Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:24

Термизда врач ва ҳамширалар бир ойдан буён ахлат тозаламоқда


Термиз шаҳар СЭНМи ходимлари ахлат тозалаш ишларида
Термиз шаҳар СЭНМи ходимлари ахлат тозалаш ишларида

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрининг Санитария- эпидемиология назорат маркази ходимлари ҳар куни шаҳар четидаги ахлатхонани тозалаш ишларига мажбурланмоқда. СЭНМ ходимларига кўра, ахлат тозалашга чиқишни истамаган ходимлар ишдан бўшатилиш билан таҳдид қилинмоқда.

Термиз шаҳрининг халқ тилида Молбозор деб аталадиган ҳудудида йиллар давомида тўпланиб қолган ахлатхонани тозалашга шаҳар Саниатрия-эпидемиология назорат марказининг шифокору ҳамширалари, санитару техник ходимлари бир ойдан буён сафарбар этилмоқда.

Сурхон дарёси қирғоғида жойлашган ва шаҳарнинг Аму соҳили ва Сурхон соҳили номли маҳаллаларининг ахлатхонаси бўлган бу жойни тозалашга СЭНМнинг ўнлаб ходимлари ҳар куни хизмат автомобилларида олиб келинмоқда.

Термиз шаҳар СЭНМнинг ўзини таништирмаган ҳамшираларидан бирининг айтишича, улар одам чидаб бўлмас шароитларда ишлашга мажбурланмоқда:

- Шунақаям расво жойки, асти қўяверасиз. Биз қўлимизга селлофан ўраб ўша ахлатхонани тозалаяпмиз. Энди у ерда памперс дейсизми, ахлат дейсизми, энди ўшаларни териб олаяпмиз. Кун иссиқ, ахлатхона сасиб кетган, даҳшат. Бу ерда врачларимиз ҳам, бўлим бошлиқларимиз ҳам бор, ҳамма шу ерда. Биз ҳамшираларга, дўхтирликка етти йил ўқиган шифокорларга ҳурмат шу бўлдими энди. Бу вилоят СЭНМдан берилган буйруқ экан, дейди ҳамшира.

Унинг айтишича, териб олинган ахлат яна санитария қоидаларига зид равишда кўмилмоқда:

- Йиғиб олинган ахлатларни бир жойга йиғиб ёқамиз. Ёнмаганини эса дарё бўйидаги қамишзорлар орасидаги чуқурликларга кўмаяпмиз. Лекин шамол бўлганда бу ахлатлар яна юзага чиқиб қолаяпти. Бундан ташқари биз тозалаяпмиз, маҳалланинг одамлари эса ҳар куни яна ахлат ташлаяпти. Ахир ҳамма ўз ишини қилиши керак эмасми? Биз тозалик ва гигиенанинг қўриқчилари энди қул бўлиб қолдик, дейди ҳамшира.

Аму соҳили маҳалласида истиқомат қиладиган 26 ёшли ўқитувчи Адҳам дўхтиру ҳамшираларнинг ахлатхонада қулдек ишлатилаётганидан куйинишини айтади:

“Мен ўзим ўқитувчиман. Бу опаларнинг ахлатхонада ишлатилаётганини кўриб ачиниб кетаяпман. Ҳар куни СЭСнинг 074 ва 235 номерли ДАМАС мошиналарида дўхтиру ҳамшира ва санитарларни олиб келиб ташлашади. Шўрликлар кечгача ахлат титади. Бу қанақа замон бўлди? Ахир ахлатхоналарни тартибга келтириш шаҳар ҳокимиятининг ишику! Ахлатга контейнер қўйсин, уни ҳар куни ташишни йўлга қўйсин. Дўхтиру ҳамшираларнинг бу муаммога нима дахли бор, бу эгасиз юрт бўлиб қолди, деди Адҳам.

Озодлик Термиз шаҳар СЭНМнинг бош шифокори Холмамад Пирматов билан боғланди. Бош шифокор Озодликнинг нега ходимлар ахлат тозалашга сафарбар этилгани ҳақидаги саволини обдон эшитгач, телефонини ўчириб қўйди.

Термиз вилояти СЭНМи бош шифокори ўринбосари Убайдулла Файзуллаев эса Озодлик билан суҳбатда бу гаплардан умуман хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ишчи ва хизматчиларини маҳаллий ҳокимиятлар томонидан мажбурий меҳнатга сафарбар этиш ҳолатлари сурункали тус олган жараëн.

Соғлиқни сақлаш, халқ таълими муассасаларининг ходимлари маҳаллий ҳокимиятларнинг текин мардикорига айланиб қолгани айтилади.

Ўзбекистонда пахта терими мавсумида корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилиниши халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиниб келинади.

Жумладан, 19 март куни Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган тендерда иштирок этаётган меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт ҳибсга олиниб, Ўзбекистондан куч билан чиқариб юборилган эди.

XS
SM
MD
LG