Линклар

logo-print

Блог: Туркистон мухторияти қатлиомига ким жавоб беради?


Туркистонда миллий озодлик ҳаракати фаолларини оммавий тарзда қатлиом қилиш 1916 йилдан бошланган эди. Сурат "Қозоғистон тарихи ва маданияти катта атласи" китобидан олинди.

Туркистонда миллий озодлик ҳаракати фаолларини оммавий тарзда қатлиом қилиш 1916 йилдан бошланган эди. Сурат "Қозоғистон тарихи ва маданияти катта атласи" китобидан олинди.

Тарихни ҳамиша ғолиблар битади.

Музаффарлар пайти келганда ўтмиш воқелигини ҳам йўриғига солади, ўзи истаган ўзанга буриб юборади.

Қани, оқ билан қора, рост билан ёлғон чегарасини ажратиб кўринг-чи!..

Ўтган ҳафта дунё бўйлаб арманлар “геноцид” деб иддао қиладиган тарихий ҳодисага атаб маъракалар ўтказилди.

Мавҳумот пардасига ўралган ўша воқеага ҳам юз йил тўлибди.

Масиҳий дунёси улуғи Франциск 1915 йилги қон тўкилишини “геноцид” дея фатво бергани учунми, ё дунё сиёсий иқлими хийла ўзгардими, бу йил айрича кайфиятда хотирланди бир аср бурунги фожиа.

Дарвоқе, бу воқеадан Ўзбекистон ҳам четда қолмади.

Тошкентнинг “Локомотив” командаси ва Арманистон миллий терма жамоаси футболчиси Руслан Корян Фейсбук тармоғига ушбу воқеага аталган суратларини жойлади.

Ўзбекистонлик таниқли мураббий Вадим Абрамов унга хайрихоҳлик изҳор қилди.

Арманлар Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли давлати 1,5 миллион миллатдошини қатлиом қилганини даъво қилади.

Туркия мазкур иддаони узил-кесил рад этади.

Бу масалада тил топиша олмай бир неча авлоднинг сочи оқарди.

Демак, бу борада ҳакамликни илм аҳлига ҳавола этган маъқул.

Ҳар бир халқ адолат исташ ҳуқуқига эга экан, инсоф юзасидан 72 кунгина умр кечирган Туркистон мухторияти фожиасини эсга олиш зарур.

1918 йилнинг машъум 19 февраль куни Туркистон мухторияти қизил аскарлар ва арман дашноқлари томонидан ағдариб ташланди.

Тақдирнинг аччиқ ҳазилини кўрингки, “1915 йилда геноцид қурбони бўлган” арман миллати вакиллари бу гал ўзи каллакесарлик қилди.

Профессор Саидакбар Аъзамхўжаев “Туркистон мухторияти” китобида ёзишича, шўро аскарлари ва арман дашноқлари биргина Қўқон шаҳрида уч кун ичида 10 минг кишини қатл этган.

Шаҳар атрофида яшовчи тинч аҳолидан ҳам қурбонлар кўп бўлган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас!

Ўзбекистон миллий энциклопедиясига кўра, большевиклар ҳокимиятга келгач, Фарғона водийсида 1918-19 йиллари тинч аҳолидан 35 минг киши ўлдирилган.

Қирғинбаротларда “Дашнакцутюн” (“Иттифоқ”) арман миллатчилари партияси аъзолари жонбозлик кўрсатган...

Туркистон мухторияти фожиаси – туркий оламнинг битмаган яраси, қон силқиб турган жароҳати!

Бу битикларни қоралаш билан бутун арман миллатини жиноятчига чиқариш ниятида эмасмиз.

Зотан, ҳар бир миллатнинг оқкўнгил олимлари қатори тошбағир золимлари ҳам бўлади.

Лекин тарихий адолат нуқтаи назаридан Туркистонда маъсум буваклар, заифа ва қарияларни қатл этганлар ҳам расман қораланиши керак.

Ҳали-ҳануз империяпарастлик кайфиятидан қутула олмаётган Россия раҳбари ва тарихий ҳақиқат учун жон куйдираётган Арманистон етакчиси 1918 йилги воқеани ҳам мудҳиш жиноят деб тан олиши керак.

Лекин... минг афсуски, тарихни ҳамиша ғолиблар битади.

Музаффарлар пайти келганда ўтмиш воқелигини ҳам йўриғига солади, ўзи истаган ўзанга буриб юборади.

Қани, оқ билан қора, рост билан ёлғон чегарасини ажратиб кўринг-чи!..

Туркистонлик

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG