Линклар

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан Ўзбекистон президентга мактуб ёзган ва қийинчиликлардан арз қилган 23 яшар Мақсуд Маҳмудовни яқинлари калтаклади. Очиқ хати Озодликда чоп этилганидан сўнг маҳаллий расмийлар босими остида қолган оиласи Мақсуддан "жим бўлиш"ни талаб қилмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жаноби олийларига Самарқанд вилояти Иштихон туманида истиқомат қилувчи оддий фуқаро (деҳқон, мардикор) Мақсуд Маҳмудовдан Очиқ хат" 16 апрель куни Озодликда чоп этилган.

Ушбу мактубида 23 яшар Мақсуд Иштихон туманида электр қуввати ва табиий газ таъминотидаги муттасил узилишлар, каттаю кичикнинг совуқ ва зулматда қолгани, бунинг ортидан эса тумандаги дарахтларнинг кесилиб битаётганидан Президентга арз қилди:

"Бизнинг қишлоқда электр бир кунда эрталаб 1 соат кечаси 3 соат, яъни жаъми 4 соат берилади. Табиий газ эса эсимиздан аллақачон чиқиб кетган... Мен сизларни арзон кўмир билан таъминлашга буйруқ берган эдим-ку, демоқчимисиз? У кўмирлар Оқсаройдан чиқмаяпти. Менимча, Сизда ҳам газ бўлмаса керак. Майли, бизга газ керакмас. Хоҳлаганингизча сотинг, лекин электрни 24 соат беринг! Бизни ўйламасангиз, Она Табиатга раҳмингиз келсин! Биз нима қилайлик?.. Бечора болаларга раҳмингиз келсин!" деб ёзган эди Мақсуд ушбу мактубида.

27 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Мақсуд мактуби эълон қилинганидан сўнг маҳаллий расмийлар унинг яқинларини қисувга олганини иддао қилди:

- Ўзимникилар сиқувга олди мени: “Бу миллат сенинг яхшилик қилишингга арзимайди” деб айтишаяпти. Жим бўл, деяпти, урушгача боришди. Ўзимникиларга юқоридан буйруқ келган: "Тинч ишлашни хоҳласаларинг, тинч юришни хоҳласаларинг, жим юрсин!" деб. Амаким урди, онам шапалоқ туширди. "Шу нарса учун ўлиб кетишингни хоҳламаймиз!" деган гаплар билан,- деди Озодлик билан суҳбатда Мақсуд.

23 яшар Мақсуд Маҳсудов ўрта маълумотли - Иштихон туманидаги Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг Компьютер технологиялари бўлимини тамомлаган.

Шу кунда ишсиз экани, очиқ хати матбуотда чиққач эса ишли бўлишидан ҳам умидини узганини айтган Мақсуд Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг унинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслигига ишонишини айтди:

- Энди мен Американинг президентига айтмайман-ку дардимни?! Мен муаммоимни ўзимнинг президентимга айтаман-ку! Албатта, натижа яхши тарафга ўзгаришини кутаяпман. Худо хоҳласа, агар қўллаб-қувватловчилар бўлса, яхши натижаларга эришишимизга ишонаман! Яна ëзиш керак. Юзлаб, минглаб, ўнг минглаб одам ëзиши керак. Ўшанда муаммо ҳал бўлади. Ўзимизнинг дардимизни ўзимиз айтмасак, Америкадан келиб биров бизнинг дардимизни айтмайди-ку, тўғрими? Ўзимиз айтишимиз керак дардимизни,- дейди Мақсуд.

Шу тариқа Иштихондан президентига мактуб ёзган Мақсуд ўз юртдошларини Ўзбекистон қонунлари доирасида президентга мурожаат қилиш ва муаммони ҳал қилиб беришини сўраб, очиқ хат ёзишни таклиф қилмоқда.

Мақсуд қишлоқларда светсиз, газсиз яшаётган юзлаб фуқаронинг очиқ мактуби Президент қўлига тушиши, натижада, юрт раҳбарининг муммоларни ҳал қилиб бермаётган маҳаллий расмийларга тегишли чора кўришига ишонч билдирмоқда.

Озодлик Мақсуд Маҳмудов теграсидаги воқеалар ривожини кузатишда, унга нисбатан босим ўтказилаётгани ҳақида иддаога маҳаллий расмий идоралардан изоҳ олишга уринишда давом этади.

Ўзбекистонда газ ва электр қуввати тақчилиги муаммоси сурункали тус олганига йиллар бўлган, лекин кейинги икки йил давомида вазият, айниқса, оғирлашди. Мамлакатнинг аксар минтақаларида электр қуввати суткасига бир неча соат берилмоқда. Кўплаб туман ва қишлоқлар эса табиий газдан умуман узиб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG