Линклар

Немцов тарафдорлари “рус ташвиқотчилари”ни жазолашга чақирмоқда


Мухолифат лидерлари Михаил Касьянов (чапда) ва Борис Немцов 2011 йил декабрида ўтган парламент сайловларида ўзларининг яроқсиз бюллетенларини намойиш қилмоқда.

Мухолифат лидерлари Михаил Касьянов (чапда) ва Борис Немцов 2011 йил декабрида ўтган парламент сайловларида ўзларининг яроқсиз бюллетенларини намойиш қилмоқда.

Немцов тарафдорлари Россиянинг “ташвиқотчи” телеканаллари олиб борган қоралаш кампанияси мухолифатчининг ўлимига сабаб бўлганини айтиб, АҚШни бу каналларга қарши санкциялар жорий қилишга ундамоқда.

Владимир Карамурза Озодлик билан суҳбатда Михаил Касьянов билан биргаликда АҚШ қонунчилари билан учрашиб, улардан инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда айбланган россияликларни жазоловчи Магнитский акти бўйича телевидениеда ишловчи саккиз ходимни қора рўйхатга киргизишни илтимос қилишларини айтди.

Булар орасида телебошловчи ва директор Дмитрий Киселёв ҳамда телебошловчи ва Дума депутати Алексей Пушков бор. Бир йил аввал АҚШ Россиянинг Украинадаги интервенцияси ортидан Пушковга қарши санкциялар жорий қилган.

“Борис Немцов қотиллиги учун жавобгар шахслар ҳукумат бошқарувидаги матбуотда Владимир Путиннинг коррупцияси, репрессив сиёсати ҳамда Украинада олиб бораётган урушига қарши чиққани учун уни “сотқин”, “бешинчи колонна” ва “Россия душмани” деб қоралаган ва ёмонлаганларлар”, деди Карамурза.

“Бу журналистика ёки сўз эркинлигидан фойдаланиш эмас эди. Бу ҳукумат ҳомийлигида қотиллик қилишга ундаш эди. Демократик дунё Борис Немцов хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун, жилла қурса, бу шахсларга Ғарбга саёҳат қилиш ва у ерда мулкка эгалик қилишни маън этиши керак”.

Магнитский акти бўйича тузилган рўйхатга киритилган россияликлар АҚШга бора олмайди, у ерда мулкка эгалик қила олмайди.

Борис Немцов 27 февраль куни Москва марказида, Кремль олдида отиб кетилган эди. Немцов бош вазир ўринбосари, депутат, губернатор бўлиб ишлаган. Мухолифатчи Немцов Путинни, хусусан, унинг Украина бўйича сиёсатини кескин танқид қилган.

Немцов, журналист Анна Политковская (2006), инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемированинг (2009) ўлдириб кетилгани рус ҳукуматига қарши чиқувчилар ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйишини кўрсатади.

Немцовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ равишда Москвада чечен миллатига мансуб беш киши ҳибс этилди. Аммо Путин танқидчилари “расмий тергов қотиллик буюртмачисини ҳеч қачон аниқламаслиги мумкин”, дейишмоқда. Бунга сабаб ўлароқ қотиллик буюртмачиси Кремлга яқин одам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Танқидчилар Немцов ўлимида Путин ва унинг ҳукуматини айблайдилар. Улар Кремлнинг қотилликда бевосита қўли бўлмаган тақдирда ҳам, оммавий равишда ва ҳукумат матбуотида Кремль танқидчиларини сотқин сифатида тасвирлаб, нафрат муҳитини яратишда айбдорлигини айтмоқдалар.

Путиннинг шарҳларидан у Немцов ўлими аҳамиятини тан олишини хулоса қилиш мумкин. Қотиллик кўп россияликни ларзага солди ва танқидчилар ғазабини келтирди.

Немцов тарафдорлари жазолашга чақираётган телевидение ходимлари орасида ВГТРК ширкатининг директори Олег Добродеев ҳамда НТВ каналининг директори Владимир Кулистиков ҳам бор.

Рўйхатдан яна Андрей Караулов, Аркадий Мамонтов, Константин Сёмин ва Владимир Соловьёв каби исмлар ўрин олган.

Кремль танқидчиси Касьянов Путин президентлигининг биринчи муддатида бош вазир бўлиб ишлаган. Касьянов Немцов билан биргаликда “РПР-ПАРНАС” мухолифат партиясига етакчилик қилган.

Партиянинг федерал кенгаши аъзоси Карамурза Касьянов билан биргаликда америкалик беш қонунчи, жумладан, Вакиллар палатаси аъзоси ва Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитаси раиси Эд Ройс ва сенатор ҳамда АҚШ Хельсинки комиссияси раисдоши Рожер Викер билан учрашишини билдирди.

Карл Шрек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG