Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:37

1000$ бўлган почта жўнатмасига солинган бож қисман бекор қилинди


DHL, UPS ва Aramex каби халқаро курьерлик ва почта хизматлари орқали Ўзбекистонга юбориладиган қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган почта жўнатмалари шу йил январь ойида жорий қилинган 100 фоизлик бождан озод қилинди. Аммо, FedEx ва TNT каби ширкатлар рўйхатга киритилмади. Ўзбекистонга қўшни давлатлардан борадиган жўнатмаларнинг бож солинмайдиган миқдори 10 долларлигича қолдирилди.

Молия вазирлиги ва Давлат Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги жисмоний шахслар учун йўлланган почта жўнатмалардан ундириладиган бож миқдорига оид ўзгартишлар 27 апрелдан бошлаб кучга кирди.

Gazeta.uz нашрида берилган ҳужжатга кўра, Ўзбекистонга қўшни давлатлар - Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистондан бошқа давлатлардан халқаро почта ёки курьерлик хизматлари орқали юбориладиган қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган почта жўнатмаларидан бундан буён бож ундирилмайди.

Аммо, ҳужжатда халқаро почта-курьерлик хизматларининг тури чекланган.

Яъни, Ўзбекистондаги жисмоний шахсларга юборилаётган товарлар коди ОКОНХ 52100 бўлган почта алоқаси ёки ОКОНХ 52200 бўлган махсус алоқа, махфий алоқа хизматлари орқали юборилсагина бож ундирилмайди.

Бу кодлар остида фаолият юритадиган почта-курьерлик ширкатлари, одатан ҳукуматлар билан шартномага эга бўлган ва давлатга тегишли муҳим, махфий ҳамда ҳарбий жўнатмаларни ташийдиган ширкатлардир.

Шу боис, Ўзбекистонда ишлаётган DHL, UPS, Aramex ширкатлари ҳукуматнинг янги қарорига биноан бож ундирилмайдиган ширкатлар сирасига кирди. Аммо, FedEx ва TNT каби курьерлик хизматлари бу имкониятдан бебахра қолди.

Бироқ, бу ҳақда хабар қилган Gazeta.uz нашри тез орада янги тартиб бошқа халқаро курьерлик хизматларига ҳам жорий қилиниши мумкинлигини ёзмоқда.

Ўзбекистондаги бир неча халқаро курьерлик ширкатлари 27 апрелдан бошлаб кучга кирган янги тартибдан хабардорлиги ва бунинг кутилганини айтмоқда:

"27 апрелдан бошланди бу тартиб. Энди хориждан минг долларгача бўлган товарни бемалол почта орқали жўнатиш мумкин. Давлат почталари ёки DHL, UPS каби ширкатлар орқали жўнатишса, бу ердаги яқинлари божсиз олиши мумкин", деди, жумладан, Тошкентдаги экспресс етказиб бериш ширкатларидан бирининг вакили.

Маълумки, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонунга зид равишда 2015 йил 6 январидан бошлаб “курьер жўнатмалари”ни почта алоқаси тури эмас, деб эълон қилган ва улар Ўзбекистонга олиб кираëтган жўнатмаларга камида 100 фоизлик бож жорий қилган эди.

Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонунининг янги таҳриридаги “Асосий тушунчалар”, деб номланган 3-моддасида “почта алоқаси— почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)ни таъминловчи техника ва транспорт воситаларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборат алоқа тури”, деб таснифланган эди.

Бу қарор айни хизмат тури билан шуғулланувчи хусусий ширкатларни оғир аҳволга солиб қўйган эди. Айни пайтда¸ 1000 АҚШ долларигача бўлган товар жўнатмаларининг Ўзбекистондаги ўз яқинларига ҳам тез¸ ҳам арзон юбориб келган хориждаги ўзбекистонликларнинг ватанга совға-салом ëки эҳтиëж молларини юбориши фалаж бўлиб қолганди.

Бу қарор устидан 24 маҳаллий ва халқаро хусусий курьерлик хизмати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилган эди.

Жумладан, DHL, UPS, TNT, FEDEX, MEEST ASIA, AFT, ARAMEX, KATORG PVU GROUP, ALPHA EXPRESS, EXPOSER, KHAYMANS EXPRESS, ATLANTIC TRADE, POLAR EXPRESS, ASE EXPRESS, IPS, MMS, FPA, ЧФ "Абду Лутфи Пост", UАР, СП Avializing, Caravan Express Service, Xadicha~Lux Service, Shohruh каби хусусий почта-курьер ширкатлари мурожаатида Божхона қўмитаси қарорининг Ўзбекистон қонунчилиги ва фуқаролар ҳақларини қўпол равишда бузиш экани айтилганди.

Дарвоқе, 27 апрелдан кучга кирган қарорда Ўзбекистонга қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистондан почта орқали юборилаётган ёки жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган товар маҳсулотларининг бож олинмайдиган қиймати 10 АҚШ долларилигича қолдирилди.

XS
SM
MD
LG