Линклар

Назарбоев 97,7 фоиз овоз билан бешинчи муддатга сайланди


Нурсултон Назарбоев бешинчи муддатга Қозоғистон президенти этиб сайлангани эълон қилинди.

Нурсултон Назарбоев бешинчи муддатга Қозоғистон президенти этиб сайлангани эълон қилинди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Нурсултон Назарбоев бешинчи муддатга мамлакат президенти этиб сайланганини эълон қилди. Расмий натижаларга кўра, 26 апрель кунги сайловда Назарбоев 97,7 фоиз овоз олган.

Назарбоевнинг сайловда ғалаба қилишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган эди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, овоз беришда сайловчиларнинг 95,22 фоизи иштирок этган.

Қозоғистонни чорак асрдан ошиқроқ бошқараётган 74 ёшли Назарбоев ўз рақибларини сиёсий майдондан четлатган ва мамлакатдаги матбуот воситаларини қаттиқ назорат остига олган.

Назарбоевнинг икки рақиби хўжакўрсинга рақобат яратиш учун сайловда иштирок этган ҳукуматпараст сиёсатчи сифатида кўрилган эди.

Якшанба куни сайлов участкасида бюллетенни қутига ташлагач, Назарбоев ўзи учун овоз беришни Қозоғистонда барқарорлик ва давомийлик йўлини танлаш ўлароқ баҳолади.

XS
SM
MD
LG