Линклар

Ўзбекистон олтин қазиб олишни ривожлантиришга 1,1 миллиард доллар сарфламоқчи


Ўзбекистон 2015-2025 йиллар давомида олтин қазиб чиқаришни кўпайтириш ва олтин қазиш саноатини модернизациялаш учун 1 миллиард 100 миллион доллар сарфламоқчи.

Мазкур режа ишлаб чиқаришни 2015-2019 йилларга мўлжалланган структуравий ўзгаришлар, модернизация ва диверсификация лойиҳаси асосида амалга оширилади. Лойиҳа Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон комбинатлари базасида тадбиқ этилади.

Лойиҳада айтилишича, Навоий тоғ-кон комбинатида 2019 йилгача тўртта янги олтин қазиб олиш конини ишга тушириш учун 330 миллион доллар, “Мурунтау” ва “Зармитон” конларини модернизациялаш учун 485 миллион доллар ажратилади.

Олмалиқ тоғ-кон комбинати базасида эса 2025 йилгача 185 миллион доллар сарфланиб, “Қизил олма” ер ости кони очилади.

Мазкур лойиҳа корхоналар, Ўзбекистон банклари ҳамда Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ортидан Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш 20-30 фоизга ошиши кутилмоқда.

АҚШ Геология хизматининг билдиришича, Ўзбекистонда 2014 йилда олтин ишлаб чиқариш ўтган йили 2013 йилга нисбатан 4 фоизга ўсган ва 102 тоннани ташкил қилган. Бунинг ортидан Ўзбекистон дунёда олтин қазиб олиш бўйича 8-ўриндан 7-ўринга кўтарилган.

2011 йили эълон қилинган энг сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 63 олтин кони очилган. Экспертларнинг билдиришича, бу олтин конларидаги заҳира 2500 тоннани ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG