Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:06

Туркман президентининг умиди набирасидан


Туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммадев набираси ҳам "чавандозликда бабосидан қолишмаслиги"ни халққа намойиш этди.
Туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммадев набираси ҳам "чавандозликда бабосидан қолишмаслиги"ни халққа намойиш этди.

Туркманистонда Марказий Осиёда юз йил олдин бўлганидай тахтни фарзандларига мерос қолдириш амалиётини қайта тиклаш ҳаракати кузатилаётир. Шу кунгача минтақа лидерларининг бу борадаги урунишлари самарасиз якунланаётган эди. Бироқ Туркманистонда бу ҳаракат натижа бериши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Марказий Осиёдаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ҳокимиятни мерос қолдириш уринишини кечроқ бошлади. У айни пайтда туркман халқига набирасини “реклама” қилаётир.

Тулпор куни

26 апрелда Туркманистонда ахалтекин тулпорлари куни нишонланди. Отга муҳаббат туркманлар кўчманчи бўлиб юрган даврларда пайдо бўлган. Ахалтекин турпорлари ҳақида афсоналар тўқилган, ахалтекин тулпорларига Хитой императорлари эгалик қилиш орзусида бўлгани икки минг йил олдинги хитой қўлёзмаларида қайд этилган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов от пойгасини яхши кўради. У яхши чавандоз ва президентлик курсисига ўтирганидан сўнг ҳам жамоат олдида отга миниб пойгада иштирок этишни канда қилмаган. Лекин жорий йилда жамоатчиликка Гурбангули Бердимуҳаммедов эмас, унинг набираси Керимгули чавандоз сифатида тақдим этилди. Туркманистон давлат телевиденияси бу пойгани кенг миқёсда ёритди ва албатта, бу пойгада Керимгули ғалаба қозонди.

Туркман президентининг набираси чавандозлик қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:07 0:00

— Мен Ашгабатдаги 43 мактабнинг олтинчи синфида ўқийман. Мен 12 ёшдаман. Биз (президент билан) отларни кўргани борамиз ва ўша ерда менга бобом от минишни. Чавандозликни ўргатган, - деди Керимгули журналистларга.

Тақлид учун намуна?

Бу мақола бобо ва набира ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги чиройли ҳикоя ҳам бўлиши мумкин эди. Бироқ Туркманистонда бу каби ҳаракатлар бекордан-бекорга содир этилмайди. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, пойгадан сўнг, яъни 27 апрель куни туркман мактабларида линейкалар ўтказилган ва ўқитувчилар Керимгулининг ғалабаси ҳақида гапириб, барча ўқувчиларни президент набирасига тенглашишга, ундан ўрнак олишга чақирган.

Худди шунга ўхшаш жараён Тожикистонда ҳам кузатилмоқда. Бу ерда Эмомали Раҳмоннинг 28 ёшли ўғли Рустам қисқа муддатда Тожикистон Божхона хизмати раисининг ўринбосари лавозимидан Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш давлат агентлиги раиси лавозимига кўтарилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари эса катта қизларини лидер сифатида тақдим этиш ҳаракатларини қилганликларини экспертлар айтиб келадилар. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам қизларнинг шахсий ҳаёти жанжалларга сабаб бўлди ва бу уларнинг ҳокимият олимпига кўтарилишига ҳалақит қилди.

Қалтис йўл

Бундай йўл ҳокимият эгалари учун қалтис эканини Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари мисолида кўриш мумкин. Собиқ президент Асқар Ақаев ҳокимиятни қўлдан чиқармаслик мақсадида 2005 йил бошида қизи Бермет ва ўғли Айдарни парламент депутатлигига номзод сифатида кўрсатган эди. Натижада Бермет ва Айдар депутатликни қўлга киритди, аммо уларнинг отаси 2005 йил 24 мартидаги қўзғолон ортидан ҳокимиятдан қувилди. Айни пайтда бу оила Москвада қувғинликда яшамоқда.

Ақаевдан сўнг ҳокимиятга келган Қурманбек Бакиев ҳокимиятни ўз тимсолида мужассамлаштиришга ҳаракат қилди ва 2009 йилда ўғли Максимни мамлакатнинг барча молиясини назорат қилувчи Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлигига раҳбар этиб тайинлади. Бундан кўзланган мақсад Максим Бакиевни янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш эди. Бироқ у ўз лавозимидан шахсий бойлик ортириш мақсадида фойдаланаётгани халқнинг ғазабига учради. Охир-оқибат 2010йил 7 апрелдаги исён оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган Бакиев Беларусдан бошпана сўрашга мажбур бўлди.

Қирғизистон ва Туркманистон Марказий Осиё сиёсий спекторининг қарама-қарши томонларида жойлашган. Туркманистонни кўпроқ Шимолий Кореяга ўхшатишади, шунинг учун ҳам бу ерда тахтни ўз яқинига мерос қилиб топшириш амалиётга киритилиши ҳам мумкин.

Аммо Марказий Осиёда хонлар ва амирлар замони ўтиб бўлган, балки улар билан бирга оилавий бошқарув даври ҳам тарих қаъридан жой олган бўлса ажаб эмас.

XS
SM
MD
LG