Линклар

Ички ишлар вазирлиги Қўқондаги портлаш юзасидан маълумот берди


Қўқондаги газ қуйиш шаҳобчаси портлаган пайтда олинган сурат.

Қўқондаги газ қуйиш шаҳобчаси портлаган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳрида 25 апрелга ўтар кечаси автомобилларга газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатида уч одам турли даражадаги куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди. Расмийлар камида бир одам ҳалок бўлгани тўғрисдаги маълумотларни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бугун эрталаб тарқатган хабарда айтилишича, Қўқон шаҳри Фурқат кўчасидаги газ қуйиш шаҳобчасидаги портлаш 24 апрель куни соат 20:30лар чамасида юз берган.

Вазирлик портлаш оқибатида уч киши турли даражада куйиш жароҳатлари олганини билдирган. Куйганлардан бири газ қуйиш шаҳобчасининг ишчиси, икки нафари эса ўт ўчирувчи экани айтилди. Улар айни пайтда касалхонага ётқизилган.

Озодлик радиоси 24 апрель куни кечқурун мазкур портлаш ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган ва Қўқондаги воқеа гувоҳларига таянган ҳолда камида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Ички Ишлар вазирлиги тарқатган хабарда портлаш оқибатида одам ўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Маълум бўлишича, портлаш "Автогаз" ширкатига тегишли бўлган "Саёҳат" заправкасида юз берган. Дастлабки таҳминларга қараганда, портлашга газ қуйиш технологиясига амал қилмаслик сабаб бўлган. бунинг натижасида турли ҳажмдаги иккита газ сақлагич қизиб кетиб, бунинг ортидан портлаш юз берган.

"Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда ва келтирилган моддий зиён аниқланмоқда", дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

XS
SM
MD
LG