаги гапни очиқ айтиша олмайди:

- Шу боис ҳам Ўзбекистонда ўтказилган сўров у ердаги реалликни акс эттирмайди. Ўзбекистонда одамлар ўз фикрини очиқ айтишга қўрқади. Одамлар ижтимоий саволларга жавоб бераркан, ҳукуматнинг райига қараб гапиришга одатланган. Ҳаётингиздан қанчалик мамнунсиз, деган савол қўйилган бўлса, уларнинг кўпчилиги "ҳаммаси яхши, ҳаётимдан мамнунман", деган жавоб бериши тайин, чунки ҳар бир ўзбекистонлик танқидий фикр учун балога қолиши, қамалиши мумкинлигини билади, дейди Илҳомов.

Ўзбекистонлик социолог Баҳодир Мусаевга кўра, аслида Ўзбекистон энг бахтсиз мамлакатлардан бири бўлишга лойиқдир:

- Халқ ўзининг қул каби ҳаёт кечираётганини англамаётган экан, демак бу бахтсиз миллат. Ўзбекистонда кўпчиликни яқинлари қамоқда ўтирибди, минглаб мусулмон қамоқда. Аҳолисини катта қисми қашшоқ, тўйиб овқат емайди, ишсизлик кўп, бир неча миллион одам Россияда, Қозоғистонда мардикор. Кўпчилик, шахсан мен ҳам ташқарига чиқолмайдиганлардан. ОВИР тизими фуқароларни ташқарига чиқишини чеклаб қўйган. Бундай мамлакат қандай қилиб МДҲда энг бахтли бўлиши мумкин, дейди Мусаев.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Gallup ҳамда АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари ўтказган сўров натижалари Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" сўров маркази ўтган йил ўтказган сўров хулосасига яқиндир.

Ўша сўровда қатнашган ўзбекистонликларнинг 80 фоизи ўзларини бахтиёр, деб ҳисоблашларини айтишган.

"Ижтимоий фикр" маркази директори муовини Марат Ҳожимуҳаммедов эса Ўзбекистон бахтлилик бўйича юқори кўрсатгичга лойиқ эканини айтади:

- Ўзбекистонда аксар кўпчилик ҳаётидан мамнун ва биз ўтказган сўровлар ҳам айнан шуни кўрсатган. Биздаги маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда ҳар икки оиланинг бири шахсий автомобилига эга, ҳаётни сифати ошиб бормоқда, аҳолининг юз фоизида уяли телефон бор. Шу боис мамлакатимиз бахтлилик бўйича юқори кўрсаткичга лойиқдир, дейди Ҳожимуҳаммедов.

Бу йилги "Бахтли давлатлар" рўйхатининг юқори бешлигида Швейцария, Исландия, Дания ва Норвегия турибди.

Чад, Гвинея, Котд'Ивуар, Буркина-Фасо, Афғонистон, Руанда, Бенин, Сурия, Бурунди ва Того каби давлатлар дунёнинг энг бахтсиз давлатлари сифатида рўйхат тубидан жой олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG