Линклар

logo-print

Қўқондаги портлашда одамлар ҳалок бўлганини расмийлар тасдиқламади


Портлаш жойидан олинган сурат.

Портлаш жойидан олинган сурат.

Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳрида 25 апрелга ўтар кечаси автомобилларга газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатида уч одам турли даражадаги куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди. Расмийлар камида бир одам ҳалок бўлгани тўғрисдаги маълумотларни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Ички ишлар вазирлиги: Портлашга технологияга амал қилинмагани сабаб бўлган

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бугун эрталаб тарқатган хабарда айтилишича, Қўқон шаҳри Фурқат кўчасидаги газ қуйиш шохобчасидаги портлаш 24 апрель куни соат 20:30лар чамасида юз берган.

Вазирлик портлаш оқибатида уч киши турли даражада куйиш жароҳатлари олганини билдирган. Куйганлардан бири газ қуйиш шохобчасининг ишчиси, икки нафари эса ўт ўчирувчи экани айтилди. Улар айни пайтда касалхонага ётқизилган.

Озодлик радиоси 24 апрель куни кечқурун мазкур портлаш ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган ва Қўқондаги воқеа гувоҳларига таянган ҳолда камида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Ички Ишлар вазирлиги тарқатган хабарда портлаш оқибатида одам ўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Маълум бўлишича, портлаш "Автогаз" ширкатига тегишли бўлган "Саёҳат" заправкасида юз берган. Дастлабки тахминларга қараганда, портлашга газ қуйиш технологиясига амал қилмаслик сабаб бўлган. Бунинг натижасида турли ҳажмдаги иккита газ сақлагич қизиб кетиб, бунинг ортидан портлаш юз берган.

"Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда ва келтирилган моддий зиён аниқланмоқда", дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

Озодликка келган видеолар ва воқеа гувоҳларининг айтганлари

Озодликка Қўқондан йўлланган видеолардан бирида рўй берган портлашлардан бири акс этган.

Афтидан бу иккинчи портлаш бўлган ва бу пайтда Қўқоннинг воқеага бевосита яқин ҳудуди одамлар билан гавжум бўлган ва улар саросимага тушиб қочаётганини кўриш мумкин.

Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, портлаш Қўқоннинг Бақачорсу мавзеида жойлашган пропан газини қуйиш шохобчасида рўй берган. Биринчи портлашдан хосил бўлган аланга натижасида газ шохобчасига туташ АЁҚШда ҳам портлаш рўй берган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, портлаш оқибатида камида бир одам ҳалок бўлган.

Яна бир қўқонликнинг Озодликка айтишича, газ қуйиш станцияси ва АЁҚШ яқинидаги маҳаллалардан одамлар кўчага шошилиб чиққан:

"Жуда қўқрқинчли манзара бўлди. Кўпчилик одамлар уйларини ташлаб қочишга улгурди. Ҳозирча ўлганлар ва яраланганлар ҳақида маълумот йўқ", дейди воқеа гувоҳларидан бири Озодликка.

Воқеа гувоҳларидан бири ўт ўчирувчилар жасорат кўрсатиб, оловнинг аҳоли уйларига ёпишишини олдини олганини айтди.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, портлаш шунчалик катта бўлганки, аланга шаҳарнинг ҳар бурчагидан ва Қўқонга туташ қишлоқлардан кўриниб турган.

Портлаш алангаси шаҳарнинг ҳар бурчагидан кўриниб турган.

Портлаш алангаси шаҳарнинг ҳар бурчагидан кўриниб турган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG