Линклар

"Корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири акциядорлик жамиятларида раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилишдир".

Бу фикр ўтган ҳафта охиридан бошлаб президент Каримовнинг фармони билан қонун кучига кирди.

Ўзбекистон президенти 24 апрелда имзолаган ҳужжат, баъзи таҳлилчилар фикрича, шу пайтгача қўлланилиб келган бошқарув услублари самарасиз эканлигини мамлакат раҳбариятининг ўзи ҳам тан олгани белгисидир.

Ислом Каримовнинг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони анча катта ҳужжат бўлиб, унинг нима мақсадда қабул қилинаётгани муқаддимасида тушунтирилган.

Президентнинг орзуси

“Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида” имзоланган фармоннинг бир-икки жиҳати алоҳида эътиборталабдир.

Фармоннинг 1- бандида “корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари” белгилаб қўйилган бўлиб, унда, жумладан, мана бундай дейилган:

“етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида бошқарув ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб даражасини ошириш, шунингдек, акциядорлик жамиятларида раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилиш <белгилаб қўйилсин>”.

Отингни сот, молингни сот - чет эллик бўлиб Ўзбекистонга кел

Шуни айтиш керакки, “чет эллик юқори малакали менежерлар”га оид меъёрлар фармоннинг бошқа бандларида ҳам белгилаб қўйилган.

Уларга катта имтиёзлар берилажаги ҳам назарда тутилган. Фармоннинг 10- банди:

“Акциядорлик жамиятлари бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш;

хорижий мутахассисларнинг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадлари даромад солиғи, тўлов манбаидан олинадиган даромад солиғи, шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий суғурта бадалларидан озод этилсин”.

Меҳмондўстлик боиси ёки Гапнинг индаллоси

Чет эллик мутахассисларга қарата айтилаётган бу “Хуш келибсиз”нинг боиси нима?

Бу саволга жавоб излар экан, баъзи нашрлар ўзбекистонлик экспертларнинг айтганларига таяниб, маҳаллий мутахассисларни билимсизликда, уқувсизликда, мамлакати манфаатларини ўйламасликда айблади.

Ўзбекистон ҳукумати таркибида ишлаган иқтисодчи, ҳозирда Астанадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда бундай фикрларни аввалига инкор этишга уринди, лекин кейин гапнинг индаллосини айтди-қўйди:

- Биз ўзимизнинг мутахассисларга ишонамиз. Уларнинг билими ҳам етарли, уқуви ҳам бор. Гап чет элдан бошқарувнинг янги усулларини олиб келиш устида бораяпти. Янги усулларни тезроқ олиб келиш учун эса, ўша усулларни биладиган мутахассиснинг ўзини олиб келиши лозим. Улар ўз мамлакатида қилаётган ишини Ўзбекистонда қилади ва маҳаллий ҳамкасбларига ўргатади.

- Нима учун бу иш 25 йилдан бери қилинмади?

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда пул-кредит сиёсати ўзгартирилмаса, чет эллик мутахассисларни 50 йил чақирсаям ҳеч нарса ўзгармайди, деди Сапарбой Жубаев.

Давлат жунини шахсий жунга аралаштирманг

24 апрелда имзоланган фармонда бир қарашда тушуниш қийин бўлган яна бир кўрсатма бор.

Ҳужжатнинг 9-бандида бундай дейилган:

“2015 йилнинг 1 июлидан акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари номларида уларнинг устав капиталида давлат улушидан қатъи назар, «давлат» сўзидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги <белгилаб қўйилсин>”.

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, бу меъёр ҳам чет эллик мутахассисни жалб этиш учун киритилмоқда.

- Масалан, “Ўзбекпахтасаноат” давлат акциядорлик жамияти, деган номдан “давлат” сўзи олиб ташланса, чет эллик бу ишхонани хусусий экан, деб ўйлайди. “Давлат” сўзи бор ишхонага ва умуман давлат аралашадиган ишхонага чет эллик ҳеч қачон келмайди. Фикримга Қозоғистон мисолида кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Эрталабдан кечгача давлат аралашадиган ишхоналарга чет элликлар ҳеч қачон келмайди, деди Сапарбой Жубаев.

Чет элликни чақириб чарчамаган ҳукумат

24 апрель куни имзоланган фармон нафақат чет эллик мутахассисларни жалб этиш, балки “чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш”, мақсадида ҳам қабул қилинди.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати йиллар давомида чет эл инвесторларига имтиёзлар беришга ваъда қилиб келади, бу ваъдаларга ишонган инвесторларнинг эса, “оғзи куйиб” қолаверади.

Ислом Каримов президентликнинг тўртинчи муддатига киришаётиб, Олий Мажлисда қилган чиқишида 24 апрель куни имзолаган фармонининг “учини чиқариб” қўйган, ўша кунги нутқида Каримов “корпоратив ёки акциядорлик бирлашмалари фаолиятига ҳам кўпгина хорижий фирма ва компаниялар тажрибаси асосида тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур”, деган эди.

Бу гапдан олдин Каримов “маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ҳамон сақланиб қолаётган ҳар қандай шаклларидан воз кечиш” лозимлигини ҳам уқтириб ўтган эди.

Бу ишни қилишга 25 йил давомида Каримовга ким ҳалақит берди?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG