Линклар

logo-print

Иштихонда мактаб боласи пахта чопиғига чиқди


Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Қорача қишлоғи ҳудида пахта чопаётган 38-мактаб ўқувчиси. 2015-йил, 26 апрель.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Қорача қишлоғи ҳудида пахта чопаётган 38-мактаб ўқувчиси. 2015-йил, 26 апрель.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида мактаб болалари пахта чопиғига чиқди. Озодлик манбаси шанба куни ёққан ёмғир ортидан қатқалоқ бошланишидан ташвиш қилган оилалар чопиқни тезроқ тугатиш учун болаларини далага чиқарганини хабар қилди. Бундан бехабарлигини айтган маҳаллий расмийлар муаммони зудликда ҳал қилишни ваъда қилди.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Қорача қишлоғи ҳудида пахта чопаётган мактаб ўқувчилари ҳақидаги хабар Озодлик манбаларидан бири томонидан таҳририятга йўлланди.

Манба 26 апрель куни тонгги соат 10:00да “Меҳнат – роҳат” жамоа хўжалиги ҳудудида чопиқда юрган болакайлардан бирининг суратини Озодликка йўллади.

8 ёшлар бу бола. 38-мактабда ўқийди. Ота-онасига ёрдам бериш учун мактабга бормай, чопиққа чиққан-да. Бунақа болалардан бир қанчасини кўрдим. Аммо, суратга ололмадим, тўғриси. Буларни мактаб чиқармаган, ота-онаси чиқарган. Қатқалоқ бошланмасидан, чопиқни тугатишга ҳаракат қилишаяпти-да энди”, деди Озодлик манбаси микрофонсиз суҳбатда.

Туманда пахта чопиғи бошланганига 5 кун бўлганини айтган манба ҳозирча маҳаллий оилалар болалари билан чопиққа чиқаётгани, бирор ташкилот ёки идора томонидан ходимлар сафарбар қилинганига гувоҳ бўлмаганини айтмоқда.

Мухбир 38-мактаб раҳбарияти билан боғлана олмади. Аммо, Самарқанд вилояти ҳокимлиги таркибидаги идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси бундай ҳолатдан хабари йўқлигини айтди:

Болаларни далага чиқариш Конвенция бўйича мумкин эмас. Бизда болалар далага чиқарилмайди. Ота-оналарнинг ҳам болаларини пахтага чиқаришга ҳаққи йўқ, мумкин эмас бизда. Биз буни дарҳол ҳал қиламиз ва тегишли чора кўрамиз”, деди мутасадди микрофонсиз суҳбатда.

Унинг таъкидича, пахта мавсуми бошиданоқ мактаблар ва маҳалла қўмиталарига расмий хат йўлланади ҳамда болаларни меҳнатга жалб қилмаслик ҳақида кўрсатма берилади:

Хат чиқарамиз, группалар тузилади назорат бўйича. Болаларни меҳнатга жалб қилмаслик бўйича конвенция борку, шунга тўлиқ амал қилинади”, деди Самарқанд вилояти ҳокимлиги таркибидаги идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими.

Иштихон туманида истиқомат қиладиган Сайдулла Холбоев сўнгги кунларда ёққан ёмғирдан сўнг қатқалоқ бошланиши мумкинлиги, аммо ҳозирча пахта чопиғига шошилинч сафарликни кўрмаганини айтади:

- Ғўзапоя учун одамлар ўзлари бориб, пахта чопиғини олади. Мактаб болаларни чиқармайди, лекин баъзи шунақа ота-оналар бўлади-да: "Бугунча, майли, мактабингга бормай тур, чопиққа чиқ!" дейдиган. Лекин, ҳозир мактаблар қаттиқ турибди, болаларни чиқармаяпти, - дейди суҳбатдош.

Сўнгги йиллар нафақат Иштихон тумани, балки Самарқанднинг бошқа туманлари ва бошқа вилоятларда ҳам маҳаллий фермерлар пахтани қарийб текин ишчи кучи ҳисобига етиштираётгани кузатилмоқда.

Ҳар баҳорда чигит ерга қадалмасидан туриб, маҳаллий аҳоли фермерлардан пахта қаторларини олишга ошиқади. Хусусан, Иштихоннинг Қорача қишлоғида ҳар бир оилага 10 - 20 тагача пахта қатори берилади. Оилалар баҳор, ёз ойларида пахтани чопиш, ягона қилиш ва чеканка қилиш билан шуғулланади. Бошқача айтилади, аҳоли гўзани парваришлаб, етиштириб беради.

Қарийб 7 ойлик оғир меҳнат учун олинадиган ҳақ эса – етиштирилган гўзанинг поясидир.

Сайдулла Холбоев, ҳаттоки, пахтани текинга етиштириб берган оилалар фермерга иккита қатордаги гўза поясини солиқ сифатида қайтариб беришини айтади:

- Қишда тандирда ёқиладиган гўзапоя учун ёзи билан пахтани чопади. Баҳордаёқ бориб, одамларнинг ўзлари фермердан талашиб-тортишиб, пахта олади. Ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса бермайди - фақат гўзапоя учун шунча меҳнат. Қайтанга, одамлар иккита қатордаги гўзапояни фермерга қайтариб беради, унга ер бергани учун, - дейди Холбоев.

Ўзбекистонда ҳукумат босими остида йиллар давомида икки миллиондан ошиқ 18 га тўлмаган болаларнинг мажбуран пахтага чиқариб келингани Ғарб сиëсий ва молия тизимлари томонидан жиддий танқидларга учраган.

Натижада, Тошкент ҳукумати 2013-2014 йилги мавсумда болаларнинг пахтага чиқарилишини тақиқловчи қарорлар қабул қилди.

2014 йил давомда ҳукумат болаларни пахта чопиғи ва теримига чиқармасликка қаттиқ уринди ва бунинг ортидан қаттиқ назорат ўрнатди. Шунга қарамасдан, айрим ҳудудлар, хусусан Иштихон туманида мактаб болаларининг оммавий равишда пахта теримига чиқарилгани кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG