Линклар

logo-print

"Қамиш бар"даги ёнғинда куйганларнинг уч нафари вафот этди


Ёнғинга электродвижокдан чиққан учундан газ баллонининг портлаши сабаб бўлган.

Ёнғинга электродвижокдан чиққан учундан газ баллонининг портлаши сабаб бўлган.

Ўтган ҳафта Бухоронинг “Қамиш бар” ресторанида рўй берган ёнғинда жароҳатланганларнинг уч нафари вафот этди. Касалхонада қолаётган камида 30 кишидан етти нафари оғир аҳволда эканини айтмоқда Озодлик радиоси. Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, “Қамиш бар” ресторани хўжайини Насилло Ширинов қамоққа олинган.

Бухоро шаҳридаги ресторанда 22 апрель куни чиққан ёнғин оқибатида жароҳатланганлардан уч нафари жон бергани тўғрисидаги хабарни Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси тасдиқлади. Унинг айтишича, “Қамиш бар” ресторанида рўй берган портлаш ва ёнғин оқибатида жароҳатланганларнинг яна камида 30 нафари касалхонада қолмоқда, жумладан “етти киши оғир аҳволда”.

“Портлаш ва ёнғин пайтида ўлим бўлмаган эди. Лекин касалхонада уч киши вафот этди. Улар олган жароҳатлар ҳаётларини сақлаб қолиш имконини қолдирмади. Ҳозирда касалхонада яна 30дан ошиқ одам бор. Еттитаси реанимацияда оғир аҳволда”,- дейди Озодлик манбаси.

Бухоро вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тиббий муассасанинг бир нечта бўлимида “Қамиш бар”даги ҳодисада жароҳатланганлардан 40 нафарга яқин бемор қолаётганини билдирди. Тез ёрдам вакили ҳам касалхонаннинг реанимация бўлимида 7 бемор қолаётганини тасдиқлади.

"Қамиш бар" ресторанидан ёнғин чиқиш биланоқ Озодлик муштарийлари юборган видео.

Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг яна билдиришича, 22 апрель куни рўй берган воқеа бўйича очилган жиноят иши доирасида “Қамиш бар” ресторани хўжайини, 52 ёшли Насилло Ширинов ҳибсга олинган.

“Суд 1962 йилда туғилган Ширинов Насиллони, тергов давом этадиган муддатга эҳтиёт чораси сифатида, қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди”, дейди Озодлик манбаси.

Бухоронинг 5-микрорайонида жойлашган, шаҳаликлар орасида оммабоп “Қамиш бар” ресторанида 22 апрель куни кундузги соат 2.30 атрофида газ баллонининг портлаши ортидан ёнғин чиққан эди.

Ҳодиса юзасидан бораётган тергов жараёнидан хабардор яна бир манбанинг билдиришича, ҳодисага хавфсизлик техникасининг қўпол тарзда бузилиши сабаб бўлган. “Қамиш бар” ресторанида бундан тахминан бир ярим-икки йил аввал ҳам ёнғин чиққанига қарамасдан, емакхона маъмурлари хавфсизлик қоидаларига амал қилишмаган ва ҳозирда Бухоро шаҳар ёнғинга қарши кураш бошқармаси мутасаддиларини ҳам жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда, дейди суҳбатдошимиз.

“Ўзи икки йилча аввал ёнғин чиққанидан кейин шаҳар ёнғин бошқармаси бу рестораннинг фаолиятига яна йўл очиб беришган. Чунки ўтган сафар ҳам хавфсизлик техникаси қўпол тарзда бузилган. Бу сафар ҳам портлашга ресторан маъмурларнинг аҳмоқларча лоқайдлиги сабаб бўлган. Ўйлаб кўринг, газ баллони электродижокнинг олдида бўлган. Бу воқеа тушлик пайтида, 5-микрорайонда свет бўлмаган пайтда рўй берган, электродивожок ишлаётган бўлган. Ундан олов чақнаб чиққан ва газ баллони портлаб кетган”, дейди бухоролик манба.

Қўқонда рўй берган порталш ҳам Озодлик муштарийлари тарафидан тасвирга туширилди.

Унинг яна айтишича, ҳозирда бу ҳодиса бухороликлар орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда ва кўпчилик одамлар ўлимида “Қамиш бар” ресторанининг хўжайинини айблашмоқда.

“Насилло хожини ресторани бу, ўзиям уни қамоққа олимаганда одамлар самосуд қилиб юборишар эди. Ҳамма ҳозир ундан ғазабланиб юрибди”, дейди манба.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда яна бир нечта ёнғин рўй берди. 24 апрель куни кечқурун Қўқон шаҳрида пропан газини қуйиш станциясида рўй берган портлаш ортидан унга туташ АЁҚШ ҳам ёниб кетди. Гувоҳларнинг портлаш ва ёнғин оқибатида бир кши ҳалок бўлганига оид хабарини расмийлар инкор қилишди.

26 апрелга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида рўй берган кучли шамол оқибатида симёғоч сими узилиши оқибатида пойтахтнинг Жўрабек жоме масжиди ёниб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG