Линклар

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари ҳамкорликка келишиб олди


Икки мамлакат чегара хизматлари раҳбарлари учрашуви бир кун давом этган

Икки мамлакат чегара хизматлари раҳбарлари учрашуви бир кун давом этган

Ўзбекистон ва Тожикистон чегара расмийлари “умумий чегараларни замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда” ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Ҳамкорлик битими Тожикистоннинг шимолий Суғд вилояти маркази - Хўжанд шаҳрида икки мамлакат чегарачиларининг 25 йил ичида ўтказилган илк музокараси сўнгида имзоланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегара хизматлари бошлиқларининг муовинлари томонидан имзоланган ҳамкорлик битими тафсилоти матбуот ва жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.

Ўзбек делагациясига Ўзбекистон Чегара хизматлари қўмондонининг муовини, генерал-майор Н.И.Усмонбеков, тожик делегациясига эса унинг ҳамкасби – Тожикистон Чегара кучлари бошлиғининг муовини полковник Х.Т.Сафаров бошчилик қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари музокаралари 24 апрель куни бўлиб ўтган эса-да, бу ҳақдаги расмий хабар 27 апрель куни тарқатилди.

Суғд вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, мулоқотда асосан икки масала муҳокама этилган: 2014 йилда икки мамлакат чегарачилари бажарган ишлар ва 2015 йилда ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Матбуот хизматига кўра, тарафлар чегарага боғлиқ олтита масалада ҳамакорликни мустаҳкамлашга келишиб олганлар:

- Замонавий таҳдидларга қарши икки мамлакат чегарачилари ўртасида яқинроқ муносабат ва ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- Ўзбекистон ва Тожикистон умумий чегараларини ҳимоя қилишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш ва икки ўртада имзоланган битимга қатъий риоя қилиш;

- Чегара ҳудудларида юзага келган муаммо ва масалаларни тез ва ўз вақтида ҳал қилиш;

- Чегара ҳудудларида яшовчи аҳолига чегара чизиқларида ғайриқонуний амалларга қўл урмаслик борасида тушунтириш ишлари олиб боришни йўлга қўйиш;

- Чегара тартибига риоя қилиш ва давлат чегараларидан ғайриқонуний ўтишнинг олдини олиш.

Мулоқот сўнгида айни масаларни бажаришни назарда тутган ҳамкорлик келишуви имзоланган.

Муносабатлар илиқлашуви

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 1161 километрни ташкил этади.

Аммо, сўнгги йилларда фуқаролар фақат Сариосиё, Ойбек ва қисман Бекобод чегара постларидан ўта олади холос.

Қолган барча чегара ўтиш нуқталари 90-йиллар охирида Ўзбекистон томонидан бир томонлама беркитилган, чегараларда хандақлар қазилиб, сим тортилган ва аксар тоғли минтақаларга миналар кўмилган.

Икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий этилган.

Чегара минтақаларида яшовчи аҳоли расман уч кун давомида қўшни мамлакатга визасиз бориб-келиш имкони бўлса-да, амалда бу тартибга иккала томон ҳам деярли риоя қилмайди.

Кузатувчиларга кўра, оддий одамларни турли важлар билан олиб кетиш, чегарачилар томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтишда гумонланганларга ўқ узиш каби ҳоллар одатий ҳолга айланган.

Баъзилар буни чегараларнинг аниқ белгиланмаганига боғлашади.

Ўзбекистондан Тожикистонга турмушга чиққан Оқила Озодлик билан суҳбатда чегаралардан ўтиш тобора қийинлашиб бораётганини айтди.

- Кирди-чиқди қийин. Оилалик одамларга сал енгиллик қилмаган. Чегарадан фақат визаси борлар ўтади. Бошқа ҳеч ким ўтмайди, - дейди Оқила.

Тошкентдан сиёсатшунос Комрон Алиев икки мамлакат чегара мулозимларининг учрашуви ўзбек-тожик муносабатлари илиқлашаётганига ишора эканини айтади.

Аммо, унинг ишонишича, муносабатларнинг аввалги ҳолига қайтиши вақт талаб этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG