Линклар

Exit Poll натижалари Назарбоев бешинчи муддатга сайланганини кўрсатмоқда


Қозоғистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев.

Exit Poll натижалари Қозоғистондаги сайловда амалдаги президент Назарбоев 97,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини кўрсатмоқда.

Мухолифат жиловланган ва оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат остида бўлган бу мамлакатда Нурсултон Назарбоев шу тариқа давлат раҳбари курсиси учун сайлов пойгасида бешинчи марта осон ғалабани қўлга киритадиган бўлиб турибди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 26 апрель кунги сайловда сайловчилар давомати энг юқори кўрсаткичга етиб, 95,11 фоизни ташкил этганини билдирди.

Нурсултон Назарбоевнинг сайловдаги икки рақиби - Коммунистик партия аъзоси Турғун Сиздиқов ва мустақил номзод Абулғази Кусеинов, кузатувчиларга кўра, сайловга машруълик тусини бериш учун пойгага қўшилган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Назарбоев даврида катта-кичик турли лавозимларни эгаллаб келган.

Кеча сайлов участкасида овоз берганидан кейин журналистлар олдида чиқиш қилган Назарбоев қозоғистонликлар “давлат барқарорлиги” ҳамда унинг сиёсати давом этиши учун овоз беришларига шубҳа қилмаганини айтди.

74 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни моҳиятан 1989 йилдан буён бошқариб келмоқда. Ўтган йили унинг давлат бошқарувига келганига чорак аср тўлганди.

XS
SM
MD
LG