Линклар

“Чиқиш визаси бериш учун қўйилган шарт - туҳмат қилиш”


ОВИР эшигида сарғайиб турган ҳар бир фуқаро¸ ҳуқуқ фаоли фикрича¸ сохта жиноий ишларда восита сифатида фойдаланиладиган потенциал қурол бўлиши мумкин.

ОВИР эшигида сарғайиб турган ҳар бир фуқаро¸ ҳуқуқ фаоли фикрича¸ сохта жиноий ишларда восита сифатида фойдаланиладиган потенциал қурол бўлиши мумкин.

“Хорижга чиқиш визаси олиш учун қилган расмий мурожаатимга ИИВ расмийси бадавлат шахслардан бирини қамоққа олиш учун ҳозирланган сохта ишда қатнашиб¸ умримда кўрмаган бу одамга нисбатан кўрсатма беришни шарт қилиб қўйди”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик аëл.Ҳуқуқ фаоллари таъкидича¸ чиқиш визаси тизими фуқаролардан ҳар хил жиноий схемаларни амалга оширишда восита ўлароқ фойдаланиш механизмига айланган.

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик аëл¸ қолаверса¸ у тилга олган расмийлар шахси ҳам Озодликка маълум бўлишига қарамай¸ манбанинг ўз хавфсизлиги борасидаги хавотирларидан келиб чиқиб¸ бу маълумот ошкор қилинмаëтир. ( Қаҳрамонимизни шартли тарзда Сайëра деб атаймиз.)

Сайëра ўзининг ëшликда алданиб¸ Дубайга кетиб фоҳишалик қилганлардан эканини яширмайди. Дубайдан қайтгач¸ ўзи билан бирга кетиб¸ айни ишни қилган танишлари берган кўрсатма асосида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси – одам савдосида айбланиб¸ 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазо муддатининг биринчи йилини ўтар-ўтамас¸ амнистияга тушиб¸ озодликка чиқарилган. Хорижликка турмушга чиққани боис¸ озодликка чиқиши билан эрининг ëнига кетиш учун янги паспортга мурожаат қилган.

Ўтмиши оғир ва мураккаб бўлган Сайëранинг ҳаëтидаги янги кўргуликлар¸ унинг ҳикоясига кўра¸ биометрик паспортига чиқиш визаси олиш учун ўзи яшовчи шаҳар ички ишлар бўлимига ҳужжат топширганидан сўнг бошланди.

- Паспортимни яхши олдим¸ беш кунда берди. Қийналган аëл экан¸ деб. Паспорт олганимдан кейин участкавой чақирди. Мен турмуш ўртоғим хорижлик экани¸ Ўзбекистондан чиқиб кетишим кераклигини тушунтирдим¸ ЗАГС қоғозларимни кўрсатдим. Ўзбекистонда мени ушлаб турадиган на ишим¸ на уй-жойим бор. Участкавой тушунди¸ надзорга қўймасдан¸ қаршилигим йўқ¸ деб ëзиб берди. Кейин ОВИРга бордим. Ҳужжат топширгандан 10 кун ўтиб махсус суҳбат бўлар экан¸ суҳбатга кирдим. Кирсам¸ хонада ўзини вилоят Ички ишлар бошқармасининг Одам савдоси бўйича ходими ҳам бор экан¸ ўзини таништирмади. Шу одам билан гаплашдим. Очиқдан-очиқ шарт қўйди – менга ишлайсиз¸ 135 бўйича битта хотиб бор¸ шуни ушлаб берасиз¸ деди. У аëл ресторанлари бор¸ ўзига тўқ хотин экан. Шуни ушлаб берасан¸ деб ҳикоя қилади Сайëра.

Суҳбатдошга кўра¸ вилоят ИИБ расмийси унга ишлаш қанақа бўлишини очиқ тушунтириб берган:

- Ресторанига борасан¸ опа мани Россияга ишга жўнатинг¸ дейсан. Унга нима қилиб бўлса ҳам¸ бўпти¸ Россияга юбораман¸ деган гапни айттирасан¸ шу гапни диктофонга ëзиб оласан¸ ўша менга етади¸ деди. Бу гапдан кейин нима қилишимни билмадим. Тошкентга Сайëра Рашидованинг идораси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсман –таҳр.) га телефон қилдим. Келинг дейишди. Лекин одамлар уларга борсанг¸ паспортингни олиб¸ ўзингни қама қўяди¸ деб қўрқитгандан кейин бормадим. Прокуратура¸ МХХга бордим арз қилиб. Ҳаммаси яна ОВИРга жўнатди. ОВИР яна ўша УВДдаги одамга юборди. У яна “давай ман айтган одам савдосини қилиб бер¸ икки кунда санга ОВИР бераман” деди¸ дейди Сайëра.

Икки ой менга тинимсиз босим қилишганидан кейин¸ чидолмасдан¸ қўшни давлатга чиқиб кетдим. Ҳозир қўлимда паспортим бор¸ лекин чиқиш визаси йўқ. Эримнинг олдига кетаман десам¸ у мамлакатга чиқиш визаси бўлмаса қўймайди. Нима қилишимни билмай¸ қон бўлиб ўтирибман¸ дейди Сайëра.

Ўзбекистонда қамалиб чиққанлар¸ фоҳиша ва турли жиноятда айбланган ëки гумонланганлардан кучишлатар тизимидагилар қамашни режалаган одамларга қарши кўрсатма бериш ëки уларни қўлга олиш учун қўйилган тузоқларда восита сифатида фойдаланишнинг махсус механизми мавжуд¸ дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Мухолифат фаоллари¸ ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши уюштирилган сохта ишларда айнан шу тоифадан фойдаланилади¸ дер экан кузатувчи “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Бобомурод Раззоқов¸ “Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси" етакчилари Нуриддин Жуманиëзов ва Фахриддин Тиллаевларнинг қамоққа олиниш воқеаларини тилга олди.

ОВИР тизими¸ айниқса¸ Ўзбекистонда урфга айланган одам савдосига қарши кураш¸ фуқароларни Жиноят Кодексининг 135-моддаси бўйича қамаш жараëнидаги фаол бўғинга айланган¸ дейди Абдураҳмон Ташанов:

-Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Одам савдосига қарши кураш бўйича конвензиясини бажараяпти ва ҳар тўрт йилда БМТ учун даврий ҳисобот ҳозирланади. Шунинг учун одам савдоси бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил қилинган. Вазият жуда даҳшат. Булар қўлга олинган одам савдогарлари сонини кўпайтириш бўйича мусобақа ўйнаяптими¸ билмайман. Мақсад¸ одам савдоси бўйича имкон қадар кўпроқ одамни қамашга ўхшайди. Одам савдоси бўйича битта шикоят тушса бўлди¸ қутула олмайсиз. ОВИР системаси ана шу жараëннинг устида ўтирибди. Уларнинг ўз қурбонларини қўлга олишда фойдаланадиган объектлари жуда кўп. Бу Сайëра каби қамалганлар¸ фоҳишалар билангина тугамайди. Амалда улар исталган одамдан ана шундай сохта курашдаги восита сифатида фойдаланади¸ дейди ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда бундай механизм амалда қолар экан¸ Сайëранинг бундан кейинги ҳаëти қай йўналишда кетиши мавҳумлигича қолмоқда.

Оғир ҳаëтдан кейин энди бахтимни топдим¸ оила қуриб¸ одамлардек тинч яшайман¸ деган умидда эрининг олдига кетаман деса¸ қўлидаги паспортида чиқиш визаси йўқ¸ демакки¸ оилага элтувчи йўллар беркилган.

Ортга қайтиб¸ чиқиш визаси олиш учун қўйилган ноқонуний ва ноинсоний шартга кўнай деса¸ виждони бунга йўл бермаëтир:

- Мен аëл кишиман. Шу пайтгача кўп йўлларга кирдим¸ нима кунларни кўрмадим. Лекин бировга туҳмат қилмадим. Энди битта ОВИР оламан деб умримда кўрмаган-билмаган бошқа бир аëлга қандай туҳмат қиламан? Ўзимни манфаатимни ўйлаб¸ бировнинг уйини куйдирайми? Эртага менинг ҳам уйим куймайдими? Худодан қўрқаман мен ҳам. Лекин ОВИР олишим керак¸ қандай олай¸ қайси йўл билан олай¸ билмайман¸ дейди Сайëра.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG