Линклар

Қўқон ва Марғилонда милиция рўмол ечтириш кампаниясига сафарбар қилинди


Озодлик манбаларидан аëн бўлишича¸ Фарғона водийсида рўмолни шу шклда ўраëтган ëш аëлларга рўмолни орқадан ўраш маъмурий босим билан "тавсия" қилинмоқда.

Озодлик манбаларидан аëн бўлишича¸ Фарғона водийсида рўмолни шу шклда ўраëтган ëш аëлларга рўмолни орқадан ўраш маъмурий босим билан "тавсия" қилинмоқда.

Бу икки шаҳардаги диндорлардан келаëтган хабарларга кўра¸ кейинги кунлар ичи катта рўмолни ҳижоб сифатида ëпиниб олган аëлларни рўмолини орқадан ўрашга мажбурлаш кампанияси янада кучайган. Ҳуқуқ тизимидаги манбанинг билдиришича¸ айни кунларда ҳар иккала шаҳар ички ишлар бўлимининг аксар ходимлари жамоат жойлари¸ айниқса¸ бозорларда аëллардан рўмолини ҳижобнамо ўрашдан воз кечишни талаб қилмоқда.

"Милиция ҳамма ишни қўйиб¸ рўмол ечтириш билан овора"

“Ҳозир ҳамма профилактика инспекторлари¸ бўлим бошлиқлари¸ ҳаммасига еткизилган. Жиноят қидирув бўлими¸ тергов ходимларининг ҳаммасига бугунги йиғилишда топшириқ берилди. Ҳозир ҳамма ишлаяпти. Кечки пайт бу иш юзасидан ҳаммаси алоҳида-алоҳида ахборот беради”¸ деди Фарғона ички ишлар тизимидаги манба.

Facebookдаги 6000 нафарга яқин аъзоси бор “Гўзал панд ва насиҳатлар” гуруҳига 29 апрель куни маҳаллий вақт билан тушга яқин қўйилган хабарда Қўқон бозорида кўрилган манзара тасвирланган (матн қандай ëзилган бўлса шундай¸ ўзгаришсиз кўчирилди – таҳр.):

“ILTIMOS ADMIN O'CHIRMANG BU JUDA MUXIM!!!

Assalamu alaykum va rohmatulloh!

Birodarlar bugun o'z ko'zim bilan bir mudxish voqeaga guvox bo'ldim bozorda bozorlik qilib yurgandim baqir chaqir bo'lyapti yaqinroq borsam 5, 6ta chamasi 21-27 yosh atrofidagi qizlar(yonida 2, 3ta "qonun ximoyachilari"yam bor) o'rangan ayol qizlarni to'xtatib turar joyiz qayta ro'molizi orqadan o'ravolin deb gapiga kirganlarni qo'yvorib qarshilik qilganlariga esa yonidagi "akalari"ni ishga solyapti.. Mamlakatimiz borgan sari faxshga botib ketyapti bu marazliklarga qachongacha jim turamiz biron nima qilish vaqti kelmadimikan..???”

Бу хабарга муносабат билдирганлардан бири айни шундай жараëн Марғилонда ҳам бораëтганини билдирди (матн ўзгаришсиз кўчирилди – таҳр.):

“Маргилон бозорларида хам шу хол, кеча уз кулогм б.н эштдим бозор очадиган дугонам бозорда очиниб утирибмиз рухсат ё румолга деди. Эхтимолки Аллох муслималарга синов юборгандур. Эхтимол Турли диний окимлар водийдан чиквотганига давлат одамлари шундай юл тутгандир. Ахли мусулмонларга сабр Аллохдан шундай тепасида румолни ёпинма дп тазйик утказётган пайтда кийнчиликда Аллохни буйругини бажарётган муслималаримизга ажру савоблар сураймиз. Муслималар ишини Аллох унгласин Аллохни узи уша давлат ходимлари дилини иймон нури б.н ёритсин амийн”¸ деб ëзди Facebookдаги “Гўзал панд ва насиҳатлар” гуруҳи аъзоларидан бири.

Қўқондаги воқеа гувоҳи ëзишма асносида¸ икки-уч милиция ходими ëнидаги талабага ўхшаб "кофта-юбка" кийган беш-олтита қиз ҳамроҳлигида рўмолини томоқ тагидан ўраган аëлларни тўхтатиб¸ уларга "рўмолингизни орқага оддий қилиб ўраб олинг" деяпти¸ кейин яшаш манзилини сўраб-суриштираяпти¸ деб қўшимча қилди.

Айни манба шунингдек¸ аëлларнинг рўмол юзасидан чиққан тортишув боис милиция участкасига олиб кетиш ҳолатига шахсан ўзи гувоҳ бўлмагани¸ аммо "қаршилик қилган иккита қизни олиб кетгани" ҳақида эшитганини ҳам эътироф этди.

Ҳижобнамо рўмол - ИШИДга мойиллик белгиси?

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ҳам нафақат Қўқон ва Марғилон¸ балки Фарғона шаҳрида ҳам айни шундай амалиëт бораëтгани¸ лекин кампаниянинг ҳар қандай рўмол эмас¸ балки айнан дуррача устидан катта рўмолни ҳижоб шаклида ташлаб олган аëлларга қаратилганини таъкидлайди:

- Мен ҳам бир неча кундан бери шу ҳақдаги хабарларни олаяпман. Ўзим ҳам Фарғона бозорига чиқиб келдим¸ лекин бунақа амалиëтган шахсан гувоҳ бўлганим йўқ. Жуда кўп аëллар рўмолда юрибди. Гап рўмолда эмас¸ уни ўраш шаклида бўлаяпти. Томоғининг тагидан танғиб¸ ҳижобга ўхшатиб фақат юзининг бир қисмини кўрсатиб¸ қолган жойини бекитиб олган¸ аниқроғи миллий рўмол ўрашимизга хос бўлмаган¸ араб мамлакатларидан келган шаклда рўмол ўраганларни милиционерлар тўхтатиб¸ рўмолини миллий услубда ўрашни таклиф қилаяпти экан. Бу таклифга кўнмаганларни милиция участкаларига олиб кетиш ҳоллари ҳам учраяпти экан¸ эшитишимча¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Ҳуқуқ фаоли рўмолини айнан шу шаклда ўраган аëллар араб давлатларидан кириб келаëтган ўта радикал исломий оқимлар таъсирига тушганликда гумонланаëтгани боис¸ ҳуқуқ тизимлари уларнинг оммалашиб кетиши олдини олиш учун эҳтиëт чораси ўлароқ шундай амалиëтга киришган бўлишини тахмин қилади:

- Диндорлардан сўраб-суриштирсам¸ Арабистондан келган оқимларга хос таълим олган аëллар рўмолни айнан шу шаклда ўрашни бошлашган. Бу билан улар ўзларининг бошқача илмга мансублигини билдирмоқчи бўлаяпти¸ дейишди. Уларга кўра¸ ҳозир аҳоли ўта зич жойлашган Фарғона водийсида ваҳобийликдан ҳам ўтиб тушадиган ўта радикал оқимлар яна кучая бошлаган. Айтилишича¸ Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) айнан аëлларни ўз таъсирига олишга қаттиқ киришган. Фарғонада ана шу оқимларга мойиллик белгиси деб кўрилаëтган ҳижобнамо рўмолга қарши кампания¸ ҳукуматнинг ана шундай оқимлар тарқамаслиги учун қилаëтган эҳтиëт чораси бўлса керак¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Ҳижобга қарши эски курашнинг янги давраси

Ўзбекистон ҳукумати ҳижобнамо рўмолга қарши курашни биринчи марта амалга ошираëтгани йўқ.

Ҳозир Қўқон ва Марғилон бозорларида кўпроқ кузатилаëтган бундай манзара беш йилча муқаддам Тошкент бозорлари¸ айниқса¸ Эски шаҳар юрагида жойлашган Чорсуда кузатилган эди.

Аëлларнинг ҳижоб ëки катта рўмолни ҳижобсифатида ëпиниб юриши Ўзбекистон қонунчилигига кўра диний либос сифатида таснифланган; жамоат жойларида бундай либосда юриш эса¸Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси

184 банининг 1-моддасига асосан маъмурий жазога тортиладиган ҳаракат сифатида баҳоланган.

“Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши” деб номланадиган бу моддада:

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” деб ëзиб қўйилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат қонунчилигига киритган бу ўзгартишлари ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро ҳуқуқ фаоллари томонидан диний эътиқод ва ифода эркинлигига қарши ҳаракат сифатида жиддий танқидга учраб келмоқда.

Радикаллар ëққан ўтга мой қуйиш?

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон кучишлатар тизимларининг диний эътиқод ифодаси бўлган ҳижоб ва эндиликда ҳижобсифат рўмолларга қарши ўтказаëтган кампаниялари¸ тескари натижа бериши ва аҳолининг муайян қатламларини янада радикаллашишга мажбурлаши мумкин:

- Акцияга қарши реакция¸ амалиëтга қарши аксиламалиëт бўлиши бор гап. Бундан ташқари¸ тақиқ меваси ширин бўлади¸ деган гап ҳам эскидан бор¸ буни мен ўйлаб чиқарганим йўқ. Тақиқланган нарсага қизиқиш кучайиши ҳам бор. Беш бармоқ баравар эмас¸ рўмол ечтириш пайтида аëлларга қўполлик-қўрслик қилаëтган¸ уларни мажбурлаëтган милиция ходимлари бўлиши мумкин. Бундай қўрсликни кўриб¸ эшитиб турган эркакларнинг ҳиссиëтга берилиши¸ ҳеч бўлмаса тишини ғижирлатиб қўйиши юзага келади. Албатта бу яхшилик¸ фойда келтирадиган нарсалар эмас¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистон расмийлари¸ жумладан Ислом Каримов¸ мамлакат аҳолиси¸ хусусан¸ ëшлар ўртасида ИШИД ғояларининг ëйила бошлаганини эътироф этган ва ИШИД фитнасига қарши кураш борасида мамлакат имомларига аниқ кўрсатмалари берган.

"“Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!

Биз ёшларга қандай тушунтириб беришимиз керак, бу бало қаердан пайдо бўлдию кимга қандай таъсир ўтказиши мумкин? Буларнинг таъсири кучайиб, кўп мусулмонларни нотўғри йўлларга бошақараяпти-ку! Мусулмонлар идораси имом-хатиблари жойларда, авваломбор ўзи хабардор бўлиши керак ва жойларда тушунтириш ишлари олиб бориши керак"¸ деган эди 2014 йилнинг август куни Шаҳидлар хиëбонида Ўзбекистон расмий уламолари билан бир даврада ўтирган Ислом Каримов.

Расмийлар эътифофича¸ ҳозирда ИШИД сафига тахминан 500 нафар ўзбекистонликнинг қўшилгани тахмин қилинади. ИШИД сафига қўшилган ўзбекистонликлар иддаосича¸ бундайлар сони 3000 нафардан ошган ва улар орасида ўз эрига қўшилиб Сурия ва Ироққа келган аëллар ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG