Линклар

Ҳурматли редакса!

Уйқудан туриши билан ҳамманинг настренасини бузадиган одамлардан шикоят қилиб ёзяпман сизга.

Бугун наҳор йўқлигидан фойдаланиб, “ғииррр этиб Тахтапулдаги Зокир кўсага битта сайроқи ташлаб келай” деб автобусга чиқсам, охори тўкилган кастим-шимдаги бир кўзойнак ҳеч кимга гап бермай ўтирган экан.

Нима дейди – Рассия президенти Путин ёмонмиш...

“Кечаги чиқишини кўрдизми Оқпошшо ҳазратларининг – энди-ҳозир Америка билан Европа олабўжи экан. Сал олдин украин олабўжи эди, унданам аввал чечен олабўжи бўлган. Эшитаверсанг, дунёда у кишидан бошқа валламат йўқдай...”

Эшитганим сари зардам қайнай бошлади. Ўзи китоб қўлтиқлаб юриб, ҳеч нарсага эришолмаган ўқитувчи-пўқитувчига ўхшайди. Охири чидамай, унга гап ташладим:

- Сизга нима, биродар? Шунча ўзбек ризқини териб юрибди ўша ёмон Путин пошшо бўлган Рассияда. Ёмон бўлса, ҳамма ўша ёққа чопармиди? Ёмон бўлса, ҳамма тилвизўрда мақтаб гапирармиди? - дедим.

“Буёғини сўрасангиз, ўзимнинг ҳам биттаю битта ўғлим ўша томонларда. Катта қурилишнинг катта ишчиси. Олдин ойига 8 та беданага яраша пул юборарди, 5-6 ойдан бери, мана, 4 та беданага етадиган пул юбориб турибди. Шунисигаям шукур, 2 тага юборса нима?” – бу гапларни энди унга айтиб ўтирмадим, ичимда ўйлаб қўйдим, холос.

Кўзойнаги тушмагур эса ўзиникини маъқуллашдан қолмайди.

- Тилвизўрда мақтаётганлар ким биласизми, амаки? Уни зиёлилар, оқ-қорани таниганлар мақтагани йўқ. Институтда мен билан ўқиган, кейин Россияга кетиб қолган ўрис оғайниларимнинг ҳеч қайсиси уни “яхши” деганини эшитмадим. Ҳар гал телефонлашганимизда нуқул ҳасрат қилишади. Уни атрофига йиғилиб олган бир ҳовуч ўғри билан бир шиша самагонга сиёсий гапларни эрмак қилиб ўтирган пиёниста мужиклар мақтаяпти. Олабўжилар тўғрисидаги гаплар ҳам шу маст-аласт электарат оғзига сақич топиб бериш ва калласини банд қилиш учун айтилган, холос, - дейди.

Бу гап менга: “Ўғлинг алкаш” деган таънадек эшитилди. Миямдан тутун чиқиб, “ҳе ўша кўзойнагингга ...” деб турувдим, валламат қўрқдими ё манзилига етиб келдими, хуллас, автобусдан тушиб қолди.

У тушиб кетди, оммо мен ҳалиям жаҳлимдан тушолмаяпман. “Вей номард, ўғри дединг – индамадим, пиён дединг – индамадим, электрга бало борми? Сақич чайнаган электрни қаерда кўргансан?” деган гаплар ич-ичимдан қуйилиб келавериб, бўғзимни ўртаворди.

Важоҳатимни кўриб, Зокир кўсанинг капалаги учди. Воқеани айтганимдан кейин Озодликка ёзишни маслаҳат берди. “Унақа кўзойнаклар шунақа нарсаларни эшитиб, ўқиб юради”, дейди.

Ҳурматли редакса! Агар сизларни шу кўзойнакка ўхшаганлар ўқиса, илтимос, хатимни эълон қилворинг. Унга эса айтадиган гапим шу: “Ҳов, гапимни эшитмасдан қуён бўлган кўзойнак, қулоғингга қуйиб ол. Сен ёмон деган ўша Путин валламат Американг ҳимоя қилаётган ҳезалакларнинг додини беряпти, хўпми? Кейин мен яна бир марта суриштириб билдим, Рассияда электр умуман проблема эмас экан. Сақичингни эса қулоғингга қистирвол, хўпми?!”

Хатини наварасига айтиб ёздирган

Шорайим беданабоз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG