Линклар

Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда врачлар сонини қисқартиришмоқчи


Самарқанд шаҳридаги "Доктор М" хусусий шифохонаси

Самарқанд шаҳридаги "Доктор М" хусусий шифохонаси

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари шифохоналарида ишлаётган ходимлар сонининг мавжуд койкалар миқдорига реал нисбатини аниқлаш бўйича эксперимент ўтказиш режаланмоқда. Кузатувчилар сўнгги йиллар давомида койкаларни қисқартирган ҳукумат кадрлар сонини ҳам қисқартирмоқда, деб ҳисобламоқда.

Ушбу экспериментни ўтказишдан мамлакат шифохоналарида ишловчилар сонини аниқлаш мақсади кўзланаётгани таъкидаланади.

Койкалар миқдорини аниқлаш ишлари тиббий хизматчилар сонини инобатга олган ҳолда олиб борилади.

Расмий рақамларга кўра, Ўзбекистонда ўн минг одамга олтмишга яқин койка мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг бир қисми сифатида кўрилаётир.

Лекин, тиббиёт соҳасини яқиндан кузатувчилар ушбу эксперимент ортидан шифохоналарда кадрлар қисқариши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Уч йил муқаддам Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги 2015 йил охирига қадар давлат бюджетидаги ўрин-жойларни 18 мингга қисқартириш қарорини олганди.

Бепул тиббий хизмат

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, мамлакат фуқароларига бепул тиббий хизмат кўрсатилиши шарт.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган тиббий мулозимнинг Озодликка билдиришича, жаҳон бозорида дори-дармон, тиббий ускуна ва жиҳозлар нархининг мунтазам қимматлашиб бораётгани бюджет харажатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шифохоналарда жиҳозлар эскириб қолган. Янги тиббий ускуналарни сотиб олишга давлат етарли маблағ ажратмайди. Врачлар ва ҳамширалар маоши оз. Фаррош ва қоровуллар маошини айтмаса ҳам бўлади. Шунинг учун шифохоналар ва клиникаларда порахўрлик авжига чиққан,” дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган мулозим.

Расмий маълумотларга кўра, 90 йиллар охирида соғликни сақлаш тизимига ажратилган маблағ мамлакат бюджетининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этарди.

Бироқ, охирги йилларда ушбу тизимга ажратиш сезиларли даражада қисқарди.

2000-йиллар бошида Ўзбекистонда хусусий клиника очган шифокор мамлакатда тиббий хизматни ривожлантириш концепцияси “нотўғри” танланганини айтади:

Ўзбекистонда соғликни сақлаш соҳаси коррупция ботқоғига ботган. Мамлакат ғарб давлатларида шаклланган йўлдан бориб, тиббий суғурта тизимини шакллантириши зарур. Ташҳис қўйиш хизмати хусусий секторга берилиши керак. Бундан ташқари, хусусий шифохоналарни очишни давлат рағбатлантришса яхши бўларди,” дейди шифокор.

Хусусий тиббий хизмат

Ўзбекистонда 1200 га яқин шифохона фаолият юритади.

2001 йилда Ўзбекистон ҳукумати хусусий шифохона, клиника ва амбулаторияларни ривожлантириш қарорини олди.

Аммо, орадан 14 йил ўтган эса-да, хусусий шифохоналар сони олтмиштага яқинлашган, холос.

Ўзбекистонда 2000-йиллар бошида хусусий клиника очган шифокорнинг Озодликка айтишича, хусусуй фаолият юритишга изн берувчи лицензияларни олиш тобора қийинлашиб бораётгани шифокорларни “югур-югур"дан бездириб қўйган.

Ўзбекистон бўйича бор-йўғи уч мингта врач бундай лицензияга эга. Давлат ташкилотлари бундай лицензияларни олишни тобора қийинлаштираяпти. Бу менинг кўплаб танишларимни югур-югурдан бездириб қўйган. Улар тинчгина давлат шифохонасида ишлашни афзал кўришяпти,” дейди шифокор.

2012 йил бошида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат бюджетидаги ўрин-жойларни қисқартира бошлаган эди.

2012-2015 йиллар давомида мамлакат бўйлаб бундай ўрин-жойлар сони қарийб 18 мингтага қисқартирилиши ва 127 минг ўриндан 109 мингтаси режаланган.

Ўшанда вазирлик бюджет ўрин-жойларни оптималлаштириш, яъни қисқартириш хусусий секторнинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшади, дея билдирганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG