Линклар

logo-print

Савдо марказини портлатмоқчи бўлган тожикистонликлар 35 йилга қамалди


Террорчиликда айбдор деб топилган Тожикистон фуқаролари Нижний Новгород вилоят судида.

Террорчиликда айбдор деб топилган Тожикистон фуқаролари Нижний Новгород вилоят судида.

Россияда ноқонуний яшаб келган тўрт нафар Тожикистон фуқароси Нижний Новгород шаҳрида террор ҳужумини амалга оширмоқчи бўлганликда айбдор, деб топилиб, умумий ҳисобда 35 йилга озодликдан маҳрум этилди. 28 апрель куни ўтган суд маҳкамасида судланувчилар ўзларининг бегуноҳлигини, собиқ иш берувчиси улар устидан "ёлғон" маълумот бергани сабабли ҳибсга олинганини айтишган.

2012 йилда ҳибсга олинган тожикистонлик Муроджон Усмонов, Илҳомжон Эрматов ва ака-ука Қодиржон ва Комилжон Қосимовлар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича, хусусан, экстремистик ташкилот тузиш, ноқонуний қурол сотиб олиш ва ясаш ҳамда террор ҳужумини тайёрлаш билан айбланган.

Иш Нижний Новгороднинг Федерал хавфсизлик хизмати бошқармалиги тарафидан тергов қилинган. Айблов тарафининг айтишича, тожикистонликлар мазкур шаҳарда тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилоти халқасини тузган ва портловчи мосламалар ёрдамида шаҳардаги савдо марказларининг бирини портлатмоқчи бўлишган.

Нижний Новгород вилояти судида ўтган маҳкамада тожикистонликлар барча айблов пунктлари бўйича айбдор, деб топилган, деди Озодлик билан суҳбатда суд матбуот котиби Валерий Лазарев.

- Суд Нижний Новгород шаҳрида террор ҳужумини уюштирмоқчи бўлганликда айбланган тўрт нафар Тожикистон фуқароси ишини кўриб чиқди. Улар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282, 222, 223 ва 205 бандлари бўйича айбланган. Айбланувчилар энг ками 8 йил, энг кўпи 10 йил, умумий ҳисобда эса 35 йил жазони қатъий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўташга ҳукм қилинди, - деди Валерий Лазарев.

Озодлик радиосининг тожикистонликлар адвокати билан боғланиш уринишлари самара бермади.

Аввалроқ, маҳкама жараёнини кузатиб борган Россиянинг "Коммерсантъ" нашри айбланувчилар ўзларига қўйилган барча айбловларни инкор қилгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, Тожикистон фуқаролари улардан 100 минг рубл қарз олган собиқ иш берувчиси - ўзбекистонлик Абдурафиқ Ортиқов исмли шахс қарзни қайтаришдан бош тортиб, уларга қарши ҳуқуқ-тартибот органларига ёлғон маълумот берган.

Айбланувчи ака-ука Қосимовларнинг судда гувоҳлик берган укаси Умед Қосимов портловчи моддалар уларнинг уйига кечаси бостириб кирган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тарафидан ташлаб қўйилганини айтган.

Айбланувчи Муроджон Усмонов эса тергов изолаторида қийноққа солингани ва судда у ерда берган кўрсатмаларидан воз кечишини айтган, деб ёзган эди "Коммерсантъ" нашри.

Суд айбланувчиларнинг қийноқлар ва тинтув пайтида қатор қонунбузарликлар бўлгани ҳақидаги кўрсатмаларини инобатга олмаган.

Кузатувчилар Марказий Осиёдан Россияга ишлагани борган меҳнат муҳожирларининг диний экстремист ташкилотларига аъзо бўлиши кўп учрайдиган ҳол эканини айтишади.

Бир ҳафта олдин Архангельск шаҳрида Интернет орқали "мусулмон бўлмаганларга" нисбатан зўравонлик ҳаракатларига ва "Исломий давлат" сафига қўшилишга чақириб келган 20 ёшли тожикистонлик йигит ҳибсга олинган эди.

Бир йил аввал, 2014 йилнинг апрель ойида "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилоти аъзоси экани айтилган яна бир тожикистонлик фуқаро Ставрополь шаҳрида террор ҳужумини амалга оширмоқчи бўлганликда айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

XS
SM
MD
LG