Линклар

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида ҳукумат хавфсизлик кучлари ва Толибон жангарилари ўртасида қақшатгич жанглар тўртинчи кундирки давом этмоқда. Қундуз вилояти ҳокимига кўра, шу кунда Толибон сафида бўлган 3 мингга яқин жангарининг 90 фоизи Марказий Осиё ва Кавказдан борган хорижликдир.

Афғон расмийларига кўра, Толибоннинг юзлаб жанггарилари Қундуздаги полиция пунктлари ва ҳукумат кучларининг ҳарбийлар пунктларига ҳужум қилган.

Қундуз вилояти ҳокимининг матбуот вакили Абдул Васеҳ Басел жангларда ҳозирга қадар саккиз нафар ҳукумат ҳарбийси ҳалок бўлгани, йигирмага яқин толибон жанггариси йўқ қилинганини маълум қилди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари ҳалок бўлганлар орасида Толибон қўмондонларидан бири Мулло Мустафо ҳам борлигини тасдиқлади.

Жаноб Баселга кўра, Толибон жанггариларига қарши амалиётларни кучайтириш учун вилоятга ҳукуматнинг икки минг аскарлик қўшимча ҳарбий қўшини етиб келган.

Улар Қундузнинг учта қисмида жанггариларга қарши ҳарбий амалиётларга жалб этилган.

Ҳозирда жанггарилар вилоят маъмурий маркази бўлмиш Қундуз шаҳрига ҳужум қилиш билан таҳдид солмоқда.

Афғон расмийларига кўра, ҳозирда Толибон жанггарилари Қундуз вилоятининг 65 фоизини ўз назоратига олган.

Қундуз вилояти ҳокими Умар Софий Толибон сафларида уч мингга яқин жанггари борлигини айтган.

Жаноб Софийга кўра, Толибон сафларида жанг қилаётганларнинг тўқсон фоизи Марказий Осиё ва Кавказдан бўлган хорижлик жанггарилардир.

Қундузда жанглар давом этар экан Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ҳиндистонга режалаган расмий сафарини қолдирган.

Жаноб Ғани НАТО генерали Жон Кэмпбел билан малакатдаги вазиятни муҳокама қилди.

Афғонистоннинг Қундуз вилояти Тожикистоннинг Хатлон вилоятига чегарадошдир.

Минтақада Толибон билан бир қаторда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам сўнгги йилларда анча фаоллашгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG