Линклар

logo-print

Ўзбекистонда милиция подполковники МХХ суҳбатидан кейин ўзини осиб қўйди


Руҳшуносларга кўра¸ ўзбек милиционерлари кучли руҳий зўриқиш остида яшашади.

Руҳшуносларга кўра¸ ўзбек милиционерлари кучли руҳий зўриқиш остида яшашади.

Сирдарë вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўтган якшанба куни ўз уйида ўзини осиб ўлдирди. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг таъкидлашича, 46-ёшли Бахтиëр Отаев ўлимидан бир кун олдин МХХ зобитлари суҳбатига чақирилган.

Озодлик манбаларига кўра¸ Отаев Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи сифатида бошқармадаги коррупция фактларига панжа орасидан қараганликда гумонланиб, суҳбатга чақирилган.

Яна бошқа манбалар даъвосича, Отаев “Пора билан қўлга тушган ëда бошқа муаммога учраган милиционерларнинг масаласини пора эвазига мунтазам ечиб келганликда” гумон қилинган.

Подполковник Бахтиëр Отаевнинг ўз жонига қасд қилгани ҳодисасини Сирдарë вилоят прокуратураси тергов қилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг айтишича, Сирдарë вилоят прокуратураси Бахтиëр Отаев ишини Ўзбекистон жиноят кодексининг 103-моддаси яъни “ўзини ўлдириш даражасига етказиш” бўйича кўриб чиқмоқда:

- Агар 103-моддада кўзда тутилган "ўзини ўлдириш даражасига етказиш" ҳолати тасдиқланмаса¸ яъни марҳум ўз истаги билан ўз руҳий ҳолати боис ўз жонига қасд қилгани аниқланадиган бўлса, дело ëпилади. Бу ўринда Отаев иш жойида эмас¸ балки ўз уйида жонига қасд қилгани ҳам инобатга олинади. Агар шикоят аризаси бўлмаса, жиноят иши қайта кўриб чиқилмайди¸- деди Озодлик манбаси.

Унга кўра, 26 апрель куни Бахтиëр Отаев ўлимидан бир кун аввал, МХХ зобитлари суҳбатига чақиртирилган ва унинг устидан ички хизмат текшируви очилган.

- Аммо бу ҳолат прокуратура терговчилари тарафидан сабаб ўлароқ кўрилмаяпти,- дея таъқидлади Озодлик манбаси.

“Марҳум яхши одам эди”

Асли Жиззахнинг Фориш туманидан бўлган Бахтиëр Отаев 20 йилдан ортиқ ИИБ тизимида ишлаб подполковник рутбасигача кўтарилган. У ҳақида ҳамкасблари фақат яхши фикрда бўлган, дейди Озодлик манбаси.

- Одатда еттинчи бўлим, яъни шахсий таркиб билан ишлаш бўлимидагиларни оддий милиционерлар ëмон кўради. Лекин марҳум Бахтиëр Отаевни Сирдарëдаги кўпчилик ИИБ ходимлари ҳурмат қилар эди. Бу одам ҳеч қачон ўз ҳамкасблари манфаатига қарши бормаган, уларни керак жойда ҳимоя қила оладиган, иродаси кучли одам эди. Шу боис бундай кучли иродали офицернинг ўзини ўлдирганига ҳамкасблари ишонмаяпти. Шу кунларда Сирдарë ИИБ ходимлари Отаев ўлими юзасидан прокуратурага чақирилиб, тушунтириш хати ëздириб олинмоқда¸- дейди Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Худкуш милиционерлар

Милиционерларнинг ўз жонига қасд қилиши Ўзбекистонда учраб турадиган ҳодиса.

Масалан, 2013 йилда Тошкентнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлими ходими¸ Ички ишлар жиноят қидирув бўлимининг капитани, 29 ёш Сарвар Ҳамидов иш жойида, табел тўппончасидан ўзини отиб ўлдирган эди.

Бундан олдин Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани Шароф Рашидов жамоа хўжалигида яшовчи 26 яшар милиция ходими Комилжон Қаюмов ўзини осиб ўлдирган эди.

Суицид ҳодисалари бўйича иҳтисослашган тошкентлик врач Дилдора Мадраҳимованинг Озодликка айтишича¸ зўравонлик устивор бўлган салбий муҳит ҳам худкушликка сабаб бўлиши мумкин:

- Ўз мавқеидан ажралиб зўравонлик субъекти бўлишдан қўрқиш¸ руҳий толиқиш ва салбий информациялар билан тўла атроф муҳит ҳудкушликнинг универсал сабаби сифатида кўрилиши мумкин. Лекин ҳар бир худкушлик ҳодисаси касбий муҳитни инобатга олган тарзда индивидуал ўрганилиши керак¸ дейди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG