Линклар

Грознийдаги полиция амалиёти иши федерал терговчилар қўлига ўтди


Таҳлилчиларга кўра, федерал расмийлар қадами чечен президенти Рамзан Қодиров Чеченистонда ортиқ ҳокимият монополиясига эга эмаслигини ва у ўз ҳокимиятини йўқотиб қўйиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, федерал расмийлар қадами чечен президенти Рамзан Қодиров Чеченистонда ортиқ ҳокимият монополиясига эга эмаслигини ва у ўз ҳокимиятини йўқотиб қўйиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин 19 апрель куни Грознийда амалга оширилган махсус амалиёт бўйича Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида юзага келган тортишувга аралашди. Мазкур амалиёт чоғида чеченистонлик Жамбулат Дадаев ўлдирилган эди.

Рамзан Қодиров Ставрополь полицияси билан Ички ишлар вазирлиги орган ва бўлинмаларининг вақтинча тезкор гуруҳи (ВОГОиП) Чеченистон Ички ишлар вазирлигини огоҳлантирмай, Грозний яқинида амалиёт ўтказгани қонунга зидлигини иддао қилди. Пировардида Тергов қўмитасининг Чеченистондаги бўлинмаси бу масала бўйича жиноий иш очди. 24 апрель куни эса Бастрикин бу ишни ёпди. Бу орада Тергов қўмитасининг Шимолий Кавказ бўйича тергов маъмурияти Дадаев ўлимини ўрганиб чиқиш учун ўз терговини олиб бораётгани билдирилди.

Бошқача қилиб айтганда, Ставрополь полицияси билан ВОГОиП қонунни ёки ички уставни бузган-бузмагани энди республика миқёсида эмас, балки федерал миқёсда аниқланади. Бу ҳаракат International Crisis Group нодавлат ташкилоти ходими Екатерина Сокирянская “Кавказский узел” сайтига берган интервьюсида айтганидек, Қодиров “Чеченистонда куч ишлатиш бўйича монополияга эга эмаслигини, оёғи остидаги ер кўчиши мумкинлигини” кўрсатади.

Қодиров эса Бастрикиндан ўз қарорини тушунтириб беришни талаб қилмоқда.

23 апрель куни Федерал ички ишлар вазирлиги Ставрополь полицияси Дадаевни қўлга олиш режаси ҳақида вазирлик қонунларига мувофиқ равишда чечен ҳамкасбларини олдиндан огоҳлантирганини билдирган эди. Лекин 24 февраль куни Қодиров бу баёнот бошдан-оёқ ёлғон эканини айтди. (Чеченистон полициясига кўра, Дадаев мухолифатчи Борис Немцов қотиллигида гумонланаётган Заур Дадаевнинг қариндоши эмас.)

Коммерсантъ нашри билан суҳбатда ВОГОиП зобити бутун Россия бўйлаб фаолият юритиш ҳуқуқига эга федерал тизимлар, жумладан, ВОГОиП маҳаллий полицияни режалаштирилган махсус амалиётлар ҳақида хабардор қилишга мажбур эмаслигини айтди.

Генерал-майор унвонига эга Қодиров Россия ички ишлар вазирига унинг қўл остидаги ходимлар атайин нотўғри маълумот етказган бўлиши мумкинлигини шаъма қилди.

21 апрель куни Чеченистон куч ишлатар идоралари зобитлари йиғинида Қодиров: “Расман айтаман, агар сизни огоҳлантирмасдан сизнинг ҳудудингизда кимдир пайдо бўладиган бўлса – хоҳ москвалик бўлсин, хоҳ ставрополлик бўлсин – уларга қарата ўт очишингиз мумкин. Биз билан ҳисоблашишлари лозим”, деган эди. Бу йиғин видеоси Грозний ТВ каналида эфирга узатилди ва канал сайтига юкланди. Ҳозир эса видео телеканал сайтидан ўчирилган.

Дума депутатлари ҳамда Федерация қўмитаси вакиллари номидан Ставрополь полицияси билан ВОГОиП томонидан Чеченистонга қилинган “ноқонуний” интервенцияни қораловчи баёнот чечен ҳукумати сайтида пайдо бўлди. Баёнотда бу амалиёт уруш даҳшатини ҳали унутмаган чечен халқи томонидан ёмон қабул қилингани иддао қилинди. (Баёнотни фақат чечен расмийлар тайёрлаганми-йўқми, ҳозирча маълум эмас.)

Баёнотда яна Россиядаги сиёсий аҳволни беқарорлаштиришга қаратилган интервенцияга нисбатан Қодировнинг “ҳар қандай одамдан кутиш мумкин бўлган” жавобини нотўғри талқин қилмиш оммавий ахборот воситалари ҳам кескин қораланади.

Даставвал Кремль Қодировнинг Ички ишлар вазирлигини танқид қилишига “биз буни кўрдик, эшитдик, ўқидик” дейишдан бошқа изоҳ бермади. 24 апрель куни Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС ахборот агентлиги билан суҳбатда: “Бу ерда шарҳлаш лозим бўлган ҳеч нарса йўқ”, деди. Шундай бўлса-да, Песков Чеченистон Ички ишлар вазирлиги федерал вазирликка бўйсунишини қўшимча қилди. Матбуот котиби Дмитрий Песков Рамзан Қодировга федерал ҳукуматда иш таклиф қилингани ҳақидаги миш-мишларни ҳам шарҳлашдан бош тортди.

Лиз Фуллер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG